Ўзбекистон | 16:34 / 31.08.2022
33720
6 дақиқада ўқилади

ШҲТнинг геосиёсий ўрни ва Ўзбекистон манфаатлари — Самарқанд саммити олдидан экспертлар билан суҳбат

Ўзбекистон катта сиёсий тадбир арафасида. 15−16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) навбатдаги саммити бўлиб ўтади.

Саммит доирасида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий, молиявий, инвестициявий ва хавфсизлик борасида ҳамкорликни кучайтиришни кўзловчи битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Саммит ва унда кўриладиган масалалар Россия ва Украина ўртасида давом этаётган уруш билан бир вақтга тўғри келиши дунё давлатлари эътиборида бўлиб турибди.

Kun.uz мухбири Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва унинг Самарқанд саммити, бунинг Ўзбекистон учун натижа ва оқибатлари борасида Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан интервью уюштирди.

— Самарқанд саммити ҳақидаги саволларга ўтишдан аввал унинг ўзи қандай ташкилот, минимум ва максимум мақсадлари, режалари қандай, деган саволга жавоб изласак.  Хўш, дастлаб “Шанҳай бешлиги” бўлиб очилган ташкилот мақсадлари, режалари қайси эволюциялардан ўтди-ю, бугун қаёққа қараб боряпти?

Раҳматилла Нуримбетов:

— Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсати учун жуда муҳим тадбир арафасида турибмиз. Саммит илк бор Самарқандда, анча кенгайтирилган форматда ўтиши кутиляпти. Бу ўзбек дипломатияси учун катта масъулият.

Бевосита ШҲТ ҳақида гапирадиган бўлсам, бу типология бўйича янги турдаги ташкилот. Янги минтақавийликка бориб тақалади, десак хато бўлмайди. У XX аср охирида классик халқаро ташкилотлардан фарқли ўлароқ, бошқа бир макон, бошқа бир сиёсий, иқтисодий, маданий, жўғрофик маконда юзага келган.

Биз бу ташкилотнинг чуқур тарихий илдизларини ҳам кўришимиз мумкинки, аслида бу Хитой ва Совет иттифоқи ўртасида чегара масалалари, чегара ҳудудларида ўзаро ишонч чораларини, яъни ҳарбий қўшинларни камайтириш, хавфсизлик масалаларида бошланган мулоқотнинг давоми деса бўлади.

Собиқ иттифоқ парчаланаркан, бу жараён иштирокчилари ўзаро чегарадош давлатлар сифатида Хитой, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонга ўзгарди. Бу орқали уларда янги мулоқот механизми юзага келди. Буни биз “Ad hoc” — махсус масалалар учун дипломатия десак ҳам бўлади.

Вақт ўтиб шу нарса кўриндики, буни қандайдир доимий мулоқот форматига айлантириш ҳам мумкин. Томонларда бунга эҳтиёж мавжудлиги кўринди.

Бу орқали қисқа вақт ичида бир қанча катта муаммолар ҳам ҳал бўлди ва шу жиҳат “Шанҳай бешлиги” юзага келишига сабаб бўлди.

Бунинг бошқа жиҳатлари ҳам кўп. Масалан, Марказий Осиёда юзага келган вазият – бу ерда мустақил давлатларнинг шаклланиши, сиёсатшунослар тили билан айтганда, Россиянинг кучсизланиши ёки Хитойнинг дунёга очилиши, иқтисодий кучайиши ва унинг хавфсизлик соҳасидаги манфаатлари.

Мана шуларнинг эволюцияси ва ташкилотга Ўзбекистоннинг қўшилиши билан 2001 йил биз билган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти юзга келди.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керак, бу ташкилотга Ўзбекистоннинг тўлақонли ва таъсисчи бўлиб қўшилиши жуда муҳим эди. Чунки Ўзбекистоннинг минтақадаги роли жуда муҳим. Чунки минтақадаги ҳар қандай кучли лойиҳага Ўзбекистондай кучли давлатнинг қўшилмаслиги лойиҳа истиқболига албатта таъсир қилади. Шу томондан Ўзбкистоннинг ташкилотга қўшилиши уни тўлақонли минтақавий ташкилот бўлишига туртки бўлди.

Камолиддин Раббимов:

 Совет иттифоқи қуларкан, Хитойда кучли хавотир пайдо бўлди. Чунки Хитой ҳам таркиби кўп миллат ва минтақалардан иборат давлат. Уни хавотирга солган омилларнинг биринчиси бу – сепаратизм. Хитойда бу хавотир ҳамон сақланиб қоляпти.

Хитой ШҲТда учта асосий хавф бор дейди, булар сепаратизм, экстремизм ва терроризм. Унинг учун Марказий Осиё давлатлари атрофида ва постсовет ҳудудида ШҲТнинг тузилишидан пировард мақсад бу – “уйғур сепаратизми” ёки бошқа хавфлар билан курашишда минтақавий жипсликни таъминлашдир.

Бу ташкилот йиллар ўтиб, энди хавфсизликдан катта геоиқтисодий ва геосиёсий форматга кўчиб боряпти.

Бу ташкилотнинг икки кўзидан бири хавфсизлик бўлса, иккинчиси иқтисод.

Бу томондан Хитойнинг хавфсизлик борасида ШҲТ олдига қўяётган масалалари йилдан йилга чуқурлашиб боряпти. Чунки ҳозир глобаллашув, ижтимоий тармоқлар даври.

Хитой сўнгги йилларда ҳудудий яхлитлик борасида бир қанча инқирозларни бошдан кечиряпти. Шунингдек, коллектив ғарбдан Хитойнинг ҳудудлари ва ичкаридаги ўзликлар борасида босимлар ортиб боряпти. Буни ҳамма билади.

Бугун масалан, Вашингтонда ёки Брюсселда кўплаб юқори лавозимларга тайинланаётганлар орасида этник уйғурлар кам эмас.

Демак, Хитой ШҲТ олдига у аввало ҳудудий яхлитликни сақлаши керак, деган вазифани қўймоқда.

Суҳроб Бўронов:

— Бугун ШҲТнинг трансформация жараёни жуда қизиқ форматда ривожланмоқда. Хусусан, у эндигина 21 ёшга тўлди, лекин минтақа ва дунё олдида турган глобал муаммоларни ҳал қилиш масаласини кун тартибига қўймоқда.

Шунингдек, ШҲТнинг жўғрофий жиҳатдан кенгайиши бошқа ташкилотларга қараганда ажралиб туради. Масалан, Европани Европа уйига қиёслашса, ШҲТни Осиё уйига қиёслашади. Европада Брексит жараёнлари вужудга келаётган бир пайтда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотида янги аъзоларни қабул қилиш жараёни кучайиб боряпти.

Бу эса сиёсатшунослар тили билан айтганда, кўп қутбли дунё шаклланишига сабаб бўляпти.

Бундан ташқари, ШҲТда кўрсатилаётган ташаббуслар кўламидан минтақалараро мулоқотнинг кенгаяётганини кузатишимиз мумкин. Масалан, Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши орқали Жанубий Осиё минтақасидан, Эроннинг ташкилотга аъзо бўлишидан яқин шарқ минтақаси билан алоқалари кенгаймоқда. Бу эса ташкилот мақомини кўтаради.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид