Спорт | 08:05 / 20.08.2022
24388
3 дақиқада ўқилади

Иккинчи уринишда иккинчи ўрин. Конья қаҳрамонлари кутиб олинди

Туркиянинг Конья шаҳрида ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида 51та олтин, 42та кумуш ва 65та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг 2-ўринни эгаллаган Ўзбекистон делегацияси Тошкентга қайтди.

Ғолиб ва совриндорларни аэропортда бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги давлат расмийлари кўтаринки руҳда кутиб олишди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов йиғилганларга мамлакат раҳбари табригини ва ғолибларни бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш бўйича қарорни ўқиб берди.

Шундан сўнг қаҳрамонлар шарафига шеър ўқилди, куй-қўшиқлар янгради.

Тадбирдан сўнг бир қатор чемпионлар билан суҳбатлашдик.

Оғир атлетика бўйича 3та олтинни қўлга киритган Руслан Нуриддинов навбатдаги ғалабадан сўнг ҳам ҳаяжонда: «Шода-шода медаллар билан келяпмиз. Ислом давлатлари ичида 2-ўрин, 158та медаль! Албатта, ҳаяжонда бўламиз. Кичик бир меҳнатимиз эътироф этилаётганидан доим хурсандмиз».

Уч ҳатлаб сакраш бўйича чемпион, 15 ёшли Шарифа Давронова тажрибали рақибларини доғда қолдирганидан хурсандлигини яширмади: «Мусобақа мен учун жуда ҳам қийин бўлди. Кучли рақиблар йиғилганди. Энг ёши мен эдим. Ғалабадан хурсандман. Бу ҳали бошланиши.

Кумушнинг олтинга айланиши? Ҳакамларнинг хатоси сабаб 2-ўрин бўлаётганди. Кейин апелляция бердик. Кўриб чиқишгач, менга олтинни қайтаришди».

Оғир атлетикада 2та олтин ва 1та кумушни Ўзбекистонга тақдим этган Адҳамжон Эргашев мезбон спортчининг «ҳурматини жойига қўйганини» айтди: «Таассуротлар жуда ажойиб. Илк бор бу турнирда иштирок этдим. Бу 3та медаль катта мотивация бўлди. Чунки бизда доим биттадан медаль тақдим этиларди, бу сафар учала йўналишда алоҳида беришди.

Учинчиси ҳам олтин бўлиши мумкин эди, бироз техник хатоликка йўл қўйдим. Қолаверса, олтин олган рақиб туркиялик спортчи эди, бироз дўстоналик кўрсатдик. Албатта, бу ҳазил. Олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Худо хоҳласа, уларни ҳам амалга оширамиз».

Кам гапириб, кўп медаль оладиган оғир атлетикачи Акбар Жўраев (3та олтинга сазовор бўлди) ғалабалар олдинда эканини таъкидлади: «Кўп медаллар билан қайтдик. Бу — биз учун катта ютуқ. Оғир атлетика жамоамиз 15та олтин, 3та кумуш ва 6та бронза билан 1-ўринни қўлга киритдик. Энди асосий мусобақамиз — Париж олимпиадаси».

Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига асосан ғолиб спортчилар ҳар бир олтин медал учун $5000 билан мукофотланади. Кумуш медалга $3000, бронза учун $2000дан берилади. Спортчиларни тайёрлаган мураббийларга эса $2500 (олтин), $1500 (кумуш) ва $1000дан (бронза) тақдим этилади.

Маълумот учун, иккинчи бор ушбу турнирда қатнашган Ўзбекистон дебютдаги натижасини (4-ўрин) яхшилашга муваффақ бўлди.

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири
Оператор — Жавоҳир Ғайратов

Мавзуга оид