Фронтдаги вазият: Украина бирин-кетин шаҳарларини озод этмоқда
Украина қуролли кучлари Харкив областида ҳужум қилишда давом этмоқда. Шанба куни украин кучлари логистик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Купянск шаҳрига киришди, Россия қўшини ушбу йирик шаҳар марказини тарк этишган. Жануброқдаги яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган марказ, Изюмга олиб борувчи йўл ўтадиган Лиман шаҳрига ҳам ҳужум қилинмоқда. Бу эса Изюм икки томондан ҳам ўраб олинганини англатади. Россиянинг Изюм атрофидаги 10 мингдан ортиқ қўшини қуршовга тушиш хавфи остида қолган, РФ мудофаа вазирлиги бу ҳудуддаги қўшинлар «ДХР» ҳудудига ўтказилаётганини маълум қилган.
Сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари Харкив областидаги муҳим аҳамиятга эга Балаклия шаҳри ва яна 30 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларни озод қилганди.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолардан бирида Купянск шаҳрига кириш жойида зирҳли машинада ўтирган украин аскарларини кўриш мумкин.
Россияпараст телеграм-каналларнинг айримлари украин кучлари шаҳарнинг фақат ғарбий қисмини эгаллаб, Оскол дарёсигача (дарё шаҳарнинг шарқини ғарбидан ажратиб туради) етиб боргани ҳақида ёзди. Аммо украин кучлари шаҳарни тўлиқ назоратига олгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Оператив нуқтайи назардан шаҳарнинг шарқий қисми бой берилгани ҳам Россиянинг Изюмдаги гуруҳига шимолдан таъминот етказиб беришни имконсиз қилиб қўяди. Гап шундаки шаҳарда Купянск темирйўл станцияси жойлашган, у орқали Россиянинг Изюм ҳудудидаги йирик гуруҳига таъминот етказиб келинаётганди.
Станция шарқий соҳилда жойлашган, аммо дарёнинг нариги соҳилидан туриб уни осонгина ўққа тутиш мумкин. Шу тариқа, Изюм гуруҳи асосий таъминот линиясидан узилиб қолади.
Харкив области кенгаши раиси маслаҳатчиси Наталья Попова фейсбукдаги саҳифасида шаҳар марказида турган украин аскарлари суратини эълон қилди.
«Купянск — бу Украина! Украина қуролли кучларига шон-шарафлар бўлсин!», — деган Попова ва Купянскдаги маъмурий бино олдида украин байроғини кўтариб турган украин аскарлари суратини жойлаштирган. Россиянинг «Агентство» нашри суратдаги бино Купянск шаҳар кенгаши биноси эканини тасдиқлади.
Россия ҳарбийлари Изюмни ташлаб кета бошлади, Лиманга ҳужум қилинмоқда
Тонгда Россия қўшини Изюмни тарк этаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда қўшинларда ўз манбаларига эга бўлган россиялик бир неча блогер хабар берган.
Ўз навбатида «ДХР» ахборот вазири ўринбосари Даниил Безсонов Россия қўшини Купянскдан 70 километр жануби-ғарбда жойлашган Изюм шаҳридан чекингани ҳақида хабар берди. 2014 йилда «ДХР» мудофаа вазири бўлган Иван Стрелков (ҳақиқий фамилияси Гиркин) ҳам россияликлар тўлиқ қуршов хавфи остида қолган Изюмни топшираётганини маълум қилди ва тўғри йўл эканини айтди.
Шунингдек, Украина қуролли кучлари шаҳарга кира бошлагани ҳақида хабарлар кела бошлаган, ижтимоий тармоқларда украин аскарлари шаҳарга киришда тушган суратлар тарқалган.
Фронтдан келаётган хабарлардаги учинчи шаҳар номи - Лиман. Украиналик ва россиялик ҳарбий блогерларнинг ёзишича, Украина қуролли кучлари Шимолий Донни кечиб ўтиб, Лиманга юриш қилаётгани ҳақида ёзишмоқда. Бу шуни англатадики, Россия армияси украинларнинг юришини Оскол ва Шимолий Дон бўйларида тўхтата олмаган.
Россияпараст WarGonzo телеграм-канали хабар қилишича, шаҳарнинг ўзида ҳам жанглар бошланиб кетган. Шу билан бирга бошқа бир канал - «Рибар» Лимандан ФВВ, ИИВ ва Росгвардия бўлинмалари олиб чиқилгани ҳақида хабар берган.
Лиманга зарба берилиши, агар Украина қуролли кучлари шу суръатда юриш қилишда давом этса, Изюмдан эвакуация бўлишга улгурмаган гуруҳлар қуршовга тушишига олиб келади.
Жума куни россиялик ҳарбий корреспондентлар ва расмий манбалар Харкив йўналишига мадад кучлари юборилаётгани ҳақида хабар тарқатганди.
«Ҳаво кўприги орқали Купянск ва Изюмга ёппасига ёрдам кучлари ташланмоқда. «Корова»лар (Ми-26 русумли оғир транспорт вертолётлари) тўқнашув чизиғи яқинига қўнмоқда. Бир неча қўниш нуқталари тайёрланган. Ми-26 вертолётлари зирҳли техникалар ва шахсий таркиб жангчиларини олиб келмоқда. Жангчилар рақибни тўхтатиш ва бундан кейин олдинга ўтишига йўл қўймаслик учун жанг майдонига йўл олмоқда», дея ёзганди ВГТРК ҳарбий репортёри Евгений Поддубний.
РФ мудофаа вазирлигининг жума кунги брифингида ҳам Харкив йўналишида захира кучлари йўллангани ҳақида маълум қилинганди. Шу куни Харкий йўналишида ҳаракатланаётган зирҳли техникалар ва ҳарбий кучлар колоннаси акс этган видеолар тарқалди.
Изюм гуруҳи Россия қўшини учун нақадар муҳим?
Изюмга ҳужум Россиянинг Украинага босқинидаги асосий йўналишлардан бири бўлганди. Урушнинг илк кунлариданоқ шаҳар тинимсиз ўққа тутилган, март ойи охирига келиб шаҳар вайронага айланган - апрел ойи бошида украин кучлари шаҳарни ташлаб кетишганди. Изюм ва унинг атрофида Россиянинг йирик қўшини жойлаштирилди.
Ҳарбий ҳаракатларнинг илк босқинида Изюм атрофидаги гуруҳ мадад кучи вазифасини ўтади - Харкивни жанубдан узиб қўйиш ва Украина қуролли кучларининг жануби-шарқдаги (Донбасс) жанговар бўлинмалари Харкивга ёрдамга кела олмаслигини таъминлаш ва шимолдан бостириб келаётган қўшинлар Украинанинг энг йирик иккинчи шаҳрини осонлик билан эгаллаши учун шароит яратиш.
Харкивни эгаллаш режаси нореал экани аён бўлганида эса, Изюм плацдармидан шимолдан туриб Донбассга ҳужум қилишга қарор қилинди. Ёз бўйи давом этган шиддатли жангларда Россия қўшинлари жанубда украин қўшинларини кучли босим остида қолдирди ва украинлар мудофааси Словянск остонасигача сурилишига эришди, аммо Изюм гуруҳи айтарли муваффақиятга эриша олмади - Словянск Украина назоратида қолди.
РФ мудофаа вазирлиги Харкив областида чекинганини тасдиқлади
10 сентябр кунининг иккинчи ярмига келиб РФ мудофаа вазирлиги Харкив областидаги вазият ҳақида илк бор маълумот берди. Вазирлик расмий телеграм-каналида айтилишича, «Донецк йўналишидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш» ва Донбассни озод этиш бўйича «махсус амалиёт» мақсадларига эришиш учун Балаклия ва Изюм атрофидаги қўшинларни қайта жамлашга қарор қилинган.
«Шу мақсадда уч кун мобайнида Изюм-Балаклия йўналишидаги қўшинларни Донецк халқ республикаси ҳудудига ташкилланган ҳолда олиб ўтиш бўйича амалиёт олиб борилди. Бу амалиёт давомида ҳарбийларнинг ҳақиқий ҳаракатларидан чалғитишга қаратилган махсус тадбирлар ўтказилди», дейилади хабарда.
РФ мудофаа вазирлиги қайд этишича, «Россия қўшинларига зарар етмаслиги учун рақибга авиация, ракета қўшинлари ва артиллерия қўлланган ҳолда кучли зарбалар берилган».
«Уч кун давомида икки мингдан ошиқ украин ва хорижлик ёлланма жангчилар ўлдирилди, шунингдек 100 дан зирҳли техникалари ва артиллерия қурилмалари йўқ қилинди», — дея қайд этади Россия ҳарбий идораси.
Мавзуга оид
07:50 / 29.10.2024
РФ Харкив марказидаги ЮНEСКО объектига ҳаво ҳужуми уюштирди
18:49 / 18.10.2024
Украина плацдарми кесиб қўйилган: Россия армиясининг Купянскка юриши ҳақида нималар маълум?
14:51 / 16.09.2024
Россия қўшини Харкивни бомбалашда давом этмоқда — фотосуратлар
10:20 / 16.09.2024