Ўзбекистон | 08:22 / 02.09.2022
6554
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада Ботаника боғи ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилояти Қўқон ўрмон хўжалигида намунавий доривор ўсимликлар Ботаника боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги қўмитасининг Тошкент Ботаника боғи негизида доривор ўсимликлар Ботаника боғини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Ўрмон хўжалиги қўмитаси Фанлар академияси, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар Қўқон ўрмон хўжалиги Янгиобод бўлимида намунавий доривор ўсимликлар Ботаника боғини ташкил этиш чораларини кўради.

Қўқон ўрмон хўжалиги Янгиобод бўлимидаги Ботаника боғига қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

  • хорижий мамлакатлар доривор ўсимликлари интродукцияси ҳамда уларни республика ҳудудларида иқлимлаштириш, етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш;
  • биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш, камёб, йўқолиб бораётган доривор ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаш борасида Фанлар академияси билан ҳамкорликда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
  • доривор ўсимликларни кўпайтириш, етиштириш ва қайта ишлаш бўйича туризмни ривожлантириш;
  • доривор ўсимликлар ботаникаси ва етиштириш агротехнологияси бўйича Андижон, Наманган, Фарғонада жойлашган ОТМ билан илмий тадқиқотлар ўтказиш, доривор ўсимликлар етиштириш бўйича агротехнолог ва ботаника соҳасида мутахассисларни тайёрлашда амалий кўмак кўрсатиш ва шароитлар яратиб, фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид