Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд муҳим саммитга қандай тайёрланди: анжуман ўтадиган жойдан репортаж
Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити Самарқанд шаҳрида 15-16 сентябр куни ташкиллаштирилади. Ушбу нуфузли халқаро анжуман олдидан Самарқанд мутлақо янгича қиёфа кашф этмоқда. Қадимий шаҳар бугун меҳмонларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.
Кўҳна шаҳарда мисли кўрилмаган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шаҳар кўчаларига кўп йиллик манзарали дарахтлар ва гуллар ўтқазилди. Марказий кўчалар бошқатдан асфальт қилинди. Энергия тежовчи ёритиш чироқлари ўрнатилиб чиқилди.

Шаҳарнинг ҳаво дарвозаси — Самарқанд халқаро аэропорти янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Энди у барча турдаги учоқни қабул қила олади.
Тадбир ўтадиган жой «Ипак йўли Самарқанд» туристик маркази икки йил ичида қуриб, фойдаланишга топширилди. Эшкак эшиш канали соҳилидаги қарийб 260 гектар майдонда мўъжаз шаҳар қад ростлади: 2 та беш юлдузли, 2 та тўрт юлдузли ва 4 та бутик-ҳотеллар барпо этилди.

ШҲТ саммитининг асосий тадбирлари шу ерда қад ростлаган Конгресс марказда бўлиб ўтади.

Россия делегацияси жойлашадиган беш юлдузли Самарқанд Режинси Амир Темур меҳмонхонасида ишлаш учун хорижий давлатларда тажриба орттириб келган маҳаллий кадрлар ишга олинган.

Фронт офис менежер Гўзал Назарова Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар давлатларида ишлаган. У 8 йил давомида дунёнинг саноқли люкс типидаги авиакомпанияларидан бири Qatar airways’да ишлаб, тажриба тўплаган. Энди эса хорижда орттирган тажрибалари билан Ўзбекистонда ўртоқлашишга аҳд қилган.
Silk Road Minyoun ва lia! by Minyoun stars of Ulugbek ҳотелларининг кластер бош менежери Чарли Янг эса бўлажак тадбир меҳмонхоналарнинг келгусидаги муваффақиятли фаолият кўрсатиши учун катта имконият эканлигини сўзлай туриб, ўта муҳим шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича персонал тажрибаси ошишига урғу берди.
Ушбу қимматбаҳо ва шