Жаҳон | 14:33 / 10.08.2022
7866
3 дақиқада ўқилади

Журналист Марина Овсянникованинг уйида тинтув ўтказилди

«Биринчи канал» собиқ ходими Марина Овсянникованинг уйида Россия армияси ҳақидаги «фейклар» тарқатилиши тўғрисидаги иш юзасидан тинтув ўтказилди, дея хабар берди унинг адвокати.

Фото: AFP

Москва полицияси «Биринчи канал» собиқ ходими Марина Овсянникованинг уйида тинтув ўтказди. Бу ҳақда у 10 август, чоршанба куни «ОВД-Инфо» нашрига хабар берди. Юридик ёрдам кўрсатиш учун унинг олдига «ОВД-Инфо» адвокати Дмитрий Захватов етиб борди.

Захватовнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг келишини кутишдан бош тортган ва Овсянникованинг «уйига бостириб кирган». Тинтув «Россия Қуролли кучлари тўғрисида била туриб ёлғон маълумотни оммавий тарқатиш» (РФ ЖКнинг 207.3-моддаси) моддаси бўйича қўзғатилган жиноий иш юзасидан ўтказилди, деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Захватовнинг «Медуза» нашрига айтишича, иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни ҳали кўрмаган, бироқ бу Овсянникованинг Москва соҳилбўйларидан бирида ўтказган урушга қарши пикети билан боғлиқлигини тахмин қилган. 

15 июль куни Овсянникова Кремль олдида урушга қарши пикетга чиқиб, «Путин – қотил» деб ёзилган баннерни кўтариб олди. Софийская соҳилбўйида ўтказилган тадбирда у қўлга олинмаган. Журналист 17 июль куни ушланган ва кўп ўтмай маъмурий баённома тузилгач, қўйиб юборилган. 

Март ойи ўрталарида Овсянникова, «Биринчи канал»да кечки янгиликлар муҳаррири бўлиб ишлаётганда, «No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизга ёлғон гапиришмоқда. Russians against war» плакати билан жонли эфирга чиқиб кетганди. Бундан олдин у видеомурожаат билан чиқди: «Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар жиноятдир. Россия босқинчи давлат ва бу тажовуз учун фақат бир киши жавобгар. Бу шахс Владимир Путиндир». Натижада, Овсянникова митинг ўтказишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳақидаги маъмурий модда бўйича – акция олдидан ёзиб олинган видео туфайли 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди. 

Апрель ойи бошида Берлинда жойлашган Axel Springer медиаконцерни Овсянникова Германиянинг Welt янгиликлар телеканалига ишга олинганини эълон қилди. Уч ой ўтгач, шартнома тугади ва у Россияга қайтиб келди. Германиянинг «Озодлик учун ОАВ мукофоти» (Freiheitspreis der Medien) соҳиби бўлган Овсянниковага охир-оқибат мукофотни топширмасликка қарор қилинди. Май ойида у «Ижодий норозилик учун» Вацлав Ҳавел мукофотини олди. 

Мавзуга оид