Ўзбекистон | 18:57 / 28.06.2022
7916
2 дақиқада ўқилади

Савдо-саноат палатаси раиси ректорлик ҳам қилади

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бир вақтнинг ўзида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ҳам раҳбарлик қилади. Институтнинг 3-4 курс талабалари ҳафтада уч кун Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопаркида амалиёт ўтайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда пахтачилик ва тўқимачилик масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Даврон Ваҳобов 1980 йилда Тошкент вилоятида туғилган, маълумоти олий — 2001 йилда Тошкент кимё-технология институтини, 2003 йилда Тошкент иқтисодиёт университетини, 2007 йилда эса Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.

Даврон Ваҳобов жорий йил мартида Савдо-саноат палатаси раислигига сайланганди. Бунга қадар у «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Йиғилишда тўқимачилик соҳасида мутахассислар тайёрлаш, илм ва изланиш бўйича Тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки яхлит тизим асосида ишлаши белгиланган.

Институтда янги ўқув йилидан:

  • 3 ва 4-курс талабаларини ўқитишда “дуал” таълим тизими жорий қилинади. Энди, улар ҳафтанинг уч кунида институтда назарий дарслар, қолган уч кунида тўқимачилик технопарки ва корхоналарда амалий ўқув машғулотлар асосида ўқитилади;
  • нуфузли хорижий тўқимачилик олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 6 та йўналишда талабалар алмашиш дастури йўлга қўйилади.

Мутасаддиларга элчилар билан бирга йил якунига қадар Туркия, Корея ва Ҳиндистон каби илғор тажрибага эга мамлакатлардан 40 нафар малакали ўқитувчиларни олиб келиш топширилди.

Шу билан бирга, Тўқимачилик технопаркини соҳага янги тажриба ва инновацияни олиб кирадиган марказга айлантириш вазифаси қўйилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид