Жаҳон | 08:55 / 19.08.2022
3954
6 дақиқада ўқилади

БМТ Оленивка колониясидаги маҳбусларнинг ўлими юзасидан тергов ўтказади

Львивда Украина ва Туркия президентлари, шунингдек, БМТ бош котиби ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Йиғилишнинг асосий мавзулари қаторида ЗАЭС хавфсизлиги ва Украина ғалласининг экспорти ҳам бўлди.

Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Бирлашган миллатлар ташкилоти Оленивка колониясида июль ойи охирида у ерда бўлган ўнлаб украиналик ҳарбий асирларнинг ўлимига сабаб бўлган портлаш юзасидан тергов олиб боради. Миссияга бразилиялик генерал Карлос дос Сантос Круз бошчилик қилади, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. «Биз объектга ва бошқа барча жойларга хавфсиз киришнинг зарур кафолатларини олиш учун ишлашни давом эттирамиз», деди Гутерриш 18 август, пайшанба куни Львивда.

Ғарбий Украинанинг ушбу шаҳрида БМТ раҳбарининг Украина президенти Володимир Зеленский ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Антонио Гутерриш музокаралар якунига етгач, дон экспорти бўйича келишувни ижобий тенденциянинг «бошланиши» деб атади. «Одамларга тинчлик керак», - дея таъкидлади у, Россиянинг Украинага қарши уруши чоғида ўлганлар сони, кенг кўламли вайроналар ва инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишини эслаб. Гутерриш бу урушни дипломатия йўли билан тўхтатишга чақирди. 

Антониу Гутерриш билан учрашувда томонлар «ғалла ташаббусини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олди», шунингдек, украиналикларни РФга мажбурий депортация қилиш муаммоси, украиналик ҳарбий асирлар ва шифокорларни озод қилиш масаласини ҳам муҳокама қилди. «Украина глобал озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати бўлишда давом этишга тайёр», деб ишонтирди Зеленский. 

Мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорижжя АЭСдаги вазият ва станциянинг давом этаётган ўққа тутилиши бўлди. «Босқинчининг бу террори глобал ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, БМТ ушбу стратегик объект хавфсизлигини, уни қуролсизлантириш ва Россия қўшинларидан тўлиқ озод қилишни таъминлаши шарт», - деди Украина президенти. 

Зеленский ва Эрдўған ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича Туркиянинг Украинани урушдан кейинги тикланишида иштирок этиши тўғрисидаги меморандум имзоланди, деб хабар бермоқда Украина президенти сайти. Биринчи лойиҳа Киев области Романовка қишлоғида Буча ва Ирпенни пойтахт билан боғлайдиган ва урушнинг биринчи кунларида вайрон бўлган кўприк қурилиши бўлиши мумкин. «Биз туркиялик ҳамкорларимизга Россия томонидан вайрон қилинган инфратузилмани тиклашда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари учун миннатдормиз. Турк бизнеси йўллар ва кўприклар, хусусан, Запорижжя ва Кременчуг кўприкларини қуришда катта тажрибага эга ва ўзини ишончли ҳамкор сифатида кўрсатди. Шунинг учун биз тез орада биргаликда тиклаш ишларини амалга ошириш бўйича амалий натижаларига эришамиз, деб умид қиламан», деди Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков. 

Ўз навбатида, Украина президенти Telegram’да Эрдўғаннинг Украинага ташрифини «бундай қудратли давлат томонидан қўллаб-қувватланишнинг салмоқли муждаси» деб атади. Бундан ташқари, томонлар «ғалла ташаббусини яхшилаш имкониятлари, Запорижжя АЭС атрофидаги вазият ва босқинчилар томонидан ядровий шантаж, Россиянинг Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудидаги йирик дон талон-торожлиги», шунингдек, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик масалаларни муҳокама қилди, деди Зеленский. 

Ўз навбатида, Ражаб Тоййиб Эрдўған Украинада янги ядровий фалокат хавфи борлигини маълум қилди. «Биз янги Чернобилни кўришни хоҳламаймиз», деди у. Туркия президенти, шунингдек, можарони «музокаралар столида» ҳал қилиш имкониятига ишонишини таъкидлади. 

Зеленский, Гутерриш ва Эрдўған учрашуви бўлиб ўтган куни Львивда норозилик митинги бўлиб ўтди, унда иштирокчилар Россия томонидан асирга олинган украиналик ҳарбийларни қутқариш ва РФни террорчи давлат сифатида тан олишга чақирди. Улар ўзини «ДХР» деб эълон қилган маъмурият томонидан ушлаб турилган Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳимоячилари озод этилишида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳаракатсизлиги тўғрисида маълум қилди.

Оленивкадаги колония баракларидан бирида 29 июль куни эрталаб портлаш содир бўлди. Россия маълумотларига кўра, камида 53 украиналик маҳбус ҳалок бўлган. Россия томони Украинани маҳбуслар сақланадиган бинога HIMARS тизимлари билан зарба беришда айбламоқда. Киев буни қатъиян рад этди. Ҳарбий экспертлар руслар у ерда термобарик ўқ-дориларни қўллаган, деган фикрга келди. Қизил Хоч ташкилоти украиналик маҳбусларнинг «Азовстал»ни тарк этиши биланоқ хавфсизлиги кафолатланиши тўғрисида маълумот бермаганини билдирди.

Июль ойининг охиридан бошлаб Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлган ва март ойи бошида РФ томонидан босиб олинган Запорижжя АЭС мунтазам равишда ўққа тутиб келинмоқда, ОАВда у Россия томонидан миналаб қўйилгани ҳақида маълумотлар ҳам пайдо бўлди. АЭХА ядровий фалокат хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда. Бир неча кун аввал халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилишида АЭХА экспертларини зудлик билан электр станциясига киритишни талаб қилган эди. Украинанинг «Энергоатом» давлат компанияси раҳбари Петр Котиннинг DW’га айтишича, Украина томони ЗАЭСнинг ядровий ва радиацион хавфсизлигини тўлиқ назорат қилмаяпти. 

Июль ойи охирида Истанбулда РФ, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида Украинанинг учта портидан Украина донини денгиз орқали экспорт қилиш бўйича келишув имзоланган эди. Шу тариқа, уруш бошланганидан бери денгиз портларида тўсиб қўйилган бир неча миллион тонна Украина ғалласини экспорт қилиш муаммосини ҳал қилиш мўлжалланмоқда. Шартнома имзоланганидан бир кун ўтмасдан Россия Одесса денгиз портига ракета ҳужумини амалга оширди. «Ғалла йўлаги» август ойи бошида иш бошлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид