Ўзбекистон | 16:39 / 18.08.2022
7740
2 дақиқада ўқилади

“Йўловчилар яхшироқ шароитларни хоҳлаяпти” – Ҳусниддин Ҳосилов йўловчи ташиш вагонлари янгиланишини айтди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Ҳусниддин Ҳосилов тадбиркорлар билан учрашувда йўловчилар вагонлардаги шароитлардан қониқмаётгани ва бу борада саволлар кўплиги ҳақида гапирди.

18 август куни президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви доирасида Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталигининг иккинчи куни бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Ҳусниддин Ҳосилов темирйўл орқали йўловчи ташиш масаласи ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Йўловчи ташиш соҳасининг сифат даражасини яхшилашимиз керак. Йўловчилар яхшироқ шароитларни хоҳлашяпти – эътибор, вагонлардаги шароитлар бўйича саволлар кўп. Бу масалада ҳам ишлашимиз керак. Қисқа муддатда бирданига кўп маблағ тикиб вагон паркининг катта қисмини янгилаш масаласи устида ишлаяпмиз”, – деди Ҳосилов.

Маълум қилинишича, аҳоли ҳаракатини енгиллаштириш ҳамда уларга қулайлик яратиш мақсадида 2022-2024-йилларда 42 та замонавий электропоездлар хариди асосида шаҳар атрофи йўналишларида йўловчи ташиш ҳажми 3 баробарга оширилади. Электропоездларнинг ўртача тезлигини 2 баробарга ошириш режа қилинган.

Бундан ташқари, шаҳар атрофида темирйўл орқали йўловчиларни ташишдан кўриладиган зарар билан йўловчи ташишнинг ҳақиқий харажати ўртасидаги тафовутни йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими орқали маҳаллий бюджетдан субсидия ажратиш йўли билан қоплаш ҳам кутилмоқда.

Мавзуга оид