Ўзбекистон | 16:35 / 01.08.2022
17112
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Twitter блокдан чиқарилди

Twitter, WeChat ва “Вконтакте”га қўйилган тўсиқларнинг олиб ташланиши Президент администрациясидаги кадрлар ўзгариши ортидан рўй бермоқда. Аввалроқ Сардор Умрзоқов администрация раҳбари, Комил Алламжонов эса унинг ўринбосари этиб тайинланган эди.

Фото: Dado Ruvic / Reuters

Ўзбекистонда бугун, 1 августдан бошлаб Twitter, WeChat ва “Вконтакте” ижтимоий тармоғига қўйилган тўсиқ олиб ташланмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади.

“Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради”, – дейилади АОКА баёнотида.

Тўртта платформага қўйилган тўсиқнинг олиниши Президент администрацияси раҳбариятидаги ўзгаришлар ортидан рўй бермоқда. Ўтган ойда Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнига Сардор Умрзоқов Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. Комил Алламжонов Администрация раҳбарининг ўринбосари бўлди.

“Блоклаш фақат зарар ва ахмоқлик”, – дея ёзди Алламжонов бугун ўз Telegram-каналида.

Янгилик юзасидан президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам муносабат билдирди.

“Президентимиз сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири экани ва у изчил давом эттирилишини бир неча бор таъкидлаганлар.

Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат”, – дея баёнот берди Асадов.

Twitter, TikTok, WeChat ва “Вконтакте” ўтган йилнинг 2 июл куни блоклаб қўйилган эди.

Бунга “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган 27-1-модда сабаб бўлганди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши белгиланган.

Бу талабни айни пайтгача бирорта глобал ижтимоий тармоқ бажаргани маълум эмас. Қатор фаоллар ва соҳа мутахассислари қонунга киритилган модда бекор қилиниши кераклигини айтиб келмоқда.

Тармоқларнинг блокланиши ортидан ўзбекистонлик фойдаланувчилар тўсиқни айланиб ўтиш имконини берувчи VPN дастурларини юклаб олиши суръати кескин ортиб кетганди.

2021 йилнинг 3 ноябрида Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва Odnoklassniki тармоқларига ҳам тўсиқ қўйилган ва бу катта резонансни келтириб чиқарган эди. Натижада тўсиқ шу куннинг ўзида олиб ташланиб, қатор мансабдорлар ишдан олинганди.

Айни пайтда Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрида фақат TikTok қолган.

Мавзуга оид