Ўзбекистон | 20:10 / 28.08.2022
25198
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда яна машина ва ҳайдовчи ёниб кетди

Бу Қашқадарё вилоятида 15 кун ичида ЙТҲ туфайли машина ва одам ёниб кетиши билан боғлиқ иккинчи ҳодиса ҳисобланади. 15 август куни Муборак туманида Spark ва Gentra ўзаро тўқнашганда ҳам ёнғин келиб чиққан ва 8 киши ёниб кетганди.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 28 август куни соат 13:40 ларда 4Р-79 Қарши-Шаҳрисабз йўлининг Қамаши тумани Қўшкапа маҳалласидан ўтган 43-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қарши томонга ҳаракатланаётган Lacetti машинаси ҳайдовчиси Шаҳрисабз шаҳри томондан келаётган Gentra’нинг йўлига чиқиб кетган ва бир-бирига урилган.

Зарба оқибатида, Lacetti машинаси ва унинг ҳайдовчиси ёниб кетган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу Қашқадарё вилоятида 15 кун ичида ЙТҲ туфайли машина ва одам ёниб кетиши билан боғлиқ иккинчи ҳодиса ҳисобланади. 15 август куни Муборак туманида Spark ва Gentra ўзаро тўқнашганда ҳам ёнғин келиб чиққан. Оқибатда ҳар иккала машина ва уларда бўлган жами 8 киши ёниб кетган.

Ҳодисаларнинг ҳар иккаласида ўзаро тўқнашган машиналардан бири қоидаларни бузган ҳолда қувиб ўтмоқчи бўлган ва рўпарадан келаётган машинага урилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид