Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахдаги метан заправкада «Жигули»нинг газ баллони портлаб кетди
Ҳодиса машинага ўрнатилган газ баллонга газ тўлдирилаётганда содир бўлган.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 23 июн куни соат 15:00 ларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани "Совунгарлик" МФЙ ҳудудида жойлашган автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор станциясида газ баллони портлаш ҳодисаси содир бўлган.
«ВАЗ-2106 Жигули» машинасига ёнилғи тўлдириш жараёнида унга ўрнатилган газ баллони портлаб кетган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, ҳалок бўлмаган. Бошқа транспорт воситаларига зарар етмаган. Портлаш туфайли ёнғин келиб чиқмаган, ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари чиқарилмаган.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, «ВАЗ-2106 Жигули» транспорт воситасидаги носозлик бахтсиз ҳодисага сабаб бўлган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги автотураргоҳда турган Isuzu юк машинасининг газ баллони портлаб кетган ва оқибатда бир нечта юк машиналари шикастланганди.