Жаҳон | 21:57 / 09.08.2022
19241
13 дақиқада ўқилади

Европа ўртасидаги «порох бочкаси». Запорижжя АЭС атрофидаги ҳолат қалтислигича қолмоқда

Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси Россия босиб олган Запорижжядаги АЭСда вазият буткул назоратдан чиқиб кетганини айтди. Ҳозирда ташкилот АЭС ходимлари билан алоқа ўрната олмаяпти, объектни текширишга ҳам рухсат берилмаяпти. Ишлатиладиган материаллар етказиб беришда пайдо бўлган муаммолар эса АЭС фаолиятида узилиш эҳтимолини оширган.

Фото: «Медуза»

«АЭС хавфсиз ишлаши учун керак бўлган принциплар бузилган, вазият жуда хавфли. Халқаро ташкилот раҳбари ва оддий ижтимоий ишчи сифатида икки томондан бизнинг АЭСга киришимизни уюштиришни ўтиниб сўрайман», дейди Гросси ташкилот объектни текширувдан ўтказиши зарурлигини таъкидлар экан.

Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбари ташкилот мутахассислари Запорижжядаги АЭСни текшириши керак эканини айтиб келади. Россия ҳудудни босиб олгач, у ерга қўйган одамлари бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтган. Аммо аввалроқ халқаро ташкилот вакиллари АЭСга киришига Украинанинг «Энергоатом» ташкилоти қаршилик қилган. «Энергоатом» буни Халқаро атом энергияси агентлиги вакиллари Запорижжядаги объектга бориши Россия АЭСни ўзлаштирганини легитимлаштириш деб тушунилиши билан изоҳлаган.

Кейинроқ Украина ҳукумати бироз бошқача чиқиш қилди. Украина президенти офис раҳбари Андрей Ермак АЭСга халқаро экспертлар боришини зарур деб ҳисоблайди. Украина энергетика вазири Герман Галушенко эса Халқаро атом энергияси агентлиги Украинадаги урушни худди Россия расмий позициясидаги каби «махсус ҳарбий операция» деб атаганига эътибор бериб, бу ташкилот урушга нисбатан ҳаддан ташқари нейтрал позицияда эканини танқид қилди.

Атом тадқиқотлари билан шуғулланувчи «Nuclear Threat Initiative» нотижорий ташкилоти директори Николас Ротнинг фикрича, Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари айни дамда жуда муҳим одам ҳисобланади: «Гросси ҳозирда жуда муҳим сиёсий рол ўйнамоқда, у тревога қўнғироқларини чалиши мумкин. Биз хавфни камайтиришни истасак, бу жуда муҳим. Биз аввал бўлмаган ҳолатга гувоҳ бўляпмиз, бутун бошли давлат ядро объектидан урушда ҳимоя воситаси сифатида фойдаланмоқда», дейди Рот.

Минтақа учун жиддий хавф

Сешанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен россияликларни АЭС ҳудуди ва атрофидан туриб артиллерия зарбалари бераётгани учун танқид қилди. У Украина армияси АЭС атрофида турган артиллерия кучларига зарба бера олмаслигига эътибор қаратди. Украина қўмондонлиги вакиллари, Никопол ва Марганецда яшовчи аҳоли ҳам шундай маълумотлар берган.

Запорижжя АЭСдаги ҳолат Ғарбда урушнинг илк кунлариданоқ муҳокама қилина бошлаганди. Россия аввалига объект ҳудудини эгаллаш учун артиллерия зарбалари йўллаган бўлса, энди халқаро экспертларнинг чиқишига эътибор бермай, АЭСдан ҳудудидан очиқчасига плацдарм сифатида фойдаланмоқда.

АЭСда нималар бўлмоқда?

Россия АЭСни март ойи бошидаёқ эгаллаб олганди. Россия станцияни ва у жойлашган Энергодар шаҳрини босиб олгунига қадар объектни ўққа тутди. Ҳатто АЭСдаги маъмурий бинолардан бирида ёнғин содир бўлди. Оқибатда бутун дунёда навбатдаги ядро ҳалокати содир бўлиши борасида хавотирлар пайдо бўлди.

Ўшанда АЭС матбуот котиби Андрей Туз объект интенсив равишда ўққа тутилгани, энергоблоклардан бири зарарланганини хабар қилганди. Содир бўлган ёнғин украиналик ўт ўчирувчилар томонидан ўчирилади, кейин отишма ҳам тўхтаган.

АЭСдаги отишма БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам муҳокама қилинди. АҚШ ва Британия вакиллари Россиянинг ҳаракатларини қоралади, ҳатто одатда русларнинг ҳаракатларига бетарафлик билан қарайдиган Хитой ташқи ишлар вазири ядро объектидаги ҳолатдан хавотирдалигини билдирганди.

Ўша вақтда Россия томони АЭСдаги ёнғин Украина томони уюштирган провокация оқибатида келиб чиққанини айтганди. Русларнинг иддао қилишича, украиналик аскарлар деразадан руслар патрулига ўт очган, кейин эса бинони ёқиб юборган.

Россия армияси АЭС атрофидаги ҳудуддан туриб артиллерия зарбаларини бераётгани ҳақида июл ойи бошидан буён ёзиб келишади. Бу ҳудуддан асосан Днепр дарёси ғарбидаги Никопол ва атрофдаги Марганец қишлоғи ўққа тутилмоқда. Бугунда Никопол маъмурияти ҳудуддаги радиацион фон ҳақида доимий маълумот бериб бормоқда, маҳаллий чатларда ҳам радиация ҳақида кўп гапиришмоқда.

Никопол мэрининг айтишича, руслар уларга зарба бермасликлари учун АЭСда яшириниб ўтирибди, ядро объектидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш эса жуда хавфли.

Украина армияси АЭС атрофидаги объектларга катта аниқликдаги қуроллар ёрдамида зарба беришга ҳаракат қилмоқда. 22 июл куни дрон ёрдамида Россия аскарларининг палаталардан ташкил топган шаҳарчаси, у ердаги артиллерия қуроллари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари йўқ қилинган. Аммо Украина АЭС яқинидаги объектларга оғир артиллерия ёрдамида зарба бермаяпти, чунки бундай ҳолатда ядро объектига ҳам зарар етиши мумкин.

Украина томони халқаро ҳамжамиятдан ракета зарбалари берилмаслиги учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали АЭС осмонини ёпишни сўрамоқда.

Ядро ва водород портлаши

Ҳозирги вақтда АЭСда кузатилиши мумкин бўлган энг жиддий хавф унга ракета зарбаси берилишидир. Масалан, атом реакторларидан бирига ракета келиб тушса, у АЭСнинг аввал ҳимоя тизимини, кейин совитиш тизимини ишдан чиқариши мумкин. Бу эса тахмин қилиш қийин бўлган оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Реакторларда авария содир бўлса, атрофга радиация тарқалиш эҳтимоли юқори. Яъни Чернобилда бўлган ҳолат такрорланади. Ҳозирги АЭСда содир бўлаётган ҳолат «мелтдаун» дейилади.

АЭС совитиш тизими ишдан чиқиши ядро ёнилғиси эришига олиб келади. Бу эса портлаш эҳтимоли юқори бўлган водород ажралиб чиқишига олиб келади. Шунга ўхшаш ҳолат ишлатилган ёнилғи вақтинча сақланадиган ҳовузларда сув қолмаслиги оқибатида ҳам кузатилиши мумкин. Бу ҳолатда реакторлар қизиб кетади. Водород ажралиб чиқиши ҳам шундай оқибатларга олиб келиши мумкин.

«Агар АЭС реакторига қанотли ракета тушадиган бўлса, ундаги портлаш Европа давлатларига, Қримга, Украинага ва Россияга таъсир кўрсатмай қолмайди», дейди украиналик энергетика бўйича мустақил эксперт Олга Кошарная.

«Радиоактив чиқиндилар хавфсизлиги» лойиҳаси эксперти, инженер-физик Андрей Ожаровский АЭСдаги ҳалокат зарари ҳақида янада кенгроқ тушунча берган. Унинг айтишича, авария оқибатида кўп миқдорда цезий-137 моддаси энг яхши ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинлари учун зарар етказадиган миқдорда ажралиб чиқади. Ёмон ҳолатда эса зарарли моддалар катта одамлар учун ҳам хавфли миқдорга етиши мумкин. Асосий зарар Украина ҳудудида сезилади. Авария оқибатида зарарли моддалар қайси томонга тарқалиши ўша кунги шамол йўналишига боғлиқ бўлади, улар ҳатто Курск, Москва ёки Европагача бориши мумкин.

Экспертнинг айтишича, жуда зарарли авария содир бўлиши учун ёнғиннинг ўзи кифоя: «Ҳозир рус ҳарбийлари биринчи энергоблокдаги машиналар залига ҳарбий техника олиб киришди. Бу турбогенератор жойлашган ва техник мой сақланадиган жой бўлиб ёнишга мойил ҳудуд ҳисобланади. У ерда ёнғин содир бўлса, ўт ўчириш учун етарли бўшлиқ ва имконият бўлмайди», дейди эксперт.

АЭС ҳудудида махсус контейнерларда ишлатилган ядро ёнилғиси сақланади. Уларга ракета урилса кучли ёнғин келиб чиқиши мумкин. Яна бир хавфли томони шундаки, АЭС руслар босиб олганидан кейин сифатли техник кўрикдан ўтгани йўқ. Ундаги таъмирлаш ишларини одатда Украинанинг ҳозирда Киев назоратидаги қисмларида фаолият олиб борган аутсорсинг компаниялари амалга оширган.

«Гросси назорат қўлдан чиқди, деб тўғри айтган. АЭС фаолияти тизимли ташкил этилади. Ҳатто баъзи ходимларга объектнинг барча ерларига боришига рухсат берилмайди. Ҳозир бундай тартиб йўқ.

Россия ҳарбийлари босимида «Росатом»дагилар билан бирга ишлашга мажбур бўлаётган АЭС ходимлари босим остида хато қилиши мумкин. Бу айниқса реакторларни бошқарадиган ходимлар учун жуда қийин. Улар атом энергетикамизнинг олтин фонди ҳисобланади. Бундай ходимлар махсус лицензияга эга ва улар ўн йиллардан буён АЭСда ишлаб келишади. Бу ходимлар ҳар сменадан аввал руҳшунос суҳбатидан ўтади, чунки уларнинг руҳий ҳолати яхши бўлиши керакки, фавқулодда ҳолатда ишлашларига тўғри келиб қолиши мумкин», дейди украиналик эксперт Кошарная.

Аксар экспертлар АЭС ҳудудида жанглар бошланиб кетса, нималар бўлиши ҳақида гапира олмаяпти. Халқаро Урушни ўрганиш институти ҳисоб-китобларига кўра, Украина нафақат Херсонда, балки Запорижжяда ҳам қарши ҳужумга ўтиши мумкин. Бу эса бевосита АЭС ҳудудида ҳам жанглар содир бўлиши мумкин деганидир.

Женева конвенциясида нима дейилган?

Фото: GETTY IMAGES

Ядро электрстанциясига қуролли ҳужум қилинишини халқаро ҳуқуқ ҳам тақиқлайди. Женева конвенциясига кўра, АЭС ўт ичида қолса, тинч аҳоли учун хавфли ҳудудга айланадиган объектлар сирасига киради. Масалан, тўғонлар ҳам шундай объектлар жумласидан. Аммо АЭСларни тўлиқ ҳарбий ҳаракатлардан тўсиш конвенцияда қайд этилмаган. Ҳужжат имзоловчилар бу борада келишувга эришмаган.

Конвенциядаги биринчи протоколга кўра, АЭС ҳарбий нишонга айланиши мумкин. Ҳа, айнан шундай. Яъни халқаро ҳуқуқ АЭСга ҳужум вақтида одамлар ўлишидан кўра ҳарбий мақсадга эришиш эҳтимоли юқорироқ бўлса, ҳужумни амалга оширишга қаршилик қилмайди. Ҳужжатга кўра, душман армияси таъминотига хизмат қилаётган бўлса, электрстанция ва электр тўпловчи генераторлар ҳам худди шундай нишонга айланиши мумкин.

