Ўзбекистон | 12:16 / 26.08.2022
33977
3 дақиқада ўқилади

Президент Қорақалпоғистон раҳбариятини кескин танқид қилди

2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топилмагани ётгани кўрсатиб ўтилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этмоқда.
 
Давлат раҳбари кириш сўзида «Инсон қадри учун» эзгу тамойили асосидаги туб ислоҳотлар Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва овули, ҳар бир хонадонига кириб боришини таъминлаш асосий мақсадлардан бири эканини таъкидлади. 

«Мен президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта мана шу саховатли заминга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан кўп-кўп мулоқотлар қилдим.

Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилдик. Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.

Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратдик», деди президент.

Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошишига эришилгани таъкидланди.

Давлат раҳбари шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этди.

«Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар «халқни рози қилиш» деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», деди президент.

Бугунги кунда ҳам аҳоли ўртасида ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби муаммолар юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолмоқда.

Аслида, 2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топилмагани ётгани кўрсатиб ўтилди.

«Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда», деди президент.

Мавзуга оид