Ўзбекистон | 16:39 / 22.07.2022
3514
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида бепул ва юқори тезликдаги Wi-Fi ишга туширилди

Тошкент аэропортида бепул Wi-Fi уланиш имконияти яратилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

Қайд этилишича, Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар ва меҳмонлар учун интернет тармоғига уланиш учун Wi-Fi тармоғи ишга туширилди. «Ўзбектелеком» компанияси билан биргаликда алоқа каналларини улаш ва жиҳозларни ўрнатиш бўйича барча ишлар якунланган, терминал мажмуаси бутун ҳудуди, Wi-Fi тармоғи билан жўнаб кетиш ва учиб келиш заллари тўлиқ қамраб олинди. 

Интернетга уланиш учун аэропортга ташриф буюрувчилар #TASAirportUzcloud Wi-Fi тармоғини қидириб топиши ва «Уланиш» тугмасини босиши керак. Тизим фойдаланувчиларни авторизация саҳифасига йўналтиради ва у ерга мобил телефон рақамини киритиш лозим бўлади. Авторизацияни тасдиқлаш учун кўрсатилган рақамга СМС хабар юборилади.

Шундан сўнг, тизим пулли ва бепул кириш имкониятларини таклиф этади. Агар тизимдан бепул фойдаланиш танланса, тизим учта қисқа рекламани кўрсатади, шундан сўнг интернетга киришни таъминлайди. Пулли хизмат танланса, тизим тегишли тариф режасини танлашни таклиф қилади ва тўлов амалга оширилгандан сўнг тариф режасига мувофиқ вақт учун чексиз интернетга кириш тақдим этилади.

Мавзуга оид