Жаҳон | 09:46 / 08.09.2022
2827
2 дақиқада ўқилади

БМТ миссияси Оленивкадаги асирларнинг ўлимини текширишга боради

БМТ экспертлари яқин кунларда Донбассга Оленивкадаги колониядаги портлашларни ўрганиш учун келади, деди БМТ бош котиби ўринбосари Розмари ДиКарло. 

Фото: AP

БМТ миссияси тузилди ва яқин кунларда Донбассга Оленивкадаги ахлоқ тузатиш колониясидаги портлашларни ўрганиш учун боради, бунинг натижасида 53 нафар украиналик ҳарбий асир ҳалок бўлган, 75 нафардан 130 нафаргача ҳарбий асир яраланганди. Бу ҳақда 7 сентябр, чоршанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Ди Карло маълум қилди. «Миссия раҳбари Алберто дос Сантос Крусга тажрибали мутахассислар ҳамроҳлик қилади. Миссия ташқи аралашувларсиз ишлай олиши, одамлар, жойлар ва далилларга хавфсиз, тўсиқсиз кириш имконига эга бўлиши керак», - деди у. 

3 сентябр куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Оленивкадаги украиналик асирларнинг ўлимини текшириш бўйича миссия ташкил этилганини маълум қилди. Унга кўра, Россия ҳам, Украина ҳам тергов ўтказишни талаб қилган. 

«ДХР» ҳудудида жойлашган Оленивкадаги колония баракларидан бирида 29 июль куни эрталаб портлаш содир бўлди. Россия Украинани асирлар сақланган бинога HIMARS тизимлари билан зарба берганликда айбламоқда. Киев буни қатъиян рад этди. Ҳарбий экспертлар руслар у ерда термобарик ўқ-дориларни қўллаган, деган фикрга келди. 

Ўз навбатида, CNN телекомпанияси ўз текширувини ўтказди ва колонияга зарба HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизими орқали амалга оширилмаган, деган хулосага келди. Мутахассисларга кўра, суратда ҳарбий асирлар сақланган бинонинг деворлари тик тургани ва томнинг катта қисми бутунлигича қолганини кўриш мумкин. Бу ҳақда 11 август куни эълон қилинган CNN материалида айтилади. Ҳеч бир жойда ЯЎРТ зарбасидан кейин юзага келадиган воронка (бомба ёки замбарак портлаган жойда ҳосил бўлган чуқур) кўринмаган. Россия массмедиаси томонидан кўрсатилган HIMARS ракетасининг серия рақами эса бундай кучли ёнғинда сақланиб қолиши мумкин эмас эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид