Чироқни ўчиринг. Европа Россия газисиз қишга ҳозирланмоқда
Европа Иттифоқи қишни рус газисиз ўтказа олмаслигини тан олди ва юзага келган энергоинқироздан чиқиб кетишнинг ягона йўли уни тежаш эканини тушуниб етди.
Аввалига Европа ёздаёқ газ захираларини тўлдириб олмоқчи бўлди, аммо бу режани «Газпром» йўққа чиқарди. Россия газининг ўрнини босадиган бошқа таъминотчи топиш имконсиз, шу сабаб Еврокомиссия иттифоққа аъзо бўлган 27 давлатга иситиш мавсуми бошланишига ҳали 3 уч ой бўлишига қарамай энергияни тежашга киришишни тавсия қилди.
«Россия газдан урушда қурол сифатида фойдаланаётган бир вақтда Европа Иттифоқи рус гази кейинчалик фақат камайиб бориши кўринишидаги хатарга дуч келди. Иттифоқ давлатларининг ярми ҳалитдан Россиядан етарли миқдорда газ олмаяпти. Ҳозирданоқ чоралар қабул қилиш орқали янада оғир оқибатларнинг олдини оламиз ва газ оқими бутунлай узилишига ҳам тайёр бўлиб борамиз», дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Уч йил аввал «Газпром» Европага кунига 500 миллион кубометр газ сотган. Жорий йил май ойида бу кўрсаткич кунига 250 миллион кубометргача тушиб кетди. Июл бошида эса Россиядан кўҳна қитъага кунига 140 миллион куб газ ўтди. 11 июл куни Россия Европага газ берадиган асосий ўтказгич «Шимолий оқим»да таъмирлаш бошлангани иддаоси билан газ узатишни рекорд даражагача пасайтирди – кунига 80 миллион кубометр.
Июн ойигача «Газпром» «Шимолий оқим» орқали Европага кунига 170 миллион кубометр газ ҳайдарди. Июн ойи ўртасига бориб бу рақамлар 68 миллион кубометргача камайиб кетди. Бунга сабаб сифатида компрессордаги қувурлар таъмирлаш учун Канадага юборилгани айтилди.
21 июл куни Россия «Шимолий оқим» орқали Европага газ узатишни тиклади, аммо Путиннинг айтишича, таъминот 26 июлда яна узиб қўйилиши мумкин. Оқибатда кунлик газ оқими 30 миллион кубометргача тушиб кетади.
Путин навбатдаги таъмирлаш ишларига очиқчасига масхараомуз тарзда ишора қилди: «Адашмасам, июл ойининг охирларида, 26 санада бўлса керак, регламент бўйича навбатдаги машина таъмирлашга юборилиши керак, шундай эмасми? Таъмирланган қувурларни қандай оламиз, билмаймиз. Агар улар келса, яхши, иккита машина ишлайди, келмаса, кунига фақат 30 миллион кубометр газ ҳайдалади», деди Путин.
Россия президенти Европани газ орқали шантаж қилаётганини рад этди ва бунга Европанинг ўзини айблади: «Бунда «Газпром»нинг нима айби бор? Битта йўналишни, кейин яна биттасини санкцияга туширишди, газ қазиб оладиган станция ҳам санкцияга тушди. «Газпром» қанча керак бўлса қазиб олишга тайёр. Ахир уларнинг ўзи ҳаммасини ёпиб қўйишди», деди Путин.
Канада Siemens таъмирлаш учун юборган газ қувурларини Россияга юборганини хабар қилганди. Бу учун АҚШдан ҳам махсус розилик олинган.
Европаликлар Путинга ишонишмади
Европа Иттифоқи давлатлари Путин айёрлик қилаётганига ишонмоқда. Уларнинг наздида таъмирлаш шунчаки баҳона. Еврокомиссия баёнотида айтилишича, Россиянинг нархни оширишга қаратилган бундай ҳаракатларидан яхшилик кутиш керак эмас, аксинча вазият фақат ёмон томонга ўзгаришига тайёр бўлиш керак.
«Бундай рискларни ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқи дефицит ошиб боришига ва ҳатто Россия газни тўлиқ ўчириб қўйишига аллақачон тайёрланишни бошлади», дейилади ЕИ баёнотида.
Дунёдаги энг йирик сиёсий кенгаш бўлмиш Европа Иттифоқи барча аъзо 27 та давлатга 2023 йил март ойига қадар газ истеъмоли ҳажмини 15 фоизга қисқартиришни таклиф қилди. Агар бу таклифларни аввалига 27 давлатнинг ЕИдаги элчилари, кейинчалик энергетика вазирлари тасдиқласа, уларни бажариш мажбурий бўлади. Бу тақдирда Европа Иттифоқи форс-мажор ҳолатда газ ва электрни чеклаш имконига эга бўлади. Чунки газ ва электр биринчи навбатда касалхоналар, мактаблар ва ҳаётий зарур ишлаб чиқаришлар учун берилиши керак бўлади.
Газ иқтисодиётни бўғади
Энергоуруш Европа Иттифоқининг коронавирус пандемиясидан кейин энди ўзига келаётган иқтисодиётига жиддий зарба бўлди. Дунёнинг иккинчи иқтисодиёти бўлмиш Европа Иттифоқи иқтисодий прогнозларни кескин камайтирди. Ҳисоб-китобларга кўра, ЕИ иқтисоди йилнинг иккинчи ярмига ўсишга эришмайди. Йиллик ўсиш ҳажми фақат биринчи яримйилликдаги кўрсаткичлар сабабгина ошиши мумкин.
«Россиянинг Украинага босқини дунё иқтисодиётига зарар келтиришда давом этмоқда. Москванинг ҳаракатлари энергия ва озиқ-овқат бозоридаги ҳолатни издан чиқаради, нархларни оширади, истеъмолчиларнинг келажакка бўлган қизиқишини сўндиради», дейди еврокомиссар Паоло Жентилони.
Бу инқирозга қарши курашиш осон иш эмас. Европа Иттифоқи уруш бошланиши билан рус газидан воз кечиш ҳисобига келиши кутилган ва иқтисодиётни қайта қуришга сарфланиши айтилган 300 миллиард еврони топа олмаяпти. Етмаганига миллийлаштириш ортидан энергокомпаниялар катта зарар кўриши мумкин.
Эксперт Хавиер Бласнинг фикрича, Европа Иттифоқи келажакда электр энергияси ва иссиқлик таъминотидаги муаммоларни ҳал қилиш учун камида 200 миллиард евро сарфлашига тўғри келади. Энергомакондаги жиддий муаммони тўлиқ ҳал қилишга камида ярим триллион евро кетиши мумкин.
Шунингдек, барча муаммоларни ҳал қилиш баробарида Европа Иттифоқи қишда Қатар, АҚШ ва бошқа алтернатив таъминотчилардан катта миқдорда газ сотиб олиши керак. Аммо шунақасида ҳам «Газпром» берадиган газнинг ўрнини боса оладиган таъминотчининг ўзи йўқ. Урушгача ЕИ давлатлари газнинг 40 фоизини руслардан сотиб оларди. Ҳозир бу кўрсаткич 25 фоизгача пасайтирилди. Аммо эҳтиёжни янада камайтириш осон кечмайди. Ҳозир Россия Европага 2016-21 йилларда берган газ миқдорининг ўртача учдан бирини ҳам сотмаяпти.
Келаси йилда Европа рус гази импортини учдан бир қисмга, ҳатто икки бараварга, 2024 йилда эса учдан икки қисмга камайтириши мумкин. Агар Россия бу вақтда газни узиб қўйган бўлмаса, албатта. 21 июл кунини Европа қўрқув билан кутди, чунки Россия газ таъминотини тикламаслиги ҳам мумкин эди. Ҳозирча руслар кам миқдорда бўлса ҳам газ ҳайдашни тиклади, аммо Путиннинг сўзларига кўра, 26 июл куни навбатдаги таъмирлаш ўтказилиши мумкин. Агар Путин ниманидир адаштириб юборган бўлмаса...
Мавзуга оид
18:17 / 08.11.2024
АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди
22:23 / 30.10.2024
АҚШ Россия «дўстларига» қарши санкциялар киритди
20:56 / 14.10.2024
Европа Иттифоқи Молдова бўйича санкциялар рўйхатини кенгайтирди
09:00 / 04.10.2024