Ўзбекистон | 18:13 / 19.08.2022
13143
6 дақиқада ўқилади

Икки карра беписандлик. Божхона қўмитаси суд қарорини бажармаяпти

Мамлакатга ноқонуний равишда, контрабанда йўли билан олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган товарларни тўхтатиб қоладиган Божхона қўмитаси 10 йил деганда тикланган адолатга ҳам “тўсиқ қўйишга” уриняпти. Қўмита раҳбарияти шу йўл орқали ҳам қонунларга, ҳам инсон тақдирига беписанд эканини кўрсатмоқда.  

Фото: KUN.UZ

Ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилган божхона хизмати капитани Шуҳрат Ҳайитов ўзини оқлаш ва ишга қайта тикланиш учун умрининг 10 йилини сарф қилди. Божхона қўмитаси эса негадир суд қарорини бажармай, турли баҳоналар билан унинг кўксидан итаришда давом этмоқда. 

Шуҳрат Ҳайитов божхона тизимида турли лавозимларда ишлаб келган. 2006 йил декабр ойида у Бухоро вилояти “Олот” божхона назоратини ўтказиш комплекси тезкор гуруҳи катта инспектори лавозимига тайинланган. 2012 йил июн ойида МХХ Бухоро вилояти бошқармасининг хатида кўрсатилган ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилади ва Шуҳрат Ҳайитов Божхона қўмитаси буйруғи билан ишдан олиниб, Қуролли Кучлар захирасига бўшатилади.

Бу божхона хизмати капитанининг бошига тушган кўргуликларнинг аввали эди: Ҳарбий суднинг 2012 йил 18 декабрдаги ҳукми билан у Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а,в,г” бандлари ҳамда 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топилади ва жиноий жавобгарликка тортилади. Шуҳрат Ҳайитовга суд ҳукми билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Шунингдек, унинг божхона хизмати капитани унвони олиб қўйилади.

Ҳарбий суд кассация инстанциясининг 2016 йил 23 августдаги ажрими билан ҳукмнинг унга оид қисми ўзгартирилиб, қайта квалификация қилинади, тайинланган жазолар эса аслича қолдирилади. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 майдаги ажрими билан кассация инстанция ажрими бекор қилинади ва жиноят иши қайта кўриш учун юборилади. Ниҳоят, Ҳарбий суднинг 2019 йил 10 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишининг Шуҳрат Ҳайитовга оид қисми бекор қилинади. Яъни, содир этилган жиноятга унинг дахли йўқ, деб топилади.

Ўзини оқлаш учун 7 йил ҳаракат қилган божхоначи шу каби жараённи яна қайта бошдан кечирмоқда. Бунга эса Божхона қўмитасининг адолатсизлиги сабаб бўляпти.

Гап шундаки, Шуҳрат Ҳайитов оқлангач, ишини тиклаш учун қўмитага мурожаат қилади. Рад жавобини олгач, судга даъво аризаси киритади. 2020 йил 17 март куни ишни кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди уни “Олот” божхона назоратини ўтказиш комплекси тезкор гуруҳи катта инспектори лавозимига ишга тиклаш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган. Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 6 ноябрдаги ажрими билан биринчи суд қарори бекор қилиниб, даъво талабларини рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил октябр ойидаги ажрими билан эса Шуҳрат Ҳайитовнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилади ва уни ишга тиклаш ҳақидаги дастлабки ҳал қилув қарори кучида қолдирилади.

Мана, шунга ҳам қарийб 1 йил муддат ўтяпти. Аммо Божхона қўмитаси суд қарорини очиқчасига бажармасдан келмоқда. Қўмитанинг бу ҳаракати қонунбузарлик ҳисобланади. Жумладан, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжатлари турига киради. Ушбу қонуннинг 30-моддасига кўра, ижро ҳужжатларининг қонунга хилоф равишда меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги талаблари дарҳол ижро этилиши керак.

Kun.uz Божхона қўмитаси билан боғланиб, ҳолат юзасидан изоҳ олди. Қўмитанинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими раҳбари Ҳусан Тангриевга кўра, бу масаладан раҳбариятнинг хабари бор, айни кунларда янги буйруқ имзога олиб кирилиши арафасида ва масала тез орада ижобий ҳал қилинади. Қўшимча қилинишича, Шуҳрат Ҳайитовнинг ишга тикланиши Қўмита ҳузуридаги олийгоҳ битирувчиларини иш билан таъминлаш даврига тўғри келиб қолган ва вакант иш ўринлари муаммоси сабаб чўзилиб кетган.

Аммо Қўмита муносабатига ишонмаган Шуҳрат Ҳайитов “Қўмита бу борада ёлғон маълумот бермоқда. Боиси, суд ҳал қилув қарори чиққанига ҳам 10 ой бўлди ва бу давр ичида қарорни ижро этмаслик учун шу каби ўнлаб баҳоналар қилинмоқда, мен уларнинг хеч бирига ишонмайман”, дейди.

Эътиборлиси, бу Божхона қўмитаси ходимларни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарорларини ижро этмаслиги билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Kun.uz аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида суриштирувлар ўтказганди

Умид қиламизки, бу идорага ҳам қонунлар мавжудлигини эслатиб қўядиган бошқа бир идора топилади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид