Ўзбекистон | 13:21 / 30.08.2022
17011
1 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 24 нафар гумонланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, 24 нафар гумонланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди.

Фото: ombudsman.uz

Гумонланувчиларга нисбатан белгиланган қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилди.

Бунда ушбу фуқаролар Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда содир этган қилмишларидан пушаймон экани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, баъзи шахслар оилада ёлғиз боқувчи бўлгани эътиборга олинган.

Комиссия аъзолари ўз фаолиятини бошлаганидан буён фуқаролар мурожаатларини ўрганишга эътибор қаратмоқда. Ҳар бир мурожаат ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Комиссия аъзолари холис хулосани тайёрлашни мурожаатларни ўрганишдан бошлаган. Унинг фаолиятига оид янгиликлар билан @commissionuz телеграм-канали орқали танишиб бориш мумкин.

Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш бўйича тергов жараёнлари давом этмоқда.

Мавзуга оид