Қорақалпоғистондаги митинглар ахборот хуружлари таъсирида бошландими? — сиёсатшунос билан суҳбат
Қорақалпоғистондаги воқеалар атрофида бир қанча қарашлар, муносабатлар билдирилди. Баъзилар: «Оддий халқнинг ўз фикрини билдириши ташқи кучлар, провокаторлар томонидан ноқонуний ҳаракатларга айлантириб юборилди», деб ҳам айтишмоқда. Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунос олим Сайфиддин Жўраев шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Сайфиддин ака, Қорақалпоғистонда митинглар бошланиб кетиши ва кейин унинг радикал тус олиб кетиши ҳақида сиёсатшунос сифатида қандай фикр билдира оласиз?
— Намойишларнинг «юқори даражада» ва бирданига ташкил этилгани ҳар томонлама (олдиндан) тайёргарлик кўрилганини кўрсатади. Булар қуйидагиларда кўринади.
Биринчиси, мана, ҳамма ерда (қонун лойиҳасининг) муҳокамаси бошланганидан кейин, 2-3 кун ўтиб, бунинг кенг муҳокамаси учун Telegram-канал ташкил қилинди. Шу Telegram-канал ташкил қилинганидан кейин, соатига 5-6 минг киши аъзо бўлишни бошлади. Мана шу ҳолатдан, яъни катта аудиториянинг бирданига йиғилиши олдиндан тайёрлаб қўйилган. Мен нимага асосланиб айтяпман? Бундай сценарийлар биринчи марта бўлиши эмас. 5-6 йил аввал Араб баҳорида, кейин Украина, Сербияда, яна қўшни давлатларда ҳам бўлди. Биз бу нарсаларни кўрганмиз, ўзимиз ўрганганмиз.
Кўпчилик буни ахборот уруши дейиши мумкин, мана шу орқали аҳолини давлат сиёсатига тескари қилиб қўйиш, турли норозиликларни юзага келтириш мумкин.
Кечаги воқеаларга қарайлик, Telegram-канал очилди, иш кетяпти, бироздан кейин каналда бирданига тезислар (йўл-йўриқлар) пайдо бўла бошлади. Масалан, ҳукуматга қарши бўлиш учун қандай гаплар билан мурожаат қилиш керак, кимларни ҳақорат қилиш керак ва кимларни мақташ керак? Бунинг устига мана шу тезисларда Конституцион ислоҳот қорақалпоқларнинг манфаати учун эмас, уларнинг обрўйини ерга уриш, Қорақалпоғистон мустақиллигини йўқотишга қаратилган, деб ёзилган гапларни ҳам тарқатишган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳам бир қанча инсонлар қизил кийимларда юрганини кўриш мумкин. Бу яққол намоён бўладиган образ ҳисобланади. Улар узоқдан, ҳар 3 кишига айтиб турадиган, йўналтириб турадиган одамлардир. Кераклича одамлар йиғилгач, мана шу инсонлар оломонни секин ҳукумат бинолари томон йўналтиришни бошлайди.
Яна бир ҳолатни ҳам кузатдик, ижтимоий тармоқларда «конкрет» бир ҳаракатга ўтиш керак деган тезислар ҳам тарқатилди. Ҳамма нарса пишди, энди улар барча ҳуқуқ-тартибот ходимлари намойишчилар томонига ўтгани, энди идораларга бориш ва ўзларини ҳимоя қилиш учун қурол олиши кераклиги, умуман шунга ўхшаш чорловларини ҳам кузатдик. Мана шунга ўхшаш тезислар, йўл-йўриқларнинг доимий равишда келиб тургани ҳам ташқи кучлар таъсири борлигининг бир элементи ҳисобланади.
— Намойишчиларни бошқариб турувчи инсонлар, провокаторлар бўлганини айтиб ўтдингиз. Лекин барибир мана шу митингларга чиққанларнинг аксариятини оддий аҳоли ташкил қилган. Оддий фуқароларнинг қурол ишлатадиган даражагача келиши учун ҳам қандайдир жиддий сабаб керак эмасми?
— Эътибор қаратадиган бўлсак, намойишчиларнинг бир гуруҳи ўртага шиор ташлайди, яъни «Ўлдир! Ур! Ол қуролини! Тош от!» деяпти, худди буйруқ бергандек. Мана шу таъсирлар натижасида одамлар ҳам тошларни отди. Бунинг устига психотроп дори воситалари ҳам бунга ўз таъсирини кўрсатган.
Хулоса қиладиган бўлсак, инсонларнинг руҳиятига таъсир қилиш орқали шу ҳолатгача олиб келингани ва психотроп моддаларнинг таъсири, қизил кийимдаги «бошлиқ»ларнинг йўналтириши билан қуролларни олиб, ундан фойдаланишгача боришган.
Шунинг учун буни биринчи навбатда ўрганиш, кузатиш ва бундай ҳолатгача олиб келадиган сабабларга йўл қўймаслик керак.
— Демак, бу воқеани яхшилаб ўрганишда уни келтириб чиқарган сабабларнинг олдини олиш керак. Нима деб ўйлайсиз, сабаблардан бири сифатида давлатнинг ҳам таъсири борми?
— Менимча, жамоатчиликка шу ҳолат (Конституцион ислоҳот)ни тушунтириб, ичига кириб бориш ва ташвиқот ишларини олиб бориш етарли даражада бўлмаган. Агар оддий аҳоли билганида эди, бунақанги оқибатларга олиб келмаган бўлар эди.
Бу ерда билмаслик, хабардор бўлмаслик ҳам сабаб бўлган, демак, биз бундан кейин ҳам мана шуларнинг олдини олишимиз керак бўлади.
Шунингдек, ахборотга қарши ахборот сиёсатини олиб бориш орқали ҳам бунга қарши ишласак бўлади. Ахборотни самарали қилиб, бировга ёқадиган тарзда бериш ҳам одамларни кўчага намойиш учун олиб чиқиши мумкин. Агар қарши курашадиган бўлсак, бизнинг ишларимиз ҳам мана шундай, ҳатто устун бўлиши керак.
Шу ерда яна бир нарсани айтиб ўтишим керак, ташқаридан туриб мана шу ишларни қилаётган инсонлар битта хатога йўл қўйишди. Ўйлашгандики, ўзбеклар ва қорақалпоқлар ўртасида жанжал бўлади. У ерда қорақалпоқлар, ўзбеклардан ташқари, қозоқлар, яна бошқа миллатлар ҳам яшайди. Ғаразли ниятдаги ташқи кучлар эса мана шу миллатлар ўртасида катта жанжал юзага келиб, беқарорликлар бўлиб кетади деб ўйлаганди. Улар адашган эди, энди эса улар билиб қўйишади. Бу ерда миллатлараро жанжал келиб чиқмайди. Айниқса, қорақалпоқ ва ўзбеклар ўртасида.
Мавзуга оид
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
10:26 / 02.07.2024
Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси
12:31 / 01.07.2024
Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди
08:27 / 20.06.2024