Ўзбекистон | 23:30 / 06.07.2022
119671
3 дақиқада ўқилади

Нукус воқеалари: Намойишчилар Тажимуратовни Қорақалпоғистон раҳбари деб эълон қилмоқчи бўлган

1 июл куни Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда бошланган намойишлар тартибсизликка айланиб кетганди. Намойиш етакчиси Даулетмурат Тажимуратов масжид ёнида ва Нукус деҳқон бозори ичида намойишчиларга Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиши ва ўзини республика раҳбари деб эълон қилиш бўйича даъватлар қилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

6 июл куни бир қатор ОАВ вакиллари Нукус шаҳрида бўлдилар. Миллий гвардия минтақавий бўлимида жорий йилнинг 1-2 июл кунлари бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ҳақида қўшимча маълумот берилди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Миллий гвардия расмийларининг маълум қилишларича, намойишлар аниқ режа асосида ва конкрет шахслар томонидан мувофиқлаштириб турилган. Чунки қисқа вақт ичида жуда кўпчилик сафарбар қилинган, уларга спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар тарқатилган. Бу факт намойишчилар орасида тан жароҳати олиб вафот этган 14 нафар шахсдан 13 нафарида мурдаси суд-тиббий экспертизадан ўтказилган таҳлилларда спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар топилгани ҳамда кўплаб суриштирувлар натижасида тасдиғини топган.

Дастлаб 1 июл куни аҳолини ижтимоий тармоқлар орқали ноқонуний намойишга чорлаган Даулетмурат Тажимуратов профилактик суҳбатга чақирилган. Бундан хабар топган бир гуруҳ шахслар шаҳар ички ишлар бошқармасига етиб бориб оммавий тартибсизликлар уюштирган. Кейинчалик тартибсизликлар Нукус деҳқон бозорида ҳам давом этган. Намойишчилар билан учрашиш учун Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камолов етиб боради ва тўпланганлар билан мулоқот қилишга киришади. Намойишчилар Тожимуратовни олиб келишни талаб қилиб, қичқирадилар ва бу талаб бажарилиб Тожимуратов уларнинг олдига олиб борилади.

Айнан мана шу жойда автомобилнинг томи устига чиққан Даулетмурат Тажимуратовни бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари деб эълон қиладилар ва бунинг рамзи сифатида чопон кийдирадилар. Тожимуратов ўз сўзларини шу чопонни кийган ҳолда давом эттиради ва Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидан чиқаришга ва ўзини янги давлат раҳбари деб тан олишга оид чақириқлар қилади. Ноқонуний намойиш давомида унинг тарафдорлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларига жиддий қаршилик кўрсатишган.

Айни пайтда Тажимуратов Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) билан айбланмоқда.

Мавзуга оид