Жаҳон | 13:02 / 30.08.2022
33464
6 дақиқада ўқилади

Украин армияси жанубда ҳужумга ўтганини маълум қилди. Асосий маълумотлар

Украин нашрлари душанба куни мамлакат армияси Россия қўшинлари асосий қисмини март ойидаёқ эгаллаб олган Херсон областида қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар берди. Россияпараст ҳукумат буни фейк маълумот деб атади, РФ мудофаа вазирлиги ҳужумлар барбод бўлганини айтди. Ҳозиргача нималар маълум?

Донбассдаги украин ҳарбийлари. Фото: Leo Correa / AP / Scanpix / LETA

Украина армияси россияликлар ишғолида қолаётган мамлакат жанубида анчадан буён кутилаётган ҳужумга ўтилгани ҳақида маълум қилди. «Украина қуролли кучлари Украина жанубида кўплаб йўналишларда, хусусан Херсонда ҳам юриш ҳаракатлари бошлади», — деди «Жануб» хавфсизлик ва мудофаа кучлари расмий вакили Наталья Гуменюк.

Ўз навбатида «Каховка» оператив гуруҳи «ДХР»нинг 109-полки ва полкни «қўллаб-қувватлаш учун юборилган» россиялик десантчилар эгалланган позицияларидан чекингани ҳақида хабар берди. Гуруҳ матбуот хизмати россиялик ҳарбий ёки «ДХР» жангчиси 29 август куни Украина қуролли кучлари «биринчи мудофаа чизиғини ёриб ўтгани»ни айтган видеони намойиш этган. «Украинская правда» ва «Ҳромадске» нашрлари манбалари ҳам россияликлар мудофааси ёриб ўтилганини тасдиқлаган, журналист Андрей Цаплиенко эса Гуменюк унга «ДХР»нинг 109-полки чекинаётгани тўғрисидаги маълумотни расман тасдиқлагани ҳақида ёзган.

Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари ўринбосари Олексий Мацулевич Херсон учун жанглар бошланганини ёзган, аммо кейинроқ постни ўчириб юборган. Бундан ташқари, украин телеграм-каналларида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга ҳавола қилинган ҳолда Украина армияси Херсон областидаги Сухой Ставок аҳоли пункти эгаллангани ҳақида хабар тарқатди, бу посёлка Херсондан 90 километр масофада жойлашган. Аммо бу маълумот Залужнийнинг норасмий каналидан тарқалган ва ҳозирча тасдиғини топмаган.

Кейинроқ CNN Украина армиясидаги манбаларига таянган ҳолда Херсон областидаги тўрт қишлоқ озод этилгани ҳақида хабар тарқатди. Манба сўзларга кўра, гап Томина Балка, Правдино, Новодмитровка ва Архангельское қишлоқлари тўғрисида кетади. «Кўрамиз, буёғи қандай давом этаркин. Бизнинг мақсадимиз — Херсон», — деган CNN манбаси.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк жамоат арбобларидан «шов-шувли баёнотлар» беришдан тийилишга чақирди. «Истаклар ва орзуларимизни тушунаман. Аммо шунга қарамай бизнинг ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларимиз бўйича изоҳ беришда эҳтиёткорлик билан ёндашишни таклиф қиламан…», — деган у. Гуменюк эса «ҳар қандай ҳарбий амалиёт сокинликни талаб этиши»ни қўшимча қилган. «Одамлар бундай ижобий янгиликларни жуда узоқ вақтдан буён кутаётганини англаган ҳолда, биз чиндан ҳам маълум ҳаракатлар бўлаётганини хабар қилишимиз мумкин. Аммо бундан кейин бу воқеа бўйича қўшимча тафсилотларни қидирмасликни сўраймиз»…», — деган у.

Америкалик икки мулозим CNN мухбири билан суҳбатда Украина қуролли кучлари «жиддий қарши ҳужум» учун шароит ҳозирлаётганини айтган. Нашр суҳбатдошларига кўра, бундай амалиёт ҳужум олдидан амалга ошириладиган стандарт операциялар бўлиб, жанг майдонини тайёрлаш учун қурол омборлари, қўмондонлик пунктлари ва бошқа ҳарбий нишонларга зарбалар беришни ўз ичига олади. CNN журналисти Жим Шутто шахси сир сақланишини сўраган америкалик амалдорга таянган ҳолда твиттер саҳифасида қўшимча қилишича, АҚШ Россия олдинги чизиққа кутилганидек кўп сонли бўлинмалар юбора олмаслигини аниқлагани ҳам Украинанинг ҳужум бошлаш режаларига таъсир кўрсатган.

Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти эса ҳақиқий юриш кузатилмаётганини маълум қилди. «Бу фейк. Украина қуролли кучлари юриши — бу қандайдир иллюзия, кино. Ҳеч ким ҳеч қаерга юриш қилмаяпти, ҳеч ким чекинмаяпти. Бу ахир фантазия. Хотиржам яшашда, ривожланишда давом этамиз», — деган ТАСС мухбирига «янги маъмурият» расмийси Кирилл Стремоусов. Унинг сўзларига кўра, «Ғарб [украин ҳукуматидан] муайян ҳаракатлар талаб этмоқда, [Украина президенти Володимир] Зеленский эса қандайдир чора кўришга қодир эмас, шу туфайли тинч аҳолини ўққа тутмоқда».

Херсонда яшовчи аҳоли вакиллари Беларусдаги «Зеркало» нашрига шаҳарда ҳарбий ҳаракатлар кузатилмаётганини айтган. Шу билан бирга, уларнинг сўзларига кўра, ўтган тунда портлаш овозлари одатдагидан кўпроқ эшитилган. Россиялик ҳарбий мухбир Роман Сапоньков Херсон шаҳридан тахминан 100 километр масофадан ўтган Херсон ва Миколайив областлари чегараси яқинидаги Давидов Брод қишлоғига борганини хабар қилган. У «десанчилар қандай жангга киришаётганини кўргани»ни айтган. «Душман ҳужум қилиб, ҳимоямизни тишламоқда... Афтидан, ҳаммаси жиддий бошланган. Зарбанинг асосий йўналиши қаерда экани ҳали аниқ эмас», дея ёзди у Telegram-каналида. Сапоньков амалда қўшинлар чекинаётганини тасдиқлаган: «Эрта тонгдан иттифоқчи қисмлар жуфтлакни ростлаш бўйича Сурия нормативини топширишди. Сафарбар қилинган йигитлар, уларни айблашим қийин. Юзага келган бўшлиқни десантчилар ёпишди».

РФ мудофаа вазирлиги украинларнинг юриши муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар қилган. Вазирлик талқинига кўра, Украина қуролли кучлари Миколайив ва Херсон областларида уч йўналишда ҳужумга ўтган, аммо «катта йўқотишларга учраган». «Жанглар давомида украинларнинг 26 та танки, 23 та жанговар пиёдалар машинаси, тўққизта бошқа жанговар зирҳли машиналар йўқ қилинди, иккита Су-25 штурмовики уриб туширилди. Рақибнинг жонли кучдаги йўқотишлари 560 дан ортиқ ҳарбийни ташкил этади. Рақибнинг навбатдаги ҳужумкор уринишлари барбод бўлди», — дейилади Россия томони хабарида. Украина қуролли кучлари Бош штаби кечқурунги ҳисоботида юриш ҳақида эслатиб ўтмаган.

Мавзуга оид