Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги уруш глобал молия тизимидаги «доллар эраси» тугашига олиб келадими?
АҚШ доллари молиявий хавфсизлик ва иқтисодий фаровонлик рамзи ҳисобланади. У ХХ аср ўрталаридан кейинги даврда халқаро молия тизимида инкор этиб бўлмас устун мавқега эга бўлиб келмоқда. Қандай қилиб доллар бундай қудратга эришди ва Украина урушидан кейинги дунё тартиботида унга муқобил рақобатчилар пайдо бўлиши мумкинми?
Бир неча ўн йилдан бери АҚШ доллари халқаро тижоратнинг қони ва Қўшма Штатлар қудрати сақланиб туришида барқарор омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мураккаб геоиқтисодий жараёнлар, глобаллашув тенденцияси ва бир қутбли дунё кўп қутблига айланган бўлса-да, халқаро савдода доллар етакчилигини сақлаб қолди. Айни пайтда халқаро ҳисоб-китоб операцияларининг 60 фоизидан ортиғи ҳали ҳам АҚШ долларида амалга оширилаётгани бунинг яққол исботидир. Доллар қудратининг сири нимада ва унга потенциал рақобатчилар юзага келиши мумкинми?
Бреттон-Вудс битими
1944 йилнинг июлида АҚШнинг Бреттон-Вудс шаҳрида дунёнинг етакчи молиячилари ва йирик давлатлар вакиллари иштирокида конференция ўтказилади. Унга кўра, бир троя унция (31,1 грамм оғирликда) олтиннинг қатъий ва ўзгармас баҳоси 35 АҚШ доллари қилиб белгиланди. Конференция қатнашчилари халқаро тўловларда олтин ўрнига долларда ҳисоб-китоб қилишга келишиб олишди. Бу долларнинг олтинга тенглаштирилиши эди. Ўз навбатида АҚШга ҳар доим белгиланган қиймат эвазига олтин сотиш кафолатини бериш мажбурияти юклатилади. Бу ваъдага кафил бўлиши мумкин бўлган омиллар ҳам талайгина эди. Қўшма Штатлар уруш йилларида улкан бойликка эга бўлди. Хусусан, 1938 йилда Вашингтоннинг олтин захиралари 13 минг тоннани ташкил этган бўлса, 1945 йилда 17,7 минг тоннага, 1949 йилда эса 21,8 минг тоннага етиб, бутун дунёдаги олтин захираларининг 70 фоизини ўзида тўплашга эришди.
Битимдан кейинги дастлабки йилларда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европани қайта тиклашга қаратилган Маршалл режасига мувофиқ, Европа миллий иқтисодиётларига доллар «киритиш» бошланди. Бунинг натижасида Европа давлатлари марказий банклари олтин-валюта захираларида долларнинг улуши сезиларли даражада кўпайди. Аммо вақт ўтиши билан доллар ҳам инфляция ва девальвация таъсиридан четда қолмади. Ўтган асрнинг 60-йиллари охирида валюта бозорларида доллар қиймати тушиб кетишига олиб келган АҚШ иқтисодиётининг навбатдаги пасайиши юз беради. 1968 йилдан олтин баҳоси икки хил курсда, ҳам олдинги келишув бўйича, ҳам бозор баҳосида белгилана бошлади.
Доллар инқирози ҳақида илк миш-мишлар
Валюта курси ўзгара бошлаши фонида Франция президенти Шарл де Голл халқаро тўловлар фақат олтинда амалга оширилиши шартлиги ҳақидаги баёнот билан чиқади.
«Олтин хусусияти ҳеч қачон ўзгармайди: у ёмби, танга ва бошқа кўринишда бўлиши мумкин, унинг миллати бўлмайди, у қадимдан ўзгармас қиймати учун бутун дунёда қабул қилинади. Шубҳасиз, бугун ҳам ҳар қандай валюта қиймати бевосита ёки билвосита олтин билан ўлчанади», дея таъкидлаган Шарл де Голл Франция давлат резервларидаги бир ярим миллиард нақд долларни олтинга алмаштириб беришни талаб қила бошлайди.
Шундан сўнг икки йил ичида Франция АҚШдан долларга алмаштириб 3 минг тоннадан ортиқ олтин олиб келади. Французлар ортидан немислар ҳам худди шу йўлни танлашади. Аста-секин иттифоқдош бошқа мамлакатлар марказий банклари ҳам АҚШдан долларларини олтинга алмаштириб беришини талаб қила бошлайди.
1968 йил мартида АҚШ биринчи марта долларнинг олтинга эркин алмаштирилишини чеклайди. 1971 йилнинг июл ойи охирига келиб АҚШнинг олтин захираси кескин пасайиб кетади. Шундан сўнг «Никсон-шок» номи билан тарихга кирган воқеа содир бўлади. Ўша йилнинг 15 августида АҚШ президенти Ричард Никсон долларнинг олтинга боғлиқлиги бекор қилинганини эълон қилади. Бу эса долларнинг инқирози ҳақида илк гаплар тарқала бошлашига сабаб бўлади.
Ямайка келишуви
1971 йилда олтин баҳоси 35 доллардан 38 долларга, 1973 йилда эса 42 долларгача кўтарилиб кетади. Шундан сўнг 1976 йилнинг январида Ямайканинг Кингстон шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси конференцияси ўтказилади ва янги битим имзоланади. Ямайка валюта тизими номи билан кирган келишувга асосан долларнинг олтинга аниқ нарх асосида конвертация қилиб берилиши бўйича келишув бекор қилинди ва олтин ҳам, доллар ҳам тўлалигича бозор принциплари асосда муомалага қўйиб юборилди.
Ямайка валюта тизимининг асосий тамойиллари:
- олтин стандарти ва олтин паритетлари расман бекор қилинди (ички ва халқаро операциялар учун валюталарни олтинга боғлаш);
- олтиннинг демонетизацияси белгиланди: марказий банкларга олтинни оддий товар сифатида бозор нархларида сотиш ва сотиб олишга рухсат берилди;
- валюта захираларини шакллантириш учун «жаҳон пуллари» сифатида фойдаланиш мумкин бўлган SDR тизими жорий қилинди. SDR функцияларига тўлов балансларини тартибга солиш ва миллий валюталар қийматини таққослаш ҳам киритилди;
- SDR’дан ташқари АҚШ доллари, фунт стерлинг, Швейцария франки, япон иенаси, немис маркаси ва француз франки расман захира валюталари сифатида тан олинди (немис маркаси ва француз франки еврога айлантирилган);
- валюта бозорида талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллантириладиган эркин сузувчи валюта курслари режими белгиланди.
Ямайка келишувидан кейин кўпчилик энди доллар қулаши аниқлиги ҳақида баёнотлар берди. Аммо бу пайтга келиб бутун дунё молия тизими долларга қарам бўлиб улгурган, ҳар қандай халқаро иқтисодий муносабатларда энг қулай муомала воситаси АҚШ долларига айланиб қолганди.
АҚШ доллари ҳукмронлиги тугаяптими?
Гарчи АҚШ доллари жаҳон бозорида ҳали ҳам катта ролга эга бўлса-да, сўнгги йигирма йил ичида унинг ҳукмронлиги аста-секинлик билан пасайиб бормоқда. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг охирги ҳисоботига кўра, марказий банклар томонидан АҚШ долларида сақланаётган захираларнинг улуши аср бошидан буён 12 фоиз бандга камайиб, 1999 йилдаги 71 фоиздан 2021 йилда 59 фоизга қисқарган. Шундай бўлса-да, доллар қолган валюталарга нисбатан юқори даражадаги доминантликни ушлаб турибди.

Украинада уруш бошланганидан кейин Ғарб давлатлари Россияга қарши бир қанча оғир санкцияларни жорий қилди. Хусусан, Россия Марказий банки валюта захиралари музлатиб қўйилди. Халқаро валюта жамғармаси директорининг биринчи ўринбосари Гита Гопинатҳнинг фикрича, Ғарб томонидан Россияга қарши қўлланаётган молиявий санкциялар АҚШ долларининг дунёдаги ролини аста-секин заифлаштириши ва халқаро валюта тизими янада парчаланишига олиб келиши мумкин. Бу Қўшма Штатлар билан геосиёсий алоқалари ёмонлашиши мумкин бўлган давлатлар, хусусан, Хитойнинг валюта захиралари хавфсизлигини қайта кўриб чиқишга янги туртки берган ва долларга асосланган молиявий тизимлардан халос қилиш ва муқобил вариантларни излаш учун саъй-ҳаракатларини тезлаштирган.
Ҳарвард университети профессори Кеннет Рогофнинг таъкидлашича, доллар ҳукмронлиги кейинги 20 йил ичида барҳам топиши мумкин. Сабаб сифатида Россиянинг доллар устунлик қиладиган жаҳон молия тизимига киришини чеклаб қўйган санкциялар жорий қилингани келтириб ўтилган.
«Халқаро молия тизимидаги ўзгаришлар АҚШ доллари билан рақобатлашиши мумкин бўлган воситалар пайдо бўлишини тезлаштиради. Бу, албатта, бир кечада содир бўлмайди, аммо 50 йил давом этиши мумкин бўлган тенденция, 20 йилда амалга ошиши мумкин», деган у.
Уруш бошлангандан кейин Россия энергиясининг асосий истеъмолчилари бўлган Хитой ва Ҳиндистон ҳам кейинги бир неча ой ичида харидларни кўпайтирди ва савдо операцияларини аввалгидек долларда эмас, балки ўз миллий валюталарида амалга ошира бошлади.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровга кўра, Самарқандда бўладиган ШҲТ давлат раҳбарлари саммитида «Ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валютадан фойдаланишни кенгайтириш тўғрисида»ги йўл харитаси тасдиқланиши мумкин.
Шунингдек, Саудия Арабистони Хитойга нефт сотишнинг бир қисмини юанда амалга оширишни кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Муқобил танловлар борми?
Ҳозирда жаҳон бозори Европадан Осиёга томон кўчмоқда. Бу ҳудуддаги мамлакатларнинг жуда катта қисмининг ташқи савдо айланмасида Хитой етакчилик қилади. Бундан ташқари, дунёнинг глобал кучга эга компаниялари ва ишлаб чиқарувчилари учун ҳам маҳсулот сотишда Хитой энг катта бозор ҳисобланади. Бу эса расмий Пекиннинг доллар устунлик қиладиган халқаро тўловлар инфратузилмасига муқобил вариантларни ишлаб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатларини рағбатлантиради.
Goldman Sachs инвестиция банкининг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб юань иена ва фунтдан ўзиб, дунёнинг учинчи йирик захира валютасига айланади ва глобал валюта активларининг 10 фоизигача бўлган қисмини ташкил этиши мумкин. Аммо мамлакатдаги кучли капитал назорати ва ёпиқ ишлаш тизими юаннинг долларга рақобатбардош валютага айланишига тўсқинлик қилади.
«Хитой АҚШ каби гегемон иқтисодий қудратга эга, аммо у йирик молиявий кучга айланиш учун инфратузилма қура олгани йўқ», дейди PineBridge Investments таҳлилчиси Андерс Фаэргеманн.
Шунингдек, давлатлар ХХ аср ўрталаридаги каби ўз захира активларини тўлиқ олтинда ҳам сақлай олишмайди. Чунки бу тўловларни амалга оширишда ноқулайликлар юзага келтиради. Шу сабабли ҳам олтин сотиш ёки сотиб олиш занжирининг бошида ва охирида барибир доллар бўлади.
Евро доллардан кейинги энг йирик миқдорда сақланадиган захира валютасидир, аммо унинг қиймати евроҳудуддаги инқирозли ҳолат туфайли ноаниқликларни юзага келтирмоқда.
Бундан ташқари, бир қанча мутахассис томонидан глобал мақомга даъво қилиши тахмин қилинган криптовалюталар қиймати жуда ўзгарувчан ва беқарор бўлгани сабабли уларга нисбатан ишонч ҳам кескин пасайиб кетди.
Мавзуга оид
23:08 / 06.05.2025
АҚШ ва Ғарбий Европа аҳолисининг қарийб ярми Россия туфайли учинчи жаҳон уруши бошланишини кутмоқда
19:09 / 06.05.2025
«Танамда 20 тача осколка бор» – Россияда мажбуран урушга юборилган ўзбекистонлик ҳикояси
09:10 / 19.04.2025
Трамп Украина урушида воситачиликни тўхтатиш билан таҳдид қилди
13:55 / 14.04.2025