«Давлат тили тўғрисида»ги қонунни қайта кўрмаслик бўйича қарор қабул қилинган
Олий Мажлис қонунчилик палатаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни Қонунчилик палатасининг бундан буёнги кўриб чиқишидан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилган. Бу ҳақда қонунчилик маълумотлари миллий базаси маълумотига асосланган ҳолда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси – Спикер Нурдинжон Исмоилов имзолаган қарорда (2022 йил 12 апрел №2027-IV-сон):
“1. «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бундан буёнги кўриб чиқишидан олиб ташлансин.
2. Ушбу Қарор маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин”, – дейилади.
«Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг «туғилибоқ бўғилган» янги таҳрири ҳақида
Кўплаб зиёлилар, ўзбек тили фидойилари 1989 йил 21 октябрда, Ўзбекистон ҳали совет мустамлакаси пайтида қабул қилинган ва кейинчалик айрим ўзгартиришлар киритилган «Давлат тили тўғрисида»ги қонун жуда бўш ва қўрқоқлик билан ишлангани, унда ҳатто ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган ё берилмагани очиқ савол бўлиб қолаётганини айтишади.
Қонун номукаммаллигини қўшни давлатларнинг шундай қонунлари матни билан танишиб чиқиш асносида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жумладан, Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонун 5 минг 187 белгидан иборат бўлса, Қозоғистонда 15 минг 13 белги, Озарбойжонда 12 минг, Туркманистонда 15 минг 468, Қирғизистонда 14 минг 63, Тожикистонда 8 минг 600, Россия Федерациясининг давлат тили тўғрисидаги қонуни 10 минг 158 белгидан иборат. Бунда Марказий Осиёдаги энг «кичкина» қонун шу минтақадаги энг катта давлатга тегишли бўлиб чиқяпти.
Шунингдек, қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани белгиланган.
Бироқ адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов тили билан айтганда, бу «қалтис» гап учун кейинги моддада «узр» сўралади:
«2-модда. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди».
Қонундаги бу каби «майинлик» ва номукаммалликлар бошқа моддаларда ҳам давом этган.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва кўплаб зиёлилар бирга ишлаган янги таҳрири лойиҳаси 2020 йил 15 май куни Вазирлар Маҳкамаси номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилганди.
Бироқ қонун лойиҳасини кўриб чиқиш давомида унинг тарихий аҳамиятини англамаган айрим депутатлар лойиҳанинг қатор моддаларига қарши бўлишди ва ушбу нормалар лойиҳадан олиб ташланди.
2021 йил 24 май куни Олий Мажлис қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни бир қадар тўмтоқ бўлса-да, ниҳоят қабул қилди.
Қонун бир ой ўтиб, 26 июн куни энди Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди ва маъқулланди.
Шу билан жараёнда ҳаммаси бир текис кетаётган ва қонун тезда кучга кириши керакдек эди. Аммо шундан кейин деярли бир йил вақт ўтса-да, қонуннинг кейинги тақдири ва унинг қаерда экани ноаниқлигича қолаверди.
2021 йил 19 ноябрда АОКАда ўтган матбуот анжуманида эса бу қонуннинг кейинги тақдири нима бўлгани ҳақида Kun.uz мухбири берган саволга жавобан, сенаторлар қонун ҳали Сенатга келиб тушмаганини айтиб, «қовун туширишди». Ҳолбуки қонун аллақачон Сенатда маъқулланиб бўлганди.
Қонунчилик палатаси йиғилиши қароридан кўриниб турибдики, Сенат томонидан маъқулланган ва президентга имзолаш учун юборилган қонун президент томонидан 2022 йил 25 мартда яна Қонунчилик палатасига қайтарилган бўлган.
«Кўриб чиқишдан олиб ташлаш» нимани билдиради?
Қонунчилик палатасининг 12 апрелдаги қарорида «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бундан буёнги кўриб чиқишидан олиб ташланиши айтилган.
Хўш, қарордаги «бундан буёнги кўриб чиқишидан олиб ташлаш» сўзлари нимани англатади?
Дейлик, президент қонунни камчиликлари учун қайтариб юборган бўлса, депутатлар нега ўша камчиликларни тўғрилаб қайта муҳокама қилишмади? Қонуннинг кейинги тақдири-чи, нима бўлади?
Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб олиш учун Қонунчилик палатаси спикерининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бўйича ўринбосари Одил Тожиев билан боғланди.
Аммо Тожиев ўз изоҳида шунчаки «сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга қаранг», – дейиш билан чекланди. Бироқ Қонунчилик палатаси бу ҳақда жамоатчиликка бирор маълумот бермаган.
Қонунчилик палатасининг шахси сир қолиши шарти билан гапирган бошқа бир депутати эса қонуннинг қабул қилинмай қолишини унинг ўта сиёсий масалалиги ва бу борада сиёсий онгда сақланиб қолаётган қўрқув билан изоҳлади.
«Ҳа, депутатлар бирор қонун палатага қайтиб келаркан, уни қонун ташаббускорига қайтариб юбориши ёки камчиликларини тўғрилаб, қайта кўриши мумкин. Лекин раҳбарият уни шунчаки Вазирлар Маҳкамасига қайтариб юборишни маъқул кўрди. Тинчини ўйлади.
Ўша куни бу масалада бирор депутатга ҳатто гапириш имкони берилмади ва қонун борасидаги муҳокамалар 100 фоиз овоз билан ёпилди», – дейди манба.
Депутатнинг қўшимча қилишича, қонунчиликда «кўриб чиқишдан олиб ташлаш» дегани ўша қонуннинг лозим топилса, камида 6 ойдан кейин қайта муҳокамага киритилиши мумкинлигини англатади.
Демак, айни пайтда Вазирлар Маҳкамасида бўлган қонун (энди қонун дейиш аҳамиятини йўқотган) лозим топилса, яна 6 ойдан кейин қайта муҳокамага киритилиши мумкин.
Илёс Сафаров
журналист
Мавзуга оид
19:08 / 25.10.2024
Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
20:34 / 31.08.2024