Жаҳон | 08:00
1687
2 дақиқада ўқилади

Днипрода РФ ҳужумида бир киши ҳалок бўлди, Харкивда ўнлаб одамлар жароҳатланди

Россиянинг Днипрога ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлди, бир киши яраланди, дея хабар бермоқда маҳаллий ҳокимият. Харкивда рус учувчисиз учоқларининг ҳужуми оқибатида қирққа яқин киши жароҳатланди.

Фото: Telegram / borys_filatovv

30 апрель, чоршанбага ўтар кечаси Россия учувчисиз учоқларининг Днипрога уюштирган оммавий ҳужуми натижасида камида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак ҳамда Днипро мэри Борис Филатовнинг Telegramʼдаги хабарларида айтилган.

Иккинчисининг таъкидлашича, Россия учувчисиз учоқларининг шаҳардаги ҳужуми чоғида бир киши жароҳатланган, камида бешта хусусий уй зарар кўрган.

Шу тунда Харкивга Россия учувчисиз учоқларининг йирик ҳужуми оқибатида камида 39 киши жароҳатланган, деб хабар берди шаҳар мэри Игор Терехов Telegramʼда. Ўз навбатида, Харкив ОҲМ раҳбари Олег Синегубов жабрланганлар орасида 16 ёшли ўғил бола, беш ёшли қиз бола ва 24 ёшли ҳомиладор аёл борлигини маълум қилди.

Игор Тереховнинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 23:26 га келиб, 16 та зарба қайд этилган. «Кўп қаватли ва хусусий уйлар, тиббиёт муассасаси ва фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрган», — дея рўйхатларни келтирди мэр.

Ўз навбатида, Харкив вилоят прокуратураси Telegramʼда қуролли можароларда содир этилган жиноятларга қарши кураш бўлими бошлиғи Спартак Борисенконинг шарҳини эълон қилди, унда Харкивнинг Слободской, Шевченко, Киев, Сальтовский ва Немишлянский туманлари ҳужумга учрагани кўрсатилган.

«Суспiльне Харкiв» Telegram-каналида Россиянинг Харкивга берган зарбалари оқибатлари акс этган бир қатор фотосуратлар чоп этилди. Уларда, жумладан, ёниб кетган машиналар ва ойналари синган кўп қаватли бинолар кўрсатилган.

Мавзуга оид