Хавфли инфратузилмалар яқинига ҳарбийлар жойлаштириш бўйича ҳам шунга ўхшаш ҳолатга дуч келиш мумкин. Қизиғи, конвенция АЭС каби хавфли объектлар атрофига ҳарбийлар жойлаштириш, уларга зарба беришни тақиқлайди, лекин бу чекловларнинг барчасини конвенциядаги ҳарбий мақсадлар тўғрисидаги банд йўққа чиқаради.

Ҳамбург университетининг халқаро низолар бўйича мутахассиси Анна Динелтнинг айтишича, АЭСдаги электр энергияси тинч аҳоли билан бирга ҳарбий мақсадларга ҳам йўналтирилмоқда. Бу хулосаси билан мутахассис Женева конвенциясидаги ҳарбий нишон тўғрисидаги бандга ишора қилган. Аммо бу Женева конвенциясига кўра АЭСга зарба бериш учун етарли эмас.

Конвенцияда келтирилган ҳолатларга тўғри келиши учун АЭСни ишдан чиқаришнинг ягона йўли унга зарба бериш бўлиши керак. Аммо станция ишдан чиқса, жуда кўп украиналиклар электрсиз қолиши мумкин. Ахир Запорижжя АЭС Европадаги бундай турдаги энг катта объект ҳисобланади. Экспертнинг фикрича, АЭСга зарба беришдан ягона мақсад эса одамларни ҳимоя қилиш бўлиши керак. Ҳозирги ҳолатда эса бу вазият мос келмайди. Анна Динелтнинг айтишича, тинч аҳолига зарар етказишини билган ҳолда кимдир АЭСга зарба берса, бу алоҳида оғир ҳарбий жиноят сифатида тавсифланади.

«Бу борада ўз навбатида Украинанинг гарданида ҳам жавобгарлик бор. Украина зарур бўлган ҳолатда ядровий электрстанциялар фаолиятини тўхтатиш орқали одамларнинг ҳаётини қутқариб қолиши керак бўлади», дейди эксперт.

The Insider: АЭС руслар томонидан миналаштирилган бўлиши мумкин

Охирги вақтларда Запорижжядаги АЭС ҳақида тобора кўп гапирилмоқда. The Insider мустақил нашри АЭС атрофида олинган видеоларни таҳлил қилган ҳолда руслар объектни миналаштирган ёки бунга тайёрланаётган бўлишини тахмин қилди.

Кадрларда АЭСдаги энергоблокнинг машиналар сақланадиган залига рус ҳарбий машиналари кирганини кўриш мумкин. The Insider манбалари АЭС атрофида камида 500 кишидан иборат рус ҳарбийлари тўплангани, улар объектнинг атрофини ҳам миналаштирган бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, руслар зирҳли транспорт воситалари, зенит-ракета тизимлари ва радиокимёвий разведка амалга ошириш имконини берадиган қурилмалар билан қуролланган.

Русларнинг баравар ўт очувчи «Град» тизимлари АЭСга энг яқин бўлган Водяное қишлоғида, ҳарбий мина ва ўқ-дорилар эса АЭС энергоблоки яқинида сақланаётгани тахмин қилинмоқда.

6 август куни АЭСга ракета зарбалари берилди. Украина буни руслар баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали амалга оширганини маълум қилди. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти эса зарба ким томонидан берилганини аниқлай олмаслигини маълум қилди. Кейинроқ Россия томони АЭСга Украина ҳужум қилганини иддао қилиб чиқди.

Украина президенти Володимир Зеленский АЭСдаги ҳолат яхши эмаслигига бутун дунё эътиборини қаратишни истамоқда. Бу борада ёрдам беришини сўраб Зеленский АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтонга қўнғироқ қилди.

Мутахассислар ҳозирча Запорижжядаги АЭСдан радиация чиқиши рўй бермаганини қайд этган бўлса-да, ядро объектидаги ҳолат хавфлилигича қолмоқда.

Мавзуга оид