Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижон вилояти ҳокимлиги муҳим инвестициявий меморандумни имзолади
Бугун, 16 август куни, Андижон вилояти ҳокимлиги ва “Harbor Gate Internationals” МЧЖ ўртасида инвестицион меморандум имзоланди. Ушбу икки томонлама келишув Андижон вилоятининг инвестицион жозибадорлигини оширишда муҳим ҳисобланади. Меморандумга кўра, вилоятнинг ўзига хос жиҳатларини чет эллик инвесторларга етказиш ҳамда қизиқишни орттириш мақсад қилинган.
Меморандум ўзида бир қанча асосий вазифаларни жамлаган. Жумладан, “Harbor Gate Internationals” МЧЖ хорижда иш фаолиятини юритаётган чет эллик инвесторлар ва ўзбек тадбиркорларини вилоятга инвестиция киритиши бўйича тарғибот ишларини амалга оширади. Ундан ташқари, хориждаги ватандошларимизни ватанга қайтариш бўйича “Ватандошлар” дастури доирасида ҳамкорликни ривожлантиради, Андижон вилояти ҳудудида хориж компанияларининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ўзаро музокаралар ўтказишни осонлаштиради.
“Harbor Gate Internationals” МЧЖ вилоят ишбилармонлари томонидан хорижда инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишига кўмаклашиш, уларга ҳуқуқий ва ташкилий масалаларда ёрдам кўрсатади. Шу билан бир қаторда, ушбу жамият ўзаро шартнома асосида вилоятдаги йирик компанияларнинг брендларини хорижда тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланиш имкониятига эга бўлади.
Меморандум вилоятнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш баробарида, маҳаллий тадбиркорларнинг ҳам хориж бозорига киришида кўмаклашиши билан аҳамиятлидир.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Ⓣ