Ўзбекистон | 07:48 / 20.08.2022
10833
6 дақиқада ўқилади

«Дарахткушлик» учун жаримани оширувчи қонун лойиҳаси нега тасдиқланмаяпти?

Kun.uz суриштирувига кўра, қонун лойиҳасининг деярли 5 ойдан буён тасдиқланмай қолаётганига сабаб унинг муҳокамаси вақтида депутатлар ва Экоқўм раисининг биринчи ўринбосари Умарбек Халилов ўртасида юзага келган келишмовчилик бўлиши мумкин.

19 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон экологиясига масъул идораларнинг жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

«Экоҳаракат» ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов ҳам қатнашиб, Ўзбекистонда дарахт кесилиши ҳолатлари барҳам топмаётгани сабаблари бўйича ўз фикрларини билдирган.

Исломбек Боқижонов

«Дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларига қарасак, 2022 йилнинг 7 ойи давомида 2 минг 694 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 4,2 млрд сўм маъмурий жарима ва 4,9 млрд сўмзарар суммалари белгиланди.

2022 йилнинг 7 ойида эса жами 1027 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан (2227 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) 55 фоизга камайган.

Аммо савол туғилади, нега мораторий эълон қилинганига қарамай, бу каби ҳолатлар барҳам топмаяпти?

Биласиз, 2021 йил 30 декабрда президент қарори билан дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган эди.

Ўша қарорда мораторий қоидаларини бузган фуқароларга маъмурий жарималар миқдорини беш бараварга ошириш бўйича қонунчиликка таклиф киритиш банди ҳам бор эди. Биз бу бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига тақдим қилдик.

Аммо мана бешинчи ой кетяптики, лойиҳа қонун сифатида тасдиқланмади. Биринчи ўқишдан ўтган, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Ўйлашимча, бу қонун қабул қилинадиган бўлса, дарахт кесилишларига қарши самарали таъсир чора бўлган бўларди», деди Боқижонов.

Хабарни тайёрлаш жараёнида қонун лойиҳасининг тасдиқланиши нега кечикиб кетаётгани билан қизиқдик. Мавзу борасидаги суриштирувлар давомида эса қонун лойиҳаси тасдиқланишининг кечикаётгани билан боғлиқ қизиқ ҳолат юзага чиқди.

Экология қўмитасининг вазиятдан бевосита хабардор ходимига кўра, қўмита апрел ойидаёқ «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қонунчилик палатаси муҳокамасига киритган.

«Лойиҳа билан дарахтларни кесганлик ва уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилганди. Аммо у ҳамон тасдиқланмай турибди. Бунга эса чиндан ҳам, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Умарбек Халилов ва депутатлар ўртасида юзага келган тортишув сабаб бўлди.

Умарбек Халилов

Ўша куни қонун қуйи палата депутатлари иштирокида муҳокама қилинаётганди. Жараён давомида Экология қўмитаси раиси ўринбосари депутатлар бераётган саволларга қараб, кўпчилик депутатлар қонуннинг мазмунини тўла тушуниб етмагани ҳақида гапирди. Бу гап депутатларга тегиб кетиб, ғурурини уйғотиб юборди шекилли, барчаси тўнини тескари кийиб олди. Улар қонунни иккинчи ўқишдан ўтказишмади. Шу-шу, лойиҳа ҳамон «иш жараёнида», деди қўмитанинг исми сир қолиши шарти билан гапирган вакили.

Қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишда юзага келган баҳсли вазиятни шунингдек, «Sevimli» телеканалида эфирга узатилган қуйидаги репортажда ҳам кўриш мумкин.

Унда депутат Расул Кушербаев қўмита раиси ўринбосарига қонун лойиҳасида қурилиш бўйича нотўғри лойиҳа ишлаб чиққан мансабдор шахсга 15 баравардан 25 бараваргача жарима белгилаш кўрсатилгани лекин лойиҳанинг кейинги тақдири ҳақидаги савол очиқ қолаётгани тўғрисидаги савол билан мурожаат қилади.

«Битта қурилиш компанияси учун 25 баравар жаримани тўлаш ҳеч нима бўлмаслиги мумкин. Хўп, у жаримани тўлаб яна лойиҳани давом эттиравермайдими?», дея савол қўяди депутат.

Умарбек Халиловнинг Расул Кушербаев саволига жавобан айтишича, лойиҳачи жаримага тортилган ҳолатда лойиҳа қайтадан қилинади.

«Лойиҳачи лойиҳани қайтадан қилишга мажбур. Нега буни белгилаяпмиз? Сабабики, лойиҳачи ўша қурилиш жойини бориб, ўз кўзи билан кўрсин. Бориб кўрмасдан лойиҳа қилдими, у дарахт бор-йўқлигини ҳам билмайди», деган раис ўринбосари.

У саволларга жавоб бериш асносида депутатларни қонунни яхши тушунмаётганликда ҳам айблаган.

«Кеча фракцияда жуда чиройли саволлар бўлди. Ғаниевга (депутат Дониёр Ғаниев назарда тутилмоқда – таҳр.) алоҳида миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Қонунимизни битта у охиригача тушуниб етди, десам қолган депутатлар хафа бўлмасин», деган Халилов.

Бу айблов депутатларнинг жаҳлини чиқариб, қонунни қайтариб юборишига сабаб бўлган. Депутатлар бунга сабаб сифатида қонун тушунарсиз тилда ёзилгани ва Ўзбекистондаги турли экологик муаммолар ҳал этилмасдан қолаётганини келтиришган.

«Тўғри, биз кўпчилигимиз тушунмаётган бўлишимиз мумкин, лекин ҳаракат қиляпмиз», деган депутат Алишер Ҳамроев.

Қонунчилик палатасининг бошқа бир депутати эса агар депутатлар қонун лойиҳасини тушунмаётган бўлса, айб уни тушунарли қилиб ёзмаган қўмита вакилларида экани ҳақида гапирган.

«Таклифим шундай: қачонки бу қонунни тушуниб етсак, ўшанда овоз берамиз», деган у.

Муҳокамалар давомида депутат Наврўз Ризаев ўзи қонунга қарши овоз беришини айтиб, бошқаларни ҳам шунга чақирган.

«Токи бу қўмита ва унинг қуйи бўғинлари атроф-муҳитни тозаласин, масъулликни оширгандагина бу қонунни қабул қилиш керак», – деган у.

***

Қўмита ва депутатлар бир-бирини ўзаро тушунмай, ҳурмат талаб қилишда давом этаркан, Ўзбекистонда дарахткушлик давом этмоқда. Ҳозирги қонунчилик ва жазо чоралари эса ҳокимликлар ҳамда қурилиш компанияларини тўхтатишга қодир эмас.

Илёс Сафаров, журналист

Мавзуга оид