Ўзбекистон | 20:22 / 04.09.2022
37909
4 дақиқада ўқилади

Ваҳшийлик такрорланди – Зарафшон дарёсида яна минглаб балиқлар нобуд бўлди

Бу сафар ҳам ҳолатга “Навоийазот” корхонаси томонидан дарёга зарарли моддалар меъёридан ортиқ оқизилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Агар бу тасдиқланса, “Навоийазот” АЖ Зарафшон дарёсининг “қотили”га айланган бўлади. Kun.uz бир ҳафта олдин ўтган йилги ҳолатни ёдга олган ва иш ҳамон терговда эканлигига эътибор қаратганди.

2022 йилнинг 4 сентябр куни Зарафшон дарёсида йирик экологик инқироз такрорланди: минглаб балиқлар номаълум сабаб туфайли нобуд бўлди. Шу куни дарё атрофида яшовчи маҳаллий аҳоли балиқлар оммавий қирилаётганининг гувоҳи бўлишган. Ачинарлиси, ўлик ҳолатда оқиб келаётган балиқларнинг аҳоли томонидан тутиб кетилиши ҳолатлари ҳам учраган.

Балиқларнинг ўлимига уларнинг заҳарланиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки бу каби ҳолат 2021 йилнинг октябр ойида ҳам содир бўлганди. Ўшанда “Навоийазот” корхонаси томонидан дарёга ҳаёт учун хавфли моддалар меъёридан ортиқ чиқарилгани айтилганди.

Аҳолидан тушган мурожаат асосида Зарафшон дарёси атрофи келиб ўрганилганида, балиқларнинг нобуд бўлиш ҳолати кўзга ташланди. Барча инспекторлар тезкор тадбирга жалб қилиниб, балиқларни йиғиб олиш ишлари бошланди. Бундан бир йил муқаддам ҳам шундай ҳолат такрорланган эди. Бу йилги ҳолат ҳам ўтган йилгидай ачинарли. Инспекторлар томонидан дарёга ташланадиган барча ташланмалар ўрганилди. Хусусан, дарё оқими бўйлаб ўрганиш ишлари олиб борилганида “Навоийазот” корхонасига қарашли 267-қудуқдан юқори қисмида балиқлар нобуд бўлиш ҳолати учрамади. Балиқларнинг қирилиши мазкур қудуқнинг қуйи қисмида кузатилди”, — дейди Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси раҳбари Шерали Ғофуров.

 

267-қудуқдан “Навоийазот” корхонаси ташланма сувлари Зарафшон дарёсига оқизилади. 2021 йилнинг октябр ойида кузатилган ҳолатда мазкур қудуқдан олинган таҳлилларда азот аммоний, азот нитрат ва азот нитрит белгиланган меъёрлардан бир неча баробар юқорилиги аниқланган

Ҳозирда мутахассислар томонидан ўлган балиқлар териб олинмоқда. Нобуд бўлган балиқлар орасида Қизил китобга киритилган турлар ҳам бор. Эндиликда дарё суви ва нобуд бўлган балиқлардан намуна олиниб, экспертизадан ўтказилади. Тегишли хулосалар аниқ бўлгач ҳолат сабаблари ойдинлашади.

Ўтган йилги ҳолатда табиатга 4,8 млрд сўм зарар етказилганди. Бош прокуратура ҳолатни назоратга олгани айтилган эди. Бироқ орадан қарийб 1 йил муддат ўтганига қарамай, иш ҳамон терговда эканлиги маълум бўлди. Навоий вилояти ИИБ эса тергов нега якунига етказилмаганлигини изоҳламади.

Мутахассисларга кўра, бу сафарги зарар ҳам ўтган йилгидан кам эмас. Мазкур йирик экологик инқирознинг такрорланиши Зарафшон дарёси балиқларининг буткул қирилиб кетиш хавфини юзага келтирмоқда.

Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.

 

 

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов. 

Мавзуга оид