Тошкентда бошпанасиз талабалар – вазир нима дейди?
“5 юлдузли меҳмонхонага борсангиз ҳам, ҳужжатингизни расмийлаштиргунча юкларингиз бироз вақт ўзингиз билан туради”, – дея ётоқхонага талабгор талабаларнинг юклари билан кўчада жавоб кутаётганига муносабат билдирди олий таълим вазири. У ётоқхоналар мавзусида журналистлар саволларига жавоб берди.
— Янги ўқув йилининг илк кунларида доимгидек яна хаос юзага келди. Талабалар ҳар тарафда сарсон-саргардон бўлди. Ҳеч бўлмаганда бошланғич курс талабаларини ўқиш бошланмасдан олдинроқ ётоқхонага жойлаштириб, кейин чақиришнинг иложи йўқми? Ёки ўқишни бир неча кун кечиктириш мумкиндир балки? Агар талаба ўқишга келса-ю, елкасида юки бўлса, унинг хаёлига ўқиш сиғмайди.
— 5 сентябр куни талабаларнинг маълум бир қисми ўқув жараёнлари тугагунга қадар ётоқхонага жойлаша олмаган ҳолатлар кузатилди. Лекин талабалар турар жойларга жойлаштириш 29 августдан бошланган. Олдинроқ келганларда муаммо бўлмаган. Ўқув бошлангандан кейин келганлар бироз қийналди.
Вазирликнинг барча ходимларини чиқардик. Ўзим ҳам чиқдим ўша куни. Талабалар турар жойларга жойлаштирилди. Тегишли мезонлар асосида жойлаштириш бироз вақт талаб қилади. Умуман олганда, беш юлдузли меҳмонхонага борсангиз ҳам, токи сизнинг ҳужжатингизни расмийлаштиргунга қадар юкларингиз бироз муддат ўзингиз билан туради. Ҳатто дипломатик паспорт билан бирор ерга борсак ҳам, 10-15 дақиқа юкимиз билан кутишга тўғри келади.
Ётоқхонага жойлаштиришда ҳам бироз кутиш ҳолати учрайди. Лекин ҳеч ким кўчада қолмайди. Ректорлар ҳам, тюторлар ҳам бу бўйича топшириқ олган.
— Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2022 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида 11 та таълим муассасаси учун ётоқхоналар қурилиши керак эди. Аммо шу кунгача битта, фақат ЎзДЖТУ учун ётоқхона қурилган. Қолган уч ой ичида 10 та ётоқхона қуриб битказиладими? Бунга қандай улгуриш мумкин? Агар бу кейинги йилга қоладиган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида 2023, 2024, 2025 йил учун ҳам алоҳида режалар бор. Режалар ортга сурилиб кетмайдими?
— Қурилиш масаласини 100 фоизга оқламоқчи эмасман. Ташвишларингизга асос бор. Фақат ЎзМУ мисолида оладиган бўлсак, талаба 5 та таълим муассасасини белгилаяпти. Айрим талабалар ҳозир ҳам тўхтамга келгани йўқ. Биз уларга яна бир имкон бердик. Яқинда супер-контракт бўйича қўшимча чоралар кўрилди. 5 сентябр куни бироз кутиб қолиши ҳам мана шу омиллар билан боғлиқ.
Аслида қачон у талаба ҳисобланади? Икки томонлама шартномани имзолаб, оз бўлса-да пул тўлов қилса, шундан сўнг талаба ҳисобланади. Шундан сўнг у дарсга келиши керак. 15 сентябргача муддати бор. Биз буни эълон қилганмиз. Лекин барибир улар ҳам жойлаштирилди.
Битта ОТМда муаммо кузатилса, уни бутун олий таълим тизимидаги муаммо деб ҳисоблашларингизга қаршиман.
Сарвар Бузрукхонов, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари:
— Ҳар қандай пойтахтда бўлгани каби Тошкентда ҳам қурилиш учун ер муаммоси бор. Бугунги кунда давлат хусусий шерикчилиги асосида 8,5 минг ўринли 14 та лойиҳа Тошкент шаҳрида иш бошлаган. Миллий университет учун минг ўринли ётоқхонанинг қурилиш жараёнлари кетмоқда. Тошкент давлат педагогика университети учун мўлжалланган минг ўринли ётоқхонанинг ерига қарор чиқиши керак. Тиббиёт институтига 400 ўринлиги топширилди. Педиатрия учун 400 ўринли ўзининг ҳисобидан қурилди. Албатта, бу йил 4400 ўринли 11 та бинони топшира олмаймиз. Чунки ДХШга тадбиркорлар қизиқишмади. Президентимиз томонидан субсидиялар миқдори уч баробарга оширилиб, тадбиркорларга мулкка эгалик ҳуқуқининг 22 фоизи берилгач, май ойидан 8 та тадбиркордан ташаббус билдирилди. Қонунчиликка кўра, тадбиркорлар ҳам танлаб олинади. Чунки у ерда манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги керак. Мана шу жараёнлар вақтни бироз чўзди. Шунинг учун бу йилда бироз кечикиш бўлади. Келгуси йили буни етказиб оламиз. Икки йилда бу ортиғи билан бажарилади. Қолаверса, бу 100 та билан тўхтаб қолинмайди.
