Ўзбекистон | 11:39 / 19.07.2022
12341
2 дақиқада ўқилади

237 нафар меҳнат мигранти Корея Республикасига ишлаш учун етиб борди

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган меморандумга асосан фуқароларимизни малака талаб этилмайдиган Е-9 ишчи визаси бўйича ушбу давлатда ишлаш тартиби белгиланган. Мазкур виза орқали юртдошларимиз ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлаш учун юборилмоқда.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

2020 йилда пандемия сабабли барча ишчи кучи етказиб берувчи давлатлар қаторида, юртдошларимизнинг ушбу давлатга оқими сезиларли даражада қисқарган эди. Корея Республикаси махсус комиссиясининг қарорига асосан чет эллик ишчиларни Корея давлатига киришига рухсат берилгач, 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида пандемия чекловлари шароитида 915 нафар фуқаро ташкилий тарзда жўнатилди. 2022 йилнинг ўтган даврида Корея Республикасидан меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган фуқароларнинг 1896 нафари иш жойига қайтиб кетган ҳамда Е-9 виза тури бўйича 2 минг 200 нафардан ортиқ фуқаро ташкилий тарзда жўнатилди.

Ҳозирги вақтда икки давлатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ушбу жараёнлар тўлиқ тикланди. Натижада 18 июль куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ташкилий тарзда янги Е-9 визаси ва қайта шартнома асосида 237 нафар меҳнат мигранти Корея Республикасига кириб борди.

Юртдошларимиз Инчон халқаро аэропортида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси ҳамда Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари томонидан кутиб олинди.

Ваколатхона ходимлари томонидан Е-9 визаси билан янги кириб келаётган меҳнат мигрантлари иш жойларини ўзгартирмасдан қонуний ишлаши, мазкур давлатнинг қонунчилигига мувофиқ фаолият юритиши келгусида ўзбекистонлик ишчилар учун талаб ортишига сабаб бўлиши тушунтирилди.

Мавзуга оид