Ўзбекистон | 21:29 / 01.07.2022
40738
3 дақиқада ўқилади

Тонировкачилар: “Ўн йил эсламаган танишларимиз ҳам эслаб қолишди”

Kun.uz Тошкентда автомобил ойналарини қорайтириш билан шуғулланаётган усталар ва уларнинг хизматидан фойдаланаётган ҳайдовчилардан нарх-наво ва “тонировка”нинг турлари ҳақида сўради.

Бугундан бошлаб Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш учун пул тўлаб рухсат сотиб олиш тартиби бекор қилинди.

Автомобилнинг олд эшиклари “тонировка”си учун рухсатнома нархи эса 6 баробарга арзонлашиб, 2 млн 160 минг сўмга тушди.

Талаб ошгани ортидан, ойна қорайтириш учун ишлатиладиган плёнкалар ва уларни ёпиштириб бериш хизматларининг нархи ҳам кўтарилган.

Тошкентда Kun.uz суҳбатлашган усталарнинг айтишича, автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириб бериш (плёнка ва хизмат нархи қўшилганда) нархи 200 минг сўмдан, орқа ва олд ён ойналар “тонировка”си 600 минг сўмдан бошланади.

Автомобилнинг русуми ва плёнканинг сифатига қараб, нархлар кўтарилиб бораверади. Сифатли плёнкалар қуёшдан самаралироқ сақланиш ва автомобил ичидан ташқарини яхшироқ кўриш имконини бериши билан ажралиб туради, бу хусусиятларини узоқ йиллар сақлаб қолади.

“Ҳар куни кўп одам автомобил ойнасини қорайтиришга келишяпти. Бугун 15 тача одам келди. Ҳар куни кечқурунгача қолиб ишлаяпмиз”, дейди ойна қорайтириш билан машғул усталардан бири.

“Жараён тезлашиб кетди, худди ҳаёт тезлашиб кетганидек. 10 йил олдин танишган инсонлар ҳам эслашмоқда. Телефон рақамларимиз ҳаммага тарқалиб кетди”, дейди бошқа бир “тонировка”чи.

Биз мижозларнинг фикри билан ҳам қизиқдик.

Орқа ойналарни қорайтириш текин бўлганидан жуда хурсандмиз. Олд ойналар учун ҳам бугун my.gov.uz порталидан рухсатнома олдик. Орқа ойналаримизга 100 фоизли, олд ойналаримизга эса 50 фоизли “тонировка” қилдирдик. Умумий нархи 100 долларга айланди. Мана энди қуёшга чиқиб юриб кўрамиз”, дейди Captiva ҳайдовчиси.

“Мен ҳозирча автомобилимнинг орқа ён ойналарига “тонировка” торттирдим. Биринчи ўринда фарзандлар ва ёши улуғ инсонларни ўйладик. Кейинроқ олд ойналарини ҳам қорайтирамиз. Орқа ойналаримиз учун 200 минг сўм сарфладик. Нархи яхши. Ҳа, энди автомобиллар сони кўпроқ, лекин навбат билан кутсак, қилиб беришади”, – дейди бошқа бир мижоз.

Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан автомобилларнинг орқа ён ойналарини 70 фоизгача қорайтиришга рухсат берилди, бунгача чеклов 50 фоизлик эди ва аксарият амалиётда бунга риоя этилмаётганди. 

Мавзуга оид