Ўзбекистон | 14:36 / 08.08.2022
1863
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортидаги автотураргоҳлар иши автоматлаштирилади

Тошкент халқаро аэропортида «Тошкент-2» терминалини реконструкция қилишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда.

Фото: Kun.uz

Реконструкция доирасида учиб кетиш терминали умумий майдони 44 001 квадрат метрдан 74 001 квадрат метргача оширилади. Ҳудуд янги қурилиш, рўйхатга олиш, кутиш, багажни қабул қилиш ва чегара назорати зоналарини кенгайтириш орқали катталаштирилади. Аэропорт ўтказиш қобилияти ҳар соатда 1200 дан 2400 йўловчига ошади.

Uzbekistan Airports хабарига кўра, йўловчилар ва кузатувчиларга қулайлик яратиш мақсадида учиб келиш зали олдидаги майдонни реконструкция қилиш, автотураргоҳларни автоматлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Иш учиб келиш зали олдидаги кичик автотураргоҳдан бошланган, сўнгра учиб келиш зали олдидаги майдон реконструкция қилинади, лойиҳага кўра, у уч қисмга бўлинган — тўхташ жойи, пиёдалар ҳудуди (ўриндиқлар, фавворалар, яшил ҳудудлар) ва алоҳида такси йўлаклари.

Автотураргоҳларни реконструкция қилиш доирасида Uzbekistan Airports компанияси томонидан автотураргоҳ учун янги жиҳозлар харид қилинди, уларни ўрнатиш яқин кунларда бошланади. Сотиб олинган техник ускуналар ходимлар иштирокисиз кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини беради. Маблағлар автоматлаштирилган онлайн касса терминалида нақд пулда, нақд пулсиз банк карталари ва мобил тўлов иловалари орқали қабул қилинади. 

Бошқарув компанияси автотураргоҳ жойлашуви ва фойдаланиш давомийлигини (соат, кун) ҳисобга олган ҳолда тарифлар мослашувчан тизимини ишлаб чиқмоқда. Бундан ташқари, тизимда автотураргоҳни олдиндан банд қилиш, масофадан туриб тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил илова мавжуд бўлади. 

Шунингдек, Тошкент аэропорти ҳудудидаги автотураргоҳлар электромобилларни қувватлантириш шохобчалари билан жиҳозланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид