Ўзбекистон | 09:00 / 18.08.2022
7027
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чарм кийимлари дунё бозорига кириб бормоқда

“Ўзчармсаноат” уюшмасининг инвестиция сиёсати ўзагини аввало мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва ижтимоий жараёнлар тезлаштирилишидаги фаол иштирок этиш, Ўзбекистонда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларига янги тенденциялар асосида хориж капиталини кенг жалб этиш, дунё бозорига ўзбек брендини танитиш каби кўплаб мақсадли чора-тадбирларнинг мажмуаси ташкил этади.

Фото: Ўзчармсаноат

Ана шу мақсад сари одимлаган “Ўзчармсаноат” уюшмаси сўнгги етти йилда соҳада динамик ўсишни қайд этди. Мамлакатимиз чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатида инқилобий ўзгаришлар кузатилмоқда деб ишонч билан айтиш мумкин. Биргина 2016 йилда 15,7 млн. долларлик 12 та лойиҳа ишга тушган бўлса, 2022 йил охирига келиб 218 млн. долларлик 120 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ўз навбатда Уюшманинг хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ишончли ҳамкорлик алоқалари ва мустаҳам сармоявий сиёсатининг реал ҳаётда акс этишидир. Бугун бу соҳада Европадан Осиёгача, араб давлатларидан Америка қитъасигача бўлган мамлакатлар вакиллари капиталини қайд қилиш мумкин. Яна бир жиҳат: Жанубий Осиёнинг энг йирик мамлакати, иқтисодий жиҳатдан дунёнинг кучли бешлигига кирувчи Ҳиндистоннинг тадбиркорлари ҳам маблағларини Ўзбекистонга йўналтирмоқда.  

LEATHER APPARELS – бу “Ўзбекистонда тайёрланган” ёрлиғи остида Ҳиндистонлик инвесторлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган чарм-кийимлар бренди. 2020 йилда Тошкент вилоятида ўз фаолиятини бошлаган корхона маҳсулотлари дунёнинг бир қатор мамлакатлари бозорида яхши таниш. Шу кунга қадар 100 дан ортиқ турдаги моделлар асосида маҳсулот ишлаб чиқарган корхона нафақат ички бозорда, балки халқаро мода алянсида ҳам ўз номи ва мавқеига эгадир.  

LEATHER APPARELS Сиз истаган ҳаёт” туркумидаги чарм кийимларни тақдим қилади. Боиси, кимдир чиройли ишбилармонлик кўринишини маъқул кўрса, яна бошқа биров оддийлик ва қулайликка интилади. Ўзбек бренди эса ҳар қайси йўналишда ўз маҳсулотларини тақдим эта олишини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис бренднинг дунёдаги муваффақияти ортиб бормоқда. Хусусан, Буюк Британияда бўлиб ўтган Европанинг энг йирик мода кўргазмаси – “Pure London”да LEATHER APPARELS маҳсулотлари жаҳон дизайнерларининг эътибори ва этирофига сазовор бўлган эди.

Жорий йилнинг 10-12 август кунлари Қозоғистонда бўлиб ўтган Марказий Оcиёнинг йирик мода анжуманларидан бири бўлган – “EliteLine-2022” халқаро кўргазмасида эса LEATHER APPARELS ўзининг куз-қиш мавсуми учун тайёрланган янги коллекциясини Европа ва Осиё мамлакатларидан келган иштирокчиларга тақдим этди.

Янги колекцияда бренд замонавийлик ва миллийлик коллаборациясига алоҳида урғу берган. Зардўзлик безаклари, турли ранглар жамланмаси, дизайн – буларнинг барчаси энг талабчан мижозларнинг ҳам истакларига мос келади. Ҳар бир моделнинг яратилишида аёлларнинг ҳаётий услублари жамланган. Айнан мазкур кўргазма орқали LEATHER APPARELS дунё “Fashion” алянсига Ўзбекистон номидан янги куч бўлиб кирди.  

LEATHER APPARELS бугунги кунда мамлакатимизда битта корхонасини Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ишга тушириб улгурди, яқин келажакда эса уларнинг сони 5 тага етади.

Бу натижалар Ўзбекистон чарм-пойабзал, чарм-атторлик ва мўйначилик саноатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан берилаётган алоҳида эътибор натижасида соҳа жаҳонда ўз ўрнини топиб бораётганлигиа яққол мисолдир.

Мавзуга оид