Жаҳон | 20:17 / 13.09.2022
16969
6 дақиқада ўқилади

Арманистон-Озарбойжон чегараси яна нотинч. Бу сафаргиси жиддийроқми?

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон қуролли кучлари тунда чегарадаги мамлакат қуролли кучлари позициялари ва аҳоли пунктларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди.

Фото: AFP

Вазирликка кўра, Озарбойжон қўшинлари Арманистоннинг Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан туманларига зарбалар берган. Ўз навбатида, Озарбойжон томони янги қарама-қаршилик бошланишида Арманистонни айблади.

Расмий Боку чегарадаги тўқнашув Арманистон диверсив кучларининг Озарбойжон қуролли кучлари бўлинмалари ва уларнинг таъминот йўлларини миналашга уриниши сабаб бошланганини маълум қилди.

«Ушбу ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича ҳарбийларимиз томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида тўқнашув содир бўлди», — дея вазиятни изоҳлаган Озарбойжон мудофаа вазирлиги.

Ҳар икки томон қурбонлар ҳақида хабар берди. Хусусан, Арманистон етакчиси Никол Пашинян Арманистон томонидан 49 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини айтиб, бу сон яна ўсиши мумкинлигини билдирди. Озарбойжон томони ҳам йўқотишлар борлигини тасдиқлади.

Арманистон бош вазири интенсив ҳарбий ҳаракатлар якунлангани, фақат айрим йўналишларда Озарбойжон қўшинлари ҳужуми давом этаётганини билдирди.

«Озарбойжон ўз ҳаракатларининг барчасини гўёки Арманистон провокацияларига жавоб сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, аммо бу мутлақо ёлғон», — деган Пашинян.

Арманистон бош вазири чегарадаги кескинлик масаласида Россия президенти Владимир Путин, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Франция президенти Эммануэл Макрон, Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел билан телефон орқали суҳбатлашган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги қарама-қаршиликни тўхтатиш учун барча чораларни кўришни буюргани ҳақида хабар қилди. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган Франция эса ушбу масала юзасидан Хавфсизлик кенгашининг йиғилишини ўтказишни сўради.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳар икки томонни ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокаралари ўтказишга чақириб, ҳарбий йўл билан низони ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Европа иттифоқи раиси Шарл Мишел ҳар икки давлат етакчилари билан алоқада бўлиб тургани, Европа иттифоқининг Жанубий Кавказ бўйича махсус вакили Тайво Клаар можаро янада кучайишининг олдини олиш учун Боку ва Ереванга бориши ҳақида хабар берди.

Арманистон чегарадаги вазият юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилди.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги вазиятни шарҳлар экан, 12 сентябрга ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Озарбойжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Келбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли диверсантлик ишларини амалга оширгани, Арманистон қуролли кучларининг диверсив гуруҳлари Озарбойжон армияси бўлинмаларининг алоқа ва таъминот йўлларини миналаштирганини маълум қилди.

«Бу ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида тўқнашув бўлиб ўтди ҳамда можаро кенгайишининг олдини олиш ва Арманистон қўшинларининг ўт очиш нуқталарини йўқ қилиш учун керакли чоралар кўрилди», — дейилади Озарбойжон мудофаа вазирлиги ахборотида.

Расмий Боку Ереваннинг Озарбойжон Арманистонга ҳужум қилгани ҳақидаги баёнотини «бемаънилик» деб атади.

Туркия Ташқи ишлар вазири Маҳмуд Човушўғли Арманистон-Озарбойжон тўқнашуви ҳақида тўхталиб, «қардош Туркия Озарбойжонни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаслиги»ни таъкидлади.

Ҳар икки давлат билан чегарадош бўлган Грузия эса тинчлик музокараларида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Озарбойжон оммавий ахборот воситалари Арманистон ва Озарбойжон Тошкент вақти билан соат 10:00 дан бошлаб ўт очиш тўхтатишга келишгани ҳақида хабар берди.

Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги кенг миқёсли уруш 2020 йил сентябр-ноябр ойларида бўлиб ўтганди. 44 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлар сўнгида Россия иштирокида ўтказилган уч томонлама музокараларда минтақага Россиянинг тинчликпарвар кучлари киритилишига келишилган эди.

Озарбойжонлик ҳарбийлар ҳамон ҳудудларни миналардан тозалаш ишларини давом эттиради. Фото: Getty Images

Аммо бу келишувдан сўнг ҳам минтақада тинчлик таъминланмади. Озарбойжон ва Арманистон чегарасида яна бир неча тўқнашувлар содир бўлди.

Бу сафарги кескинлашув эса анча чуқурлашди, Озарбойжон нафақат Арманистон чегара кучлари жойлашган Горис ва Варденисга, балки Севан кўли бўйидаги курорт шаҳарлар ҳисобланувчи Жеремук ва Мартунига ҳам ҳужум қилди.

Пашиняннинг сўзларига кўра, тўқнашув Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан ўтказилган муваффақиятсиз музокараларга боғлиқ. Ушбу келишувларда Илҳом Алиев Арманистон таркибига кирувчи ҳудудларга даъво қилган ва Тоғли Қорабоғ бўйича музокара олиб боришни умуман хоҳламаган.

Озарбойжон чегарадаги вазият Арманистон кучларининг уларни ҳафта давомида ўққа тутгани сабаб юз берганини таъкидлади. Бироқ Арманистондаги манбалар маълум қилишича, Арманистон армияси Озарбойжон ўз ҳарбий устунлигини кўрсатган 2020 йилги урушдан сўнг қийин аҳволга тушиб қолган ва бундай ҳужумларни амалга оширишга қодир ҳолатда эмас.

Дипломатия — ҳозирда Арманистонда қолган ягона йўл. Шу боис ҳам бош вазир Пашинян дарҳол сўнгги ўн йилликда Арманистон-Озарбойжон тинчлик муносабатларида қатнашиб келган юқоридаги уч давлат (Россия, АҚШ, Франция) ҳамда КХШТ ва БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилди.

Мавзуга оид