Ўзбекистон | 21:18 / 18.08.2022
10168
2 дақиқада ўқилади

5 сентябрдан Тошкент метросида поездлар интервали қисқартирилади

Тошкент метрополитени янги ўқув йили бошланиши муносабати билан эрталабки тиғиз вақтларда поездларнинг оралиқ интервали қисқартирилишини маълум қилди. 07:30–09:30 оралиғида поездлар “Чилонзор” йўналишида 2,5–3 дақиқа, “Ўзбекистон” йўналишида 3,5–4 дақиқа, “Юнусобод” йўналишида эса 5-6 дақиқа интервал билан ҳаракатланади.

Фото: Kun.uz

Тошкент метрополитенининг кунлик йўловчилари сони 2021 йилга таққослаганда 150-200 минг нафарга ортиб, 450-480 мингни ташкил қилмоқда.

Сентябр ойидан метро хизматидан фойдаланувчилар сони кунига 500 минг нафардан ортиши кутиляпти. Бу ҳақда бугун АОКАда метрополитен мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Диаграмма: "Тошкент метрополитени" ДУК

Қайд этилишича, ортиб бораётган юкламани қондириш учун Россиянинг “Метровагонмаш” компанияси ишлаб чиқарган яна 14 та янги ҳаракат таркиби сотиб олинади.

5 сентябрдан янги ўқув йили бошланиши муносабати билан шу кундан бошлаб эрталабки тиғиз вақтларда (07:30дан 09:30гача) поездларнинг оралиқ интервали қисқартирилади ва қуйидагича белгиланади:

  • “Чилонзор” йўналишида 2,5–3 дақиқа;
  • “Ўзбекистон” йўналишида 3,5–4 дақиқа;
  • “Юнусобод” йўналишида 5-6 дақиқа.

Эслатиб ўтамиз, 16 августдан 5 сентябргача ер усти халқа йўли йўналишида поездлар ҳаракати техник сабаблар туфайли соат 05:00 дан 23:00 гача амалга оширилиши хабар қилинган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид