Мақталган шайхлар қаерда? «Ньюкасл»нинг трансфер кампанияси ҳафсалани пир қилмоқда
Саудия Арабистони жамғармаси «Ньюкасл» клубини сотиб олганида, Англияда яна бир топ-клуб пайдо бўлиши тахмин қилинган эди. Аммо клубнинг ёзги трансфер кампанияси ҳафсалани пир қилмоқда.
«Ҳаккалар»нинг ҳозирги аҳволи, траснфер бозоридаги иши, топ-клуб даражасига чиқиш имкониятларини Россиянинг «Чемпионат» нашри таҳлил қилди.
2021 йил октябрь ойида Саудия Арабистони суверен жамғармаси Англиянинг «Ньюкасл» клубини 300 миллион фунт стерлингга сотиб олди. Клуб хўжайини Майк Эшли акцияларининг барчасини сотиб юборди. Янги хўжайинлар дастлаб бош мураббий Стивен Брюс билан хайрлашди, унинг ўрнига Эдди Ҳау келди. Унинг олдига глобал вазифа қўйилмади, шунчаки, мавсумни жуда ёмон бошлаган ва сўнгги ўринларда ётган клубнинг Премьер-Лигадаги ўрнини сақлаб қолса кифоя эди. Ҳау вазифани уддалади, «Ньюкасл» Премьер-лига мавсумини 11-ўринда якунлади ва сўнгги 18 та ўйиннинг 12 тасида ғалаба қозонди. Ваҳоланки, унгача жамоа 14 ўйинда ғалаба нималигини билмай келаётган эди.
Мавсумнинг энг эътиборга молик воқеаларидан бири сўнгги турда юз берди – очкога муҳтож бўлмаган «Ньюкасл» ўз уйида «Арсенал»ни (2:0) осонликча мағлуб этиб, рақибни Чемпионлар Лигасига қўймади.
Ҳау ажойиб иш қилди, аммо барибир жамоа элита даражасига чиқа олмади. Ёзда шайхлар томонидан таркибни мустаҳкамлаш учун етарлича маблағ ажратилиши кутилган эди. Янги функционерлар Дэн Эшворт (спорт директори) ва Даррен Илзнинг (ижрочи директор) келиши катта ўзгаришларга ишора қилди. Албатта, «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» каби чемпионликка даъвогарлар даражасига зудлик билан чиқиш имконсиз. Аммо жамоатчилик «Арсенал» даражасидаги топ-клубни ташкил қилинишига умид боғлаган эди. Ундай бўлмади.
«Ньюкасл» унчалик машҳур бўлмаган икки футболчини олди
23 июнь куни «Ньюкасл» Англия миллий жамоаси ва «Бёрнли» дарвозабони Ник Поупни 10 миллион фунт стерлингга сотиб олди. Чемпионшипга тушиб кетган клуб дарвозабони «Ньюкасл» билан 4 йиллик шартномани имзолади. Поуп Премьер-лигада 36 та ўйинда майдонга тушиб, 47 та гол ўтказиб юборган. Ник асосий дарвозабон бўладими ёки йўқми ҳозирча аниқ эмас. У катта эҳтимол билан Мартин Дубравкага ўринбосар бўлади. Амбициялари бўлган клуб учун камтарона трансфер, аммо хулоса чиқаришга ҳали эрта эди.
Беш кундан кейин янада салмоқли трансфер эълон қилинди. 28 июнь куни «Ньюкасл» Франциянинг «Лилль» клуби ҳимоячиси Свен Ботман билан шартнома имзолади. 22 ёшли нидерландияликнинг трансфер қиймати 37 миллион еврони ташкил қилди.
Ўтган мавсумда Ботман Лига 1 мусобақасида 25 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урган. Умуман олганда, яхши трансфер. «Ньюкасл» футболчи учун курашда «Милан»ни ортда қолдирди. Ботман нима учун инглиз клубига ўтишга қарор қилганини айтди.
