Ўзбекистон | 13:27 / 23.08.2022
5955
2 дақиқада ўқилади

Муаллифлик ҳуқуқи объектлари электрон нусхалари ягона базада сақланади

Ҳукумат қарори билан муаллифлик ҳуқуқи объектлари электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низом муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлашга қабул қилувчи ташкилотлар (депозитарийлар) томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектлари электрон назорат нусхаларини муаллифлик ҳуқуқи объектлари ягона базасида сақлаш тартибини белгилайди.

Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектлари электрон назорат нусхаларини ягона базага киритиш жараёнлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси томонидан мувофиқлаштирилади.

Ягона базада қуйидаги муаллифлик ҳуқуқи объектлари электрон назорат нусхалари сақланади: адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар); драма ва сценарий асарлари; матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари; мусиқали драма асарлари; хореография асарлари ва пантомималар; аудиовизуал асарлар; рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъат бошқа асарлари; манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари; архитектура, шаҳарсозлик ва саҳна безаги санъати асарлари; фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар; география, геология хариталари ва бошқа хариталар, география, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар; барча турдаги электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар.

Муаллифлик ҳуқуқи объекти электрон назорат нусхалари ягона базада муддатсиз сақланади. Муаллифлик ҳуқуқи объекти ягона базага киритилгани ҳақидаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид