Мали марказидаги қишлоқларга уюштирилган ҳужумларда 130 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Мали расмийлари «Ал-Қоида» билан алоқадор «Катиба Масина» гуруҳини Мопти минтақасидаги қишлоқларга уюштирилган ҳужумларда айблади. БМТ тинчликпарвар кучлари ҳужумларни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
Мали марказидаги Мопти ҳудудида бир қатор аҳоли пунктларига уюштирилган қуролли ҳужумлар 132 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Бундай маълумотларни ғарбий Африка республикаси расмийлари 21 июнь, сешанба куни тақдим этди. Улар ҳужумларда «Ал-Қоида» билан алоқадор «Катиба Масина» террорчилик гуруҳини айблади.
Маҳаллий ҳукумат содир бўлган воқеани «қирғин» деб таърифламоқда. Маҳаллий амалдорлардан бирига кўра, ҳужумчилар ўнлаб одамларни ўлдиришдан ташқари, уларнинг кулбаларини ёқиб юборган ва чорва молларини ўғирлаган. Radio France Internationale хабарига кўра, 100 та мототциклда келган шахслар Мали армияси ва Россиянинг хусусий ҳарбий компанияларини қўллаб-қувватлагани учун қишлоқлар аҳолисидан қасос олишга киришган.
Брюссел фожиа муносабати билан Африка мамлакати халқига бирдамлик билдирди. Европа ташқи сиёсий фаолият хизмати баёнотида айтилишича, Европа иттифоқи «Мали ва Сахелдаги тинч аҳолига нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқбузарликлар кўлами ва давомийлигидан хавотирда». Европа иттифоқи шу ва аввалги қотиллик ҳолатларига «аниқлик киритишга», шунингдек, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.
БМТнинг Малида барқарорликни сақлаш бўйича тинчликпарвар миссияси (MINUSMA) ҳужум қилганларни қидиришда ёрдам беришини билдирди. Миссия вакили бу фожиани халқаро ҳуқуқнинг «жиддий» бузилиши деб атади. MINUSMA аъзолари маҳаллий ҳокимият органларига ярадорларни эвакуация қилиш ва уларга ғамхўрлик қилишда ёрдам беряпти.
2020 йил август ойида давлат тўнтариши натижасида ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга киритган Мали, қўшни давлатлар – Буркина-Фасо ва Нигер каби бир неча йиллардан бери жангарилар ҳужумларидан азият чекмоқда. Бу бир неча минг ҳарбий хизматчи ва тинч аҳоли вакилларининг ўлимига олиб келди, икки миллион киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Мавзуга оид
13:20 / 15.10.2024
Киев Малидаги исёнчиларга УУА етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди
07:51 / 06.08.2024
Киев: Малининг дипломатик муносабатларни узиш ҳақидаги қарори - шошқалоқлик
14:37 / 05.08.2024
Мали Киев билан алоқани узди
07:27 / 05.08.2024