Ўзбекистон | 16:59 / 13.09.2022
22162
5 дақиқада ўқилади

Андижоннинг қуритилган кўли: унинг тикланишига умид борми?

Андижон шаҳридаги “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғи ичидаги кўл қуритиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбирининг аниқлашича, боғнинг биноларини гаров эвазига банкка қўйиб кредит олган МЧЖ устидан жиноят иши очилиб, ҳозирда боғ банк томонидан тақиққа олинган.

Фото: Kun.uz

“Болалигимиз шу кўлда ўтган эди”

Халқ тилида Комсомол кўли деб аталадиган бу сув ҳавзаси кўп йиллар давомида андижонликлар учун хизмат қилиб келган. Бироқ хозир боғ ҳудуди ташландиқ ва хароб ҳолатга келиб қолган.

Kun.uz мухбири шу манзилда бўлиб, боғнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганди.

“Болалигимиз шу кўл атрофида ўтган. Ҳар куни шу ердан мактабга борардик. Дарсдан сўнг айланиш учун манзилимиз ҳам шу ер эди. Бирор тадбирларни ҳам мана шу жойда ўтказардик. Иссиқ кунлари чўмилардик. Жуда ҳам гавжум жой эди”, – дейди шу ерда яшовчи фуқаролардан бири.

“Аммо сўнгги йилларда боғ ҳудудида қурилиш ишлари баҳонасида кўл суви қуриганига гувоҳ бўлдим. Ҳозир ҳам ҳар куни шу ердан ўтаман ва мутасаддиларнинг бепарволиги сабабли аянчли ҳолатга келиб қолган боғ ва кўлни кўриб кўзим ёшланади.

Бу ерда жуда катта чинор дарахтлари бор эди. Уларни ҳам кесиб йўқ қилишган. Умуман, боғ ташландиқ чиқиндихонага айланган”, – дейди у.

Комсомол кўли, 1976 йил. / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Спорт соҳаси вакилларидан бирининг таъкидлашича, Комсомол кўлида спортчилар доимий машқларни ўтказиб келишган. Ҳозирда вилоятда эшкак эшиш спорт тури билан шуғулланиш учун сунъий кўл қолмаган. Спортчилар оқим сувларида мусобақаларга тайёргарлик кўришяпти. Бу уларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кўлда машғулот олиб бораётган спортчи. / Фото: Kun.uz

Кўл кимларнинг қўлида?

Андижон шаҳар ҳокимининг 2014 йил 24 апрел кунги 240-сонли қарори билан вилоят халқ таълими бошқармаси ихтиёрида бўлган, Университет кўчаси 1-уй манзилида жойлашган “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғи шаҳар маданият ва спорт бўлими тасарруфига берилган.

Шаҳар ҳокимининг 2016 йил 7 декабр кунги 917-сонли қарорига асосан эса боғ Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи “Green Land Invest” МЧЖга 10 йил муддатга (келгусида муддатини узайтириш шарти билан) фойдаланишга ва реконструкция қилишга берилган.

Кўлнинг реконструкция қилиш режаси. / Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Бу қарор 2017 йил 30 январига келиб бекор қилинган. Ҳокимнинг ўша санадаги 28-сонли қарорига кўра, боғ бино ва иншоотлари билан “Qurilish-lizing servis” МЧЖга берилган.

Бу компания “ЎзМиллийбанк” АЖ Шайхонтоҳур туман филиалидан боғни қайта реконструкция қилиш орқали дам олиш маскани ташкил этиш лойиҳаси учун 14,5 миллиард сўм кредит олади. Гаров сифатида эса “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғи бинолари қўйилади.

Фото: Kun.uz
Кўл атрофида қурилиши бошланган бинолар / Фото: Kun.uz

Бироқ ташаббускор томонидан ўзига юклатилган вазифалар тўлиқ бажарилмагани, олиб келинган аттракционлар ва бошқалар талон-тарож қилингани аниқланиб, МЧЖ масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Бизга маълум бўлишича, иш доирасида боғ кадастр ҳужжатларининг асл нусхаси Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб қўйилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Кўлнинг олдинги ҳолати / Фото: Kun.uz

Боғ ва кўлнинг кейинги тақдири қандай?

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, боғ ва кўлнинг келажаги ҳамон сўроқ остида қолмоқда. Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ҳиндистонлик инвесторлар билан учрашган ва бу манзилда тиббиёт йўналишида кластер, яъни даволаниш маскани, университет ва соғломлаштириш маркази ташкил этишни муҳокама қилишган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Кўлнинг ҳозирги ҳолати / Фото: Kun.uz

Бироқ манба шаҳар аҳолисининг талабларига биноан боғ ва кўл қайта тикланиши ҳам мумкинлигини истисно қилмади.

Қуритиб юборилган кўлнинг қайта тикланиши, дарахтларнинг ўсиб соя бера бошлаши учун ҳам анча йиллар кетади. Шундай экан, керакли қарорни қабул қилиб, “Нодирабегим” боғи ва кўлни Андижон аҳолисига қайтариш ҳаракати зудлик билан бошланиши лозим.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид