Ўзбекистон | 09:36 / 16.08.2022
10676
4 дақиқада ўқилади

ССВ ва Фармацевтика агентлиги 122 нафар беморнинг тақдирига бефарқ  

Миастения билан оғриган беморлар қарийб бир ойдан буён «Калимин» дорисини кутади, аммо жойларда бу дори “анқонинг уруғи” бўлиб турибди, борларининг нархи эса отнинг калласидек қиммат. Масъуллар муносабат билдиришга шошилишмаяпти.

9 август куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўзининг расмий сайтида миастения билан оғриган беморларнинг «Калимин» дориси жойларда камайиб кетганлиги, борлари жуда қиммат сотилаётгани ҳақидаги расмий хабарни эълон қилди.

Агентликнинг келтиришича, 4 август куни Расул Кушербаевнинг Telegram-каналида бу дорининг нархи ҳозирда 10 баравар ошгани, олдин истеъмолчилар уни 170 минг сўмдан харид қилган бўлса, ҳозирда 1 млн сўмгача сотилаётгани ёзилган. Айни вақт 122 нафар беморга бу дори сув ва ҳаводек зарур, улар муаммо бартараф этилишини интизорлик билан кутишмоқда.

«Менинг қайнотам миастения касаллигидан даволанади. Бир ойга бир ярим пачка кетади.

«Калимин»нинг бир пачкасини 170 мингдан олардик. Ҳозирги кунда ушбу дорини топишга кийналиб қолдик. Бориям бир миллионга чиқиб кетди.

Дорининг Ўзбекистонга келтирилиши тўхтаганмиш. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа аналоглари келтирилишининг чора-тадбирлари кўриб чиқилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам, порталга ҳам, Фармацевтика агентлигига ҳам ёздим. Лекин натижа йўқ.

«Калимин»ни маҳаллийлаштириш йўлларини ҳам кўриб чиқишса, яхши бўларди. Қайнотам «Калимин»ни ичмаса кўзини очолмай, юролмай, овқат еёлмай қолади.

Дори бизга сув ва ҳаводек зарур»,– дейди мурожаат қилган фуқаролардан бири.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ёзишича, президентнинг тегишли қарорига кўра, четдан олиб келинадиган, мамлакат ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги дори воситасининг ҳар бир савдо номи нархларининг ундан юқори нархда Ўзбекистонга етказиб берилиши (импорт дори воситалари учун) ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилишига (маҳаллий дори воситалари учун) йўл қўйилмайдиган энг юқори чегарасини қайд этиш бўйича масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади.

Kun.uz масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова билан боғланди. Унинг таъкидлашича, Бегматова бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлигига ахборот тайёрланаётганлиги, тез орада агентликнинг расмий саҳифаларида ҳам эълон қилинишини айтди (суҳбат 2022 йил 16 август куни бўлиб ўтган).

Мурожаат депутат Расул Кушербаевнинг Telegram-каналида 4 августда, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг расмий сайтида эса 9 август куни эълон қилинган. Агентлик ўша куннинг ўзида ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига хат ҳам юборган. Агарда масъуллар бундан хабардор бўлишганида, муаммо аллақачон ўз ечимини топган, энг камида расмий муносабат билдирилган бўлар эди.

Шунинг ўзи ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги миастения касаллиги билан оғриётган 122 нафар беморнинг тақдирига бефарқ эканини англатади.

Миастения касаллиги – нерв ва мускул системаси касаллиги, яъни мускулларнинг тез чарчаши. Бунда кўпинча, қовоқ мускуллари, чайнаш мускуллари ҳамда оёқ-қўл мускуллари зарарланади. Бу билан оғриган инсон кўзини очолмайди, ўзи юролмайди, овқат истеъмол қилолмайди.

«Калимин» дори воситаси шу касаллик билан оғриганларга тавсия этилади.

Мавзуга оид