«Ньюкасл»га боришимга нима ундади? Менга фақат Премьер-Лига ёқади. Ушбу лойиҳанинг келажаги порлоқ кўринди. Мен бу ерда ўйнашим кераклигини тушундим, шунинг учун бу жамоани танладим. Мен учун бу трансфер ҳайратланарли воқеа эди.
«Ньюкасл» тарихидаги энг қиммат ҳимоячи бўлганим босим ёки мотивацияни оширадими? Ҳозир трансфер бозоридаги нархлар шундай. Клублар футболчилар учун жуда кўп пул тўлаяпти, бунга менинг алоқам йўқ. Мен клубда ўйнашни, максимал даражамни кўрсатишни истайман. Мен учун тўлаган пуллар ҳақида кўп ўйламайман. Келажак бизга нима олиб келишини кўрамиз», деди Ботман.
«Ньюкасл» кейинги бир ой ичида Свендан кўра кўпроқ машҳур яна бир нечта ўйинчилар билан шартнома имзолайдигандек кўринди. Бироқ июль ойида клуб ҳеч қандай трансферни амалга оширмади, балки аксинча, бир қанча футболчиларни бой берди.
Неймар, Витинья, Экитике, Нуньес, Кунде, Дибала, де Врей - «Ньюкасл» таклифини рад этган машҳур футболчилар
Бой клуб ўзининг шаклланиш босқичида қанча пул сарфлаб бўлса ҳам юлдузларни жалб қилиши керак. Бу лойиҳанинг жозибасини сезиларли даражада оширади. «Ньюкасл» худди шундай имкониятни «ПСЖ» ҳужумчиси Неймарда кўрди, француз клуби раҳбарияти июнь ойида ундан воз кечмоқчи эди. «Ҳаккалар» бразилиялик учун даъвогар клублар орасида эди, лекин рўйхатнинг охирида. Неймар Премьер-Лигага, айниқса совуқ «Ньюкасл-апон Тайн»га ўтиш иштиёқида эмасди. Ҳозир бу масала тўлиқ ёпилди. Ҳужумчи «ПСЖ» бош мураббийи Кристоф Галтье билан тил топишди ва Парижда қоладиган бўлди.
«Ньюкасл» элита даражага чиқиш учун трансфер бозорида «ПСЖ» ёки «Манчестер Сити» каби клублардан ўзиб кетишни ўрганиши керак, камида суперюлдуз бўлмаган футболчилар борасида. Бироқ, бунинг акси юз берди. «ПСЖ» инглизларнинг иккита асосий мақсадини кўргазмали тарзда қўлга киритди. Гап «Реймс» ҳужумчиси Уго Экитике ва «Порту» яримҳимоячиси Витинья ҳақида кетмоқда.
«Ньюкасл» «Реймс»га 36+10 миллион евро таклиф қилди. Аммо Экитике трансферни рад этиб, «ПСЖ» клубига ижара асосида ўтди. «Реймс» Экитике учун кафолатли тўлов сифатида 28,5 миллион евро олади. Яна 6,5 миллион евро бонуслар шаклида тақдим этилади. «ПСЖ» Угонинг «Ньюкасл»га қизиқмагани эвазига нархни туширишга муваффақ бўлди.
«Ньюкасл» мен учун кўп нарса таклиф қилди. Агар хорижга кетишим керак бўлса, шу клубни танлаган бўлардим. Аммо француз бўлсангиз ва «ПСЖ» чақирса, рад эта олмайсиз», - деб ўз қарорини тушунтирди Экитике.
Витинья учун «ПСЖ» 40 миллион евро берди. «Ньюкасл» ҳам худди шуни таклиф қилди, аммо футболчи Парижни танлади. «ПСЖ» инглизларни ноқулай аҳволга солган ягона клуб эмас. Ҳау жамоасига ўтишни истамаган футболчилар рўйхати катта.
«Севилья» ҳимоячиси Жюль Кунде июнь ойидаёқ «Ньюкасл» билан музокараларни тўхтатиб, «Челси» ва «Барселона» вариантларини кўриб чиқа бошлади. Якунда 50 миллион евро эвазига «Барселона»га ўтди. «Ньюкасл» ҳатто кўпроқ пул таклиф қилган бўлса ҳам, футболчини бу умуман қизиқтирмади.
«Интер» марказий ҳимоячиси Стефан де Врей 30 ёшга кирган бўлса-да, Премьер-Лига клублари эътиборида бўлиб турибди. Унга «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» қизиқиш билдирмоқда. Стефан музокараларнинг дастлабки босқичидаёқ «Ньюкасл» таклифини рад этган.
Пауло Дибала «Ювентус»дан кетгач, дарҳол «Ньюкасл» таклифини рад этди. Якунда у «Рома»га ўтди. Аргентиналикнинг Италияга боғланиб қолганини сабаб сифатида келтириш мумкин, аммо у «ҳаккалар» лойиҳасида ҳеч қандай жозибани кўрмади.
«Бенфика» ҳужумчиси Дарвин Нуньес «Манчестер Юнайтед» ва «Ньюкасл» таклифидан воз кечиб, «Ливерпуль»га ўтди. Бу ерда сабаб бироз бошқача – у Чемпионлар Лигасида ўйнамоқчи.
«Ньюкасл» кимларни олишга муваффақиятсиз уринмоқда
«Ҳаккалар» «Лацио» яримҳимоячиси Сергей Милинкович-Савич учун 55 миллион евро таклиф қилмоқда. Италия клуби уни 70-80 миллион еврога қўйиб юборишга тайёр. «Челси» ҳам футболчи учун курашмоқда.
«Лестер» клуби яримҳимоячи Жеймс Мэддисонни «Ньюкасл»га сотмаяпти. «Ҳаккалар» 25 ёшли футболчи учун 50 миллион фунт таклиф қилишди. «Лестер» 60 миллион сўрамоқда. «Ньюкасл» ҳали ҳеч кимга бунчалик кўп пул сарфламаган ва трансфердан воз кечиш ҳақида ўйламоқда. Ҳозирги вақтда «Ньюкасл» энг кўп пул тўлаган футболчи – «Лион» яримҳимоячиси Бруно Гимарайнш (январда 42 миллион евро).
Янги трансфер рекордчиси бўлишга яна бир қанча даъвогарлар бор. «Лион» яримҳимоячиси Лукас Пакета 50 миллион фунтга баҳоланмоқда. «Манчестер Сити», «ПСЖ», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ҳам футболчи билан алоқада бўлган. Ҳау жамоаси бу «мусобақа»да фаворит эмас.
«Ньюкасл» клуби «Реал Сосьедад» ҳужумчиси Александр Исак ва «Байер» яримҳимоячиси Мусса Диабини ўз сафига қўшиб олишга муваффақиятсиз уринмоқда. «Реал Сосьедад» Исак учун 90 миллион евро, «Байер» Диаби учун 70 миллион евро сўраяпти. Қолаверса, Исак ҳафтасига 200 минг фунт маош олмоқчи. Диаби ҳам жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиси бўлишни истамоқда. Ҳозир бундай мақомга Киран Триппьер эга – ҳафтасига 110 минг фунт.
Кўриниб турибдики, лойиҳани «жозибали» қилиш учун дастлабки босқичда клубларга ҳам, футболчиларнинг ўзига ҳам ортиқча маблағ тўлаш зарур.
«Челси» ҳужумчиси Тимо Вернер ҳам «Ньюкасл»нинг қизиқиш доирасига кирган. Аммо футболчи Лондонни тарк этса, фақат «Лейпциг»га қайтмоқчи. Бундан ташқари, унга «Ювентус» ва «Реал» ҳам қизиқиш билдирган.
«Брайтон» ҳимоячиси Марк Кукурелья «Манчестер Сити»га ўтмоқчи. «Брайтон» унинг трансфери учун 50 миллион фунт талаб қилмоқда, «Сити» эса 40 миллион фунт тўлашга тайёр. «Ньюкасл» вазиятни кузатмоқда ва савдога аралашиши мумкин. Аммо Кукурельянинг ўзи Ҳау жамоасига ўтиш истагини билдирмаган ва Хосеп Гвардиола қўл остида ўйнашни хоҳламоқда.
«Реал» яримҳимоячиси Марко Асенсио ҳам «Ньюкасл»нинг қизиқиш доирасига тушиб қолган. Мадридликлар Асенсио учун 30-35 миллион евродан кўпроқ пул ололмаслигини тушуниб туришибди. Футболчи учун курашда «Милан» фаворит ҳисобланади. Кейинги ўринларда «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ва шундан кейингина, эҳтимол, «Ньюкасл».
Милинкович-Савич, Мэддисон, Пакета, Исак, Диаби, Вернер, Кукурелья, Асенсио – бу футболчилардан бирортаси ҳам «Ньюкасл»га ўтиши даргумон. Афтидан, клуб буни тушунган ва анча камтарона мақсадларга ўтган.
«Зальцбург» ҳужумчиси Бенямин Шешко «ҳаккалар» эътиборини тортди. Ўтган мавсумда 19 ёшли футболчи Австрия чемпионатида 24 та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урди. «Ньюкасл» шунингдек, «Челси»га тегишли 20 ёшли ҳужумчи Армандо Брояни ижарага олиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Яқинда у «Реал» нишонига тушиб қолган эди. Ҳар ҳолда, Шешко ва Броя трансфери амалга ошган тақдирда ҳам «Ньюкасл»ни янги даражага олиб чиқолмайди.
«Ньюкасл» келаси мавсумда юқори ўринлар учун курашга тайёр эмас
Поуп ва Свен ҳозирча клубнинг катта харидлари бўлиб турибди. Вазият трансфер ойнаси ёпилгунга қадар ўзгармаслиги ҳам мумкин.
Қанот ҳимоячиси Аллан Сен-Максимен фаолиятини «Челси» ёки «Тоттенҳэм»да давом эттириши мумкин. «Ньюкасл» уни камида 40 миллион фунтга қўйиб юборишга тайёр. Бу борада принципиал бўлиш, футболчини арзон бериб юбормаслик талаб этилади, акс ҳолда клуб обрўси янада ёмонлашади.
Сен-Максимен ўтган мавсумда «Ньюкасл» сафида Премьер-лигада 35 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва шунча голли узатмани амалга оширди. Қолаверса, у мавсум якунида топ-5 лиганинг энг яхши дриблёри бўлди. Ботман, Сен-Максимен, Жоэлинтон, Дэниел Бёрн, Каллум Уилсон, Бруно Гимарайнш, Киран Триппьер ҳозирги «Ньюкасл»нинг асосий юлдузлари ҳисобланади. Бундай таркибга эга жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашга тайёр эмас. Премьер-Лигадаги рақобат даражасини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳатто Европа Лигаси ёки Конференция Лигасига чиқиш ҳам осон бўлмайди. Ҳау ўтган мавсумдаги кучли иштиёқни сақлаб қола олиши ҳам кафолатланмаган.
«Ньюкасл», катта эҳтимол билан ўртамиёна бўлиб қолади. Еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритиш учун Эдди Ҳау астойдил меҳнат қилишига тўғри келади. Сармоялари клубни янги даражага олиб чиқиши мақталган араб шайхлари қаерда? Ҳозирча бу жавоби йўқ савол.
Мавзуга оид
16:57 / 14.09.2023
«Ўхшамай қолса, отам каби таксичи бўлиш режасини тузиб қўйгандим». Бруно Гимараэш оғир ўтган болалиги, 39-рақам сири ва «Ньюкасл» ҳақида
22:01 / 11.09.2023
Ўзбекистоннинг икки клуби Марказий Осиёда қиммат таркибга эга клублар рўйхатига кирди
22:43 / 27.07.2023
Аббосбек Файзуллаев Россия клубига трансфер қилинмоқда
14:27 / 01.01.2023