Жаҳон | 18:44 / 21.06.2022
22825
9 дақиқада ўқилади

Батуми — сайёҳлар маскани. Денгиз бўйидаги шаҳардан репортаж

Батумининг бир томони денгиз, бир томони тоғлар. Бу ерга ташриф буюриб, нафақат денгиз соҳилида дам олиш, балки экотуризм имкониятларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Фото: Kun.uz

21 май кунидан Uzbekistan Airways компанияси Грузиянинг Батуми шаҳрига тўғридан тўғри рейсларни бошлади. Ҳозирда Тошкент-Батуми-Тошкент йўналишида ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари самолётлар қатнамоқда.

Ушбу шаҳарда 15 июн куни туризм мавсуми очилди, шу куни Uzbekistan Airways ва Грузия томони ҳамкорлигида ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар иштирокида медиатур ташкил этилди. Шу санадан коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилинди - энди аэропортда ПЦРнинг манфий натижаси ёки эмланганлик ҳақидаги сертификатни кўрсатиш талаб этилмайди.

Kun.uz вакили ҳам 18 июнга қадар давом этган ушбу саёҳатда иштирок этди, қуйида ушбу турдан репортаж тақдим этилади.

Ажария

Ажария — Грузиянинг энг ажойиб бурчакларидан бири. Бу ерга ташриф буюрган инсон бу ерда туризм тез суръатларда ривож топаётганига амин бўлади. Бунинг сабаблари кўп. Ажария табиати бойлиги ва турли-туманлиги билан мафтун қилади: Қора денгиз соҳили ва пурвиқор тоғлар, меҳмондўстлик, маданий обидалар, қалъалар, қадимий кўприклар, чиройли кўллар ва қишлоқлар. Бу ерда ўзингиз учун қадимий анъаналарга амал қилиб келувчи тамаддихоналарни кашф этишингиз, экотуризм ва ҳақиқий грузинча меҳмондорчиликни ҳис қилишингиз мумкин. 

Батуми - Ажариянинг асосий маркази, Грузиянинг Тбилисидан кейинги иккинчи йирик шаҳридир. Икки минг йиллик тарихга эга ушбу шаҳар архитектураси ранг-баранг, иқлими субтропик ва Шарқий Европа минтақасида асосий сайёҳлик йўналишларидан саналади.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон аҳолиси ҳам Грузияга визасиз кириши мумкин. Бугунги кунда Грузия дунёнинг энг хавфсиз мамлакатларидан бирига айланган. Батумига ўзбекистонликлар Тбилисидан автомобил, автобус ёки поезд орқали етиб олиши мумкин эди, энди эса тўғридан тўғри Тошкентдан самолётда ҳам учиш мумкин.

Грузия миллий валютаси - грузин лариси ҳисобланади. 10 лари 3 долларга баҳоланади. Шаҳарда барча жойда (ресторанлар, кафелар, маркетлар, шоппинг-марказлар) банк карталари билан харид қилиш мумкин. Аммо шаҳар ташқарисига чиққанда ҳамёнда нақд пул ҳам бўлиши керак.

Бошпана

Батуми кундузи ортиқча шовқинсиз, бирмунча осуда шаҳар, лекин тунда ҳам ҳаёт тўхтамайди. Бу ерга дунёнинг турли чеккаларидан сайёҳлар келишади, у ерга ёлғиз ҳам, оилавий бўлиб ҳам бориш мумкин.

Медиатур иштирокчилари беш юлдузли Hilton меҳмонхонасига жойлаштирилди. Шаҳарда Radisson, Sheraton каби бошқа машҳур меҳмонхоналар бренди ҳам мавжуд. 

Беш юлдузли меҳмонхоналарда номер брон қилиш ёзги мавсумда табиийки қимматлашади ва 200-250 долларгача чиқади, лекин бу пайтда 30-40 долларга ҳам яхши жойлар топилади. 

Меҳмонхона ёки квартира қаерда жойлашган бўлмасин, денгизга яқин бўлади, сал узоқроққа кетиб қолсангиз ҳам шаҳар жамоат транспорти ва такси хизмати жуда яхши ривожланган, нархлар ҳам арзон - исталган жойга тезда етиб бориш муаммо эмас.

Умуман олганда, Батумида меҳмонхона, апарт-меҳмонхона, guest-меҳмонхона, квартиралар топишда Airbnb ёки Booking’дан фойдаланиш мумкин.

Hilton меҳмонхонаси яқинидаги кўл / Фото Kun.uz
Соҳилнинг тунги кўриниши / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Миллий таомлар

Фото: Telegram / Sayohatdagi qaydlar

Грузия ошхонасида пишлоқдан кенг фойдаланилади, бу ерда ҳатто пишлоқли шўрва ҳам қилишади. Энг машҳур маҳаллий таом - хачапурининг кўплаб турлари бор (ажарча, мегрелча, имеретинча, лобиани, кубдари ва бошқалар) ва уларнинг барчасида пишлоқ ишлатилади. Хачапури 2019 йилда Грузия маданий мероси ёдгорлиги мақомини олган.

Грузинларнинг суюқ овқатларида сабзавотлар деярли ишлатилмайди, шўрвалардан энг машҳури эса харчо (мол гўшти ва гуручдан), шунингдек, қўзиқоринли чихиртма, мол оёғидан хаши, шечаманди (унда ҳам пишлоқ бўлади).

Грузияга борганда ўзбек ошхонасига бегона бўлмаган чахохбили, мантилар онаси - хинкали, бузоқ ёки мол гўштидан тайёрланадиган чашушули, чанахи ёки чакапули каби таомлардан ҳам татиб кўриш тавсия этилади.

Фото: Telegram / Sayohatdagi qaydlar

Денгиз, пляж ва эски бульвар

Денгиз порти. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Қора денгиз бўйидаги Батумидаги тошли пляж узунлиги 7 километрдан ошади - у жанубда аэропортдан шимолда портга қадар узанган.

Пляж текин. Бу ерда лежаклар 5 лари, соябон 10 лари. Соҳилда кўп ёмғир ёғади, лекин бу илиқ ёмғир бўлиб, ёмғир остида ҳам денгизга тушиш мумкин - денгиз суви ҳам илиқ.

Пляж. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Шаҳарда эски порт ҳам машҳур, бу ерда уникал архитектура ёдгорликларини учратиш мумкин.

Соҳилга параллел жойлашган бульвар ҳам бор.

Соҳил ёқалаб ўтган бульвар. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

19-асрда пайдо бўлган бу бульвар бугунги кунда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ва айланадиган асосий жойга айланган.

Олтин мўйна тутиб турган Медея. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
Нино ва Али ёдгорлиги. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Бульварда кўплаб кафелар, ресторанлар ва болалар майдончалари жойлашган.

Батумидаги аҳоли яшовчи уйлар. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Эски шаҳар доим сайёҳлар билан гавжум. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Экотуризм

Махунсети шаршараси.

Батумида 1912 йилда асос солинган, 108 гектар майдонни эгаллаган Ботаника боғи ҳам мавжуд. Бу ерда Шарқий Осиё, Шимолий Америка, Янги Зеландия, Жанубий Америка, Ҳимолай, Мексика, Австралия, Ўрта Ер денгизининг нам иқлим шароитли соҳиллари ва Кавказда ўсувчи дарахт ва ўсимликлар жамланган. Ташриф буюрувчилар боғ ҳудудини пиёда ёки боғга киришда ижарага бериладиган электромобилларда сайр қилишлари мумкин.

Мафтункор табиати туфайли экотуризм Ажариянинг етакчи туризм турларидан ҳисобланади. Минтақанинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бойлиги, шунингдек тарихий ва маданий ёдгорликлар кўплиги экотуризм учун қулай шароит ҳосил қилади. Ажарияда тўртта қўриқланадиган ҳудуд мавжуд: «Мтирала» миллий парки, «Кинтриши» миллий парки, «Мачахела» миллий парки ҳамда Кобулети қўриқхонаси. Бу жойлар қалин ўрмонзорлардан иборат ва субтропик ўсимликларга бой.

Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Денгиз ёқасидаги Ботаника боғи / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
Ботаника боғи / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
Тоғ қишлоғидаги узумзор / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Маданий туризм. «Гонио-Апсарос» қалъаси

«Гонио-Апсарос» қалъаси деворидан туриб олинган сурат. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Ажария маданий туризмнинг турли турларини тақдим этади: санъат обидалари, қадимги архитектура, ҳақиқий грузин меҳмондорчилиги, уникал ошхона ва динамик тунги ҳаёт. Қадимги замонларда пайдо бўлган «Хоруми» ва «Ажарули» рақслари грузин миллий ўзлигини намоён этади. Ажарларнинг «Гандагана» рақси Грузия номоддий маданий меросига киритилган. Ажария турли диний йўналишларга толерант ҳудуд - бу ўлкада масжидга ҳам, черков ёки монастирга ҳам, синагогга ҳам ташриф буюриш мумкин. Регионда кўплаб тарихий ва замонавий архитектура бинолари мавжуд, жумладан «Гонио-Апсарос» ва «Петра», римликлар даврида қурилган кўприклар.

«Гонио-Апсарос» Батумидан 12 км масофада, Чорохи дарёсининг сўл соҳилида жойлашган ва милодий 1-асрда римликлар томонидан барпо этилган. Ўзининг стратегик жойлашуви туфайли қалъа Қора денгиз шарқида дастлаб римликлар учун, кейинроқ византияликлар ва усмонли турклар учун таянч қалъа вазифасини ўтаган. «Гонио-Апсарос» тарихи аргонавтлар ҳақидаги миф билан ҳам боғланади. Афсонага кўра, шоҳ Аэт бу ерга Ясон томонидан ўлдирилган ўғли Апсаросни дафн этган.

«Гонио-Апсарос» қалъаси. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова (az_maxmood)
«Гонио-Апсарос» қалъасининг ички кўриниши. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
«Гонио-Апсарос» қалъасининг ички кўриниши. Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
«Гонио-Апсарос» қалъасининг ички кўриниши / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
«Гонио-Апсарос» қалъасининг ички кўриниши / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова
«Гонио-Апсарос» қалъасининг ички кўриниши / Фото муаллифи Азиза Саидмахмудова

Нима бўлганда ҳам бир марта Батумига боринг, кейин у сизни ўзига қайта ва қайта чорлайверади. Батумига боринг ва Европанинг шарқий чеккасидаги «Қора денгиз жавоҳири» ҳақида бошқаларга ҳам сўзлаб беринг.

Мавзуга оид