Иқтисодиёт | 21:46 / 01.07.2022
30472
4 дақиқада ўқилади

Сўм – 28 ёшда: Миллий валюта эволюцияси

1994 йил 1 июлда сўм банкноталари илк марта муомалага чиқарилган эди. 2021-22 йилларда эса сўм билан боғлиқ энг эсда қоларли янгиликлар юз берди.

Фото: Kun.uz

1994 йил 16 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, 1994 йил 1 июлдан Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган миллий валюта – сўм муомалага киритилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда совет рубли пул бирлиги сифатида муомалада эди. 1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар босиб чиқарилган.

1993 йилнинг 15 ноябрида сўм-купон муомалага чиқарилган. Шундан сўнг 1 ҳафта ўтиб – 22 ноябргача газета қоғозида чоп этилган ва ташкилотининг муҳри уриладиган карточкаси қирқиб олинувчи бир марталик купонлар пул бирлиги сифатида муомалада бўлган.

Сўм-купонлар 9,5 ой муомалада бўлиб, 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистоннинг миллий валютаси – сўм муомалага киритилганидан сўнг ҳам, 1994 йилнинг 1 августига қадар амал қилган.

Сўм дастлаб 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ҳамда 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик қоғоз купюралар билан бир вақтнинг ўзида муомалага кирган бўлса, ўзбекистонликларга 1997-2001 йиллар оралиғида 200, 500, 1000 сўмлик купюралар таништирилди

Ўрта давр – 5 мингдан ва 10 минг сўмгача

2013 йилда Ўзбекистонда 5 минг ва 10 минг сўмлик пуллар муомалага чиқарилди. Шу билан ўтган 19 йил давомида миллий валюта энг кичик купюра – 1 тийинлик танга ва 1 сўмлик купюрадан то 10 минг сўмлик купюрагача бўлган йўлни босиб ўтди. Сўм муомала киритилганидан сўнг қарийб 20 йил ичида икки марта янги пуллар муомалага чиқарилди.

Беш йил: 4 хил янги пул, янги дизайн ва сўм рамзи

2017 йилдан кейинги давр миллий валюта учун катта ўзгаришлар босқичи бўлди.

2017 йилда ўзбекистонликларга бирданига иккита янги купюра – 50 ва 100 минг сўмлик пуллар таништирилди. Орадан икки йил ўтиб, 2019 йилда эса 100 минг сўмлик пуллар муомалага чиқарилди.

Шу билан 100 минг сўмлик пул бирлиги Ўзбекистондаги энг йирик купюра бўлиб қолди. Йирик купюраларнинг чиқиши банкоматларни оммалаштириш имконини берди.

Сўнгги бир йилдаги ўзгаришлар

Ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда муомалада бўлиб турган деярли банкнотлар дизайни янгиланди.

2021 йил давомида 2 ва 20 минг сўмлик янги номиналдаги пуллар чиқарилди, 5 ва 10 минг сўмликларнинг янги кўринишдагилари пайдо бўлди.

Шундан сўнг декабр ойида 50 ва 100 минг сўмлик пуллар ҳам янгиланди. Янги кўринишдаги банкнотлар чиқарилиши пулларда замонавий ҳимоя элементларини қўллаш ва банкнотлар тематикасини уйғунлаштириш билан боғлиқ эди.

Жаҳон амалиётида ҳар бир мамлакатда банкнотларнинг тасвирлари ягона мавзу атрофида мужассамлашган бўлиб, худди шу каби миллий банкнотлар дизайнини ҳам ягона мавзу атрофида бирлаштириш мақсад қилинганди. Бу мавзу Буюк ипак йўли ва мамлакатнинг қадимий тарихига қаратилган.

Шундай бўлса-да, эски кўринишдаги пуллар ҳам муомаладан чиқариб юборилмади. Регулятор эски пуллар табиий йўл билан муомаладан чиқарилишини маълум қилди.

Ягона кўриниши янгиланмаган банкнот – 1000 сўмлик бўлиб қолмоқда. Марказий банк эса уни янгилаш мақсади йўқлигини ҳамда унинг ўрнига тангалар муомалага чиқарилиши мумкинлигини маълум қилган.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 2024 йилда 200 минг сўмлик пуллар ҳам муомалага чиқарилишини ҳам маълум қилди.

Сўм билан боғлиқ сўнгги муҳим воқеалардан яна бири – сўм рамзининг ишлаб чиқилиши бўлди. Тармоқларда сўм рамзи кўпчиликка ёқмади. Уни Франциянинг “In-Core Systems” компанияси логотипига ўхшашлиги муҳокама қилингач, Интеллектуал мулк департаменти ҳуқуқий жиҳатдан бу масалада ҳеч қандай муаммо йўқлигини тушунтирди. Департаментга кўра, қонунчиликда пул белгилари муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмаслигини ёзиб қўйилган.

Сўнгги маълумот ўрнида: Сўм “туғилган” кунда валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўм бўлган бўлса, орадан 28 йил ўтиб 1 долларнинг расмий курси 10 850 сўмни ташкил қилмоқда.

Мадина Очилова

Мавзуга оид