Наманганда парранда монополиясини яратаётганлар, қўллаб-қувватлаётганлар ким?
Андижонда имтиёзли кредит асосида аҳолига тарқатилган қизил товуқлар нобуд бўлаётгани можароси ортидан, Наманганда ҳам товуқ билан боғлиқ вазият мавжудлиги ҳақида таҳририятимизга хабар келиб тушди.
Маълум бўлишича, 2022 йил феврал ойида Наманган вилоятининг бир қатор ҳудудларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарори билан «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 500 миллион сўмдан пул кўчирилган.
Жамғармадан Мингбулоқ, Наманган, Норин, Учқўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳрида 500 миллион, Поп туманида 400 миллион сўм маблағ «Golden egg of Namangan» МЧЖга кўчириб берилган. Айрим қарорларда мазкур корхона номи кўрсатилмаган бўлса-да, пул барибир шу корхонага кўчирилгани маълум бўлди.
Мазкур маблағ эвазига турли дафтарларда турадиган кам таъминланган оилаларга тухум қуядиган бепул товуқ ва парранда учун ем берилиши назарда тутилган.
Таҳририятимиз ихтиёрига Уйчи туманида ана шундай товуқлар тарқатилган рўйхат ҳам келиб тушди. Рўйхатдагилар билан гаплашганимизда, бу оилаларнинг бирортаси товуқ олмаганини таъкидлади. Бу эса турли шубҳа ва гумонлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Шу сабабли Kun.uz ижодий гуруҳи журналистик суриштирув ўтказиш учун Наманган вилоятига йўл олдик.
Суриштирувимизни дастлаб Уйчи туманидан бошладик. Биз Соку, Гулбоғ ва Ҳуррият маҳаллаларида бўлдик. Рўйхатда мавжуд оила вакиллари билан суҳбатлашдик. Уларга бу йил ҳисобидан ҳеч қанақа товуқлар берилмаганини маълум қилишди.
Суриштирув давомида Гулбоғ маҳалласидаги оилалардан бирига товуқ берилгани, лекин улар бизда мавжуд рўйхатда йўқлиги маълум бўлди. Ҳилола Буваевага яқин бир-икки ой ичида 37 та товуқ берилган экан.
Шундан сўнг биз Уйчи туман ҳокимлигида бўлиб, туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига юзландик. У товуқлар ҳамон тарқатилаётганини таъкидлаб, шу пайтгача товуқларни қабул қилиб олган оилаларнинг рўйхатини тақдим этди. Биз Гулбоғ маҳалласида кўрган, товуқ олган оила ҳам рўйхатда борлигига амин бўлдик. Ҳоким ўринбосари янги тайинлангани сабабли таъминотчи корхона қандай танлангани билан боғлиқ саволимизга жавоб беролмади.
Биз Наманган шаҳрида ва Наманган туманида ҳам бўлдик. Ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари бу борадаги ишлар ҳақида гапириб беришди.
Хусусан, Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Исоқов маблағни халқ депутатлари шаҳар кенгаши қарори билан кўчирганмиз деди. Ваҳоланки, кенгаш қарорида «Golden egg of Namangan» МЧЖга пул кўчириш ҳақида гап-сўз йўқ. Бироқ маблағ айнан ўша корхонага кўчирилган. Бу ҳолатни Исоқов изоҳлай олмади.
Қарор ижроси бўйича халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши котибият мудири Носиржон Убайдуллаев билан суҳбатлашдик. Қарорда бир муҳим жиҳат бор: парранда тарқатиладиган камбағал оилалар рўйхати кенгаш тасдиғига киритилиши керак. Яъни депутатлар ҳудудларда ҳақиқатда эҳтиёжманд оилаларни билади, танийди. Таъбир жоиз бўлса, аслида муҳтож оилаларни ҳар бир депутат ўз ҳудудидан танлаб, тасдиқлаб, тавсия қилиши мақсадга мувофиқ. Бироқ котибият мудири билан суҳбатимиз давомида англадикки, уларга оилалар рўйхати тақдим қилинмаган. Қарор ижроси айни вақтда қайси жараёнда экани билан боғлиқ саволларимизга тайинли жавоб бўлмади.
Шаҳар кенгаши қарорида «Golden egg of Namangan» МЧЖга пул кўчириш кўрсатилмагани, бироқ ушбу жамиятга маблағ тўлаб берилгани бу жараён халқ вакиллари – депутатлар иродаси билан амалга ошгани ёки қонун-қоидаларга тўғри келишини шубҳа остига қўяди.
Наманган туманида ҳам ҳали парранда тарқатиб бўлинмаган. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Аъзамжон Аҳмадалиев парранда июл ойида тарқатилгани ва битта товуқнинг нархи 90-100 минг сўмдан тушаётганини билдирди. Бундан ташқари, унинг озуқаси учун ҳам қўшимча маблағ тўланган.
Маълум бўлишича, товуқларни июнь ойининг охири, июль ойининг бошларида тарқатиш бошланган. Биз туманлар тақдим этган рўйхат бўйича товуқ олганлар билан суҳбатлашганимизда, улар бир ойнинг нари берисида товуқлар берилганини айтиб ўтишди.
Адолат юзасидан айтиш керакки, товуқ олганлар товуқлар текин берилгани, еми ҳам берилгани, ветеринарлар келиб эмлаб кетишганини ҳам таъкидлашди.
Биз «Golden egg of Namangan» МЧЖ жойлашган ҳудудга ҳам бориб, бермоқчи бўлган саволларимизга жавоб ола билмадик. Раҳбарлар Тошкентда деган важни эшитдик.
Шундан сўнг Косонсой туманида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари билан машғул бўлиб турган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов билан кўришдик.
Юсупов вилоятда паррандачиликни ривожлантириш, аҳолини камбағалчиликдан чиқариш борасида қилинаётган ишларни сўзлаб берди. Ҳоким ўринбосари барча туманлар эмас, фақат паррандачиликни ривожлантириш салоҳияти бор туманлардан пул кўчирилганини айтди.
Юсупов товуқ тарқатиш нега тўрт-беш ойга кечикиб кетганини ҳоким ёрдамчиларининг аҳоли ўртасидаги сўрови, ўрганиши ва одамларнинг айнан хонаки қора товуқ талаб қилгани билан изоҳлади.
Айтиш лозимки, ҳоким ўринбосари бу изоҳи билан мавжуд вазиятни ўзи инкор этди. Агар ҳоким ёрдамчилари аҳоли талабини ўргангандан кейингина қора товуқ тарқатиш мақсад қилинган бўлса, нега йил бошиданоқ битта МЧЖга пул кўчириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган? Нега айнан 500 млн сўмдан? Ахир ўша вақтда қандай товуққа талаб бўлиши, унинг нархи, паррандани қайси корхонадан олиш ҳақида ҳокимликларда маълумот бўлмаган-ку.
Демак, Юсупов камида бизга ёлғон гапирди ёки товуқлар тарқатиш кечикиб кетгани сабабини изоҳлаш учун унда асоснинг ўзи йўқ.
Ва энг асосийси, вилоятда бевосита иқтисодий масалалар, камбағалликни камайтиришга масъул бўлган Толибжон Юсупов бу хатти-ҳаракатлар монополияга олиб бориши ва бунинг тургани битгани иқтисодий тангликка олиб боришини тан олмади. Қатор туманлар ЮҚОРИДАН махсус топшириқ олгандек битта МЧЖга аванс ташлаб беришини табиий қабул қилди. Бу ҳолатни вилоятда бундай катта буюртмани қабул қила оладиган бошқа корхона йўқлиги билан изоҳлаб қўя қолди. Ваҳоланки, ушбу корхона ҳам талабгорларни товуқлар билан ўз вақтида таъминлаб беролмаяпти.
Савол туғилади: ахир ҳалол ва адолатли йўл билан бюджет пулларига эгалик қилиш учун барча тадбикорлар ҳақли эмасми? Ёки бирида бор имконият бошқаларида йўқми? Тухуми қимматбаҳо ва шифобахш бўлган хонаки қора товуқ етиштириш бошқаларнинг қўлидан келмайдими?
Биз паррандачилик билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркор “Дониёрбек олтин парранда” МЧЖ раҳбари Илёсхон Дарвешовга юзланганимизда, у ҳам қора зотли товуқларни ўша нархларда етказиб бера олишини маълум қилди. Фарқи шундаки, бу каби корхоналар «Golden egg of Namangan» МЧЖ каби йирик бўлмагани учун уларга имтиёзлар берилмайди. Улар фаолиятини кенгайтириши, ривожланиши учун банклар эшигида сарғаяди, баланд фоизли кредитлар олишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, фоизсиз ўша маблағларни туман-шаҳарлар ўз ҳудудидаги паррандачилик корхоналарига ўтказиб берганида ҳам жараён анчагина шаффоф бўларди. Камига ҳудудларда паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар фаолияти қўллаб-қувватланган бўларди.
Албатта, президент топшириғи билан темир дафтар, аёллар дафтарига киритилган оилаларни тадбиркорликка ўргатиш яхши, лекин нима учун қандайдир корхоналар бу иш ортидан қўлини иситиб олиши керак?
Туманлар бир кунда бир хил суммада маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан маблағ ўтказиладиган «Саховат ва кўмак» жамғармасидан паррандачилик билан шуғулланувчи хусусий фирмага бир хил миқдорда пул ўтказгани вилоят даражасида топшириқ берилганидан далолат бериб турибди.
Энг ачинарлиси, туманлар ва Наманган шаҳридаги маҳаллий кенгашларда мана шу саволни ўртага ташлайдиган бирор депутат топилмагани. Боз устига, улар ўзлари қабул қилган қарор қай тарзда амалга оширилаётгани, ижроси қай аҳволда эканига қизиқмагани – бу депутатлар шунчаки тепадан туширилган топшириқларни тасдиқлаб берувчи “қўл” эканлигидан нишона эмасми?
Биз билан суҳбатда бирор бир мутасадди «Golden egg of Namangan» етказиб бераётган товуқларнинг нархи қандай шакллангани ҳақида асосли фикр беролмади. Агар жамият етказиб бераётган товуқлар ҳақиқатан тилла тухум қўйган тақдирда ҳам бундай имтиёзлар номақбул эканини масъуллар негадир тушунишни исташмаяпти. Аксинча, Наманганда парранда монополияси шаклланиши, бошқаларга имконият қолдирмаслик учун барча ҳаракатлар қилинмоқда. Янги, ёш тадбиркорлар бу майдонга кириш у ёқда турсин, яқинлашиши ҳам даргумон.
Гапнинг индаллосини айтганда, бу ҳолат – вилоят раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётган монополия. Нақадар эзгу ниятларда қилинаётган бўлмасин, бу иш адолатга ва мавжуд қонун-қоидаларга тўғри келмайди.
Бюджет пуллари қандай қилиб туя қилинаётгани эса алоҳида ўрганиш талаб қиладиган мавзу. Бунга Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси ҳам қараб турмаса керак. Яна ким билсин...
Шуҳрат Шокиржонов, Исомиддин Пўлатов — Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи ва монтаж усталари: Фахриддин Ҳотамов, Тоҳиржон Турсунов.
Мавзуга оид
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024