Жаҳон | 08:43 / 20.06.2022
6437
2 дақиқада ўқилади

Россиялик миллиардер Малкин Credit Suisse’дан 500 млн франк талаб қилмоқда

Миллиардер Виталий Малкин ўзини Швейцария банки молиявий маслаҳатчиларидан бирининг фирибгарлик ҳаракатлари қурбони деб ҳисобламоқда.

Фото: AFP

«Банк «Российский кредит»нинг собиқ президенти, «Эра» хайрия фонди асосчиси, миллиардер Виталий Малкин Швейцариянинг Credit Suisse банкини 500 миллион франк ундириш учун судга бермоқчи, деб ёзади Швейцариянинг Sonntagszeitung газетаси 19 июнь, якшанба куни.

Журналистларнинг маълумотига кўра, Малкин ўзини банк виждонсиз молиявий маслаҳатчисининг ҳаракатлари қурбони деб ҳисобламоқда ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда. Монакода яшовчи россияликнинг манфаатларини АҚШдан келган юридик фирма вакиллари ҳимоя қилади.

2018 йилда Credit Suisse банкнинг Лескодрон фамилияли молиявий маслаҳатчиси мижоз маблағларини ўзлаштиргани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм чиқарилганидан икки йил ўтгач, у ўз жонига қасд қилди. Sonntagszeitung нашрига кўра, Виталий Малкин унинг мижозларидан бири бўлган.

Виталий Малкин Грузия ҳукуматининг собиқ раҳбари, олигарх Бидзина Иванишвилининг собиқ бизнес шерикларидан биридир. Яқинда Бермуд ороллари суди Иванишвилини молиявий маслаҳатчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари қурбони сифатида Credit Suisse’дан миллион доллар товон пули олиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Бироқ, банкнинг ўзи қарорга эътироз билдириш нияти ҳақида эълон қилган. 

2015 йилдан бери бу борада олиб борилган барча текширувлар маслаҳатчи банк ичидан ҳеч қандай ёрдамга эга бўлмасдан, ёлғиз ўзи ҳаракат қилганини кўрсатди, деб маълум қилди 19 июнь куни Credit Suisse матбуот хизмати. У бу фирибгарликда банкнинг ўзи жабрланувчи эканлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид