Ўзбекистон | 17:30 / 06.07.2022
19217
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нукусдаги воқеаларда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди

Президент шифохоналарда даволанаётган беморларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаган.

Президент Шавкат Мирзиёев архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор аввалида Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтди.

«Бу ерда содир бўлган нохуш воқеалар барчамизда ташвиш ва изтироб уйғотиши табиийдир.

Нукус шаҳрида юз берган воқеалар натижасида, афсуски, бир қанча фуқаролар ҳалок бўлди ва жабр кўрди.

Шу муносабат билан ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман.

Мана шундай дақиқаларда тинчлик ва инсон ҳаёти нақадар бебаҳолигини, уни асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини, бунга барчамиз масъул эканимизни янада чуқур ҳис этамиз», деган президент.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда 1-2 июл кунлари рўй берган тартибсизликлар чоғида 18 киши ҳалок бўлди, шундан 14 нафари намойишчилар, 4 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари. 

Шунингдек, тартибсизликлар натижасида 243 нафар фуқаро шифохоналарга мурожаат қилган. Уларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришига рухсат берилган. Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда. Жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.

Мавзуга оид