Шу жараёнлар маблағ, тадбиркорга енгиллик масаласи ҳал бўлгандан кейин бошланди. Шунинг учун бу йилда кечикиш бўлади. Буни етказиб оламиз. Бу 100та билан тўхтаб қолинмайди. Мана, ҳозир президент фармони чиққан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Тошкент шаҳрининг ўзида 70 миллион долларга 38та ётоқхона қурмоқчи. Фақат ер масаласида Тошкент шаҳри билан келишиб олсак бўлди. Лекин бу йилгисида шу жараён кеч бошлангани учун улгурмаймиз.
Абдуқодир Тошқулов:
— Сиз айтган 11та ётоқхонанинг 50 фоизи қуриб битказилади, 60 фоизига жойлашадиган талабаларимизни биз касб-ҳунар мактабларидаги ётоқхоналаридан фойдаланиб, ички имкониятлардан келиб чиқиб, бошқа йўллар билан ётоқхона билан таъминлаймиз.
Баъзи ётоқхоналарда талаба турмайдиган хоналар кўпайиб кетган. Ётоқхоналарнинг биринчи қаватлари давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга берилган ҳолатлар бор. Шуларни қайтариб олиб, хонага айлантириш бўйича топшириқ бердик.
— Вилоятлардаги айрим ОТМларда ТТЖда яшаш ҳақи бир ой учун 280 мингдан дейиляпти. Аслида қандай бўлиши керак?
— Вилоятлардаги ТТЖларда ойлик суммани 200 минг сўмдан, Тошкентда эса 300 мингдан оширмасликни айтганмиз. Бу 280 минг сўм қайси олийгоҳда эканини билиб, нархини тушириб берамиз.
Умуман, ўзи олийгоҳ контракт ёки ТТЖ пулига қараб қолмаслиги керак-да. Тижоратлаштириш бўлимлари орқали ғоя, кашфиёт сотиши, маъруза ўқиб пул олиши, аудиторияларни ижарага бериши керак.
— Республика миқёсида эмас, Тошкент шаҳри бўйича алоҳида рақамларни айтсангиз. Шаҳарда талабалар сони қанча, уларнинг қанчаси вилоятдан келиб ўқийди ва қанчасида ТТЖга эҳтиёж бор?
— Тошкент шаҳрида кундузги таълимда 157 минг нафар талаба бор. Шундан ТТЖга эҳтиёжи борлар 82 892 нафар. ТТЖлар умумий қуввати 35 639 нафар. Ҳозирча 28 142 нафари, яъни 79 фоизи жойлашди.
Тегишли мезонлар бўйича биз босқичма-босқич жойлаштиряпмиз.
Сарвархон Бузрукхонов:
— Дастур бўйича Тошкент шаҳрида 74та ТТЖ қуриш мўлжалланган. Бу минимум кўрсаткич, ундан кўп бўлади. Ҳозир мана 9таси давом этяпти.
Абдуқодир Тошқулов:
— Бугун олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент шаҳар ҳокими ва Тошкент шаҳридаги ректорлар матбуот анжуманидан кейин йиғилиб, бу масалани яна кўриб чиқишга келишдик. Маҳаллалар билан ишлаш, керак бўлса, профессионал таълим муассасалари бўш ётоқхоналари бўлса, уларни вақтинча ОТМларга бериш ва ётоқхона қуришга ер ажратиш масалалари ҳам кўрилади.
Мадина Очилова,
Зуҳра Абдуҳалимова,
Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
20:25 / 23.08.2024
Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили 9 сентябрда бошланади
15:45 / 19.08.2024
Янги ўқув йилида қанча абитуриент талабаликка тавсия этилгани маълум қилинди
10:56 / 18.08.2024
1-курсга кирганлар ётоқхона учун ариза бера олмаётгани сабаби маълум қилинди
19:22 / 17.08.2024