Ўзбекистон | 14:48 / 07.09.2022
5619
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар Сенат раиси ўринбосари тўғрисидаги масалани кўриб чиқади

Сенат 32-ялпи мажлиси қачон чақирилиши маълум қилинди.

Фото: Senat.uz

Жорий йил 7 сентябрь куни Сенат кенгаши навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда Сенат ўттиз иккинчи ялпи мажлисини 2022 йил 13 сентябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ялпи мажлисда сенаторлар Сенат раиси ўринбосари тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар.

Ялпи мажлисда бир қатор қонунлар муҳокама қилинади. “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.

“Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.  

Ялпи мажлисда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 2022 йил I ярим йиллиги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиш режалаштирилган.

Фарғона вилояти Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани ҳамда Наманган шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади.

Сенаторлар Боёвут, Қарши, Олот, Бўстон ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижаларини муҳокама қилади.

Ялпи мажлисда давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йил биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини кўриб чиқиш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид