Ўзбекистон | 07:34 / 18.06.2022
9600
2 дақиқада ўқилади

«Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонасининг музей филиаллари ташкил қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2026 йилларда Хоразм вилоятида жойлашган маданий мерос объектларини реставрация қилиш, уларга олиб борувчи инфратузилмани тиклаш ҳамда “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси филиалларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Маданий мерос агентлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг Араб Муҳаммадхон мадрасасида сақланаётган 56 мингта нодир топилма ва буюмлардан иборат экспонатларни сақлаш ва намойиш қилиш учун “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси янги музей филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Агентлик Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

  • “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг Кўҳна арк мажмуаси зарбхона биносида Хоразм хонлиги зарбхонаси тарихи музейи, Полвон қорий савдо уйи биносида Оқ масжид меннонитлари тарихи музейи, Хива тумани, Огаҳий уйида Огаҳий уй-музейи, Дешон-қалъада жойлашган Ҳазорасп дарвозасида Хоразм маданияти ва тарихи музейлари ташкил қилиниши;
  • музейлар низоми ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши;
  • музейларнинг штатлар жадвали белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда малакали кадрлар билан тўлдирилиши;
  • музейларга замонавий интерфаол ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши;
  • музейларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ташкил этилиши;
  • манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда музейлар экспозициясини музей ашёлари билан тўлдирилиши;
  • музейларга сайёҳларнинг кенг жалб этилиши чораларини кўради.

Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”, “Дишан-қалъа” ва бошқа маданий мерос объектларида реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишларини ҳамда уларга ёндош ҳудудларда қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишга фақат ЮНЕСКО Умумжаҳон мерос маркази билан келишув мавжуд бўлган тақдирда рухсат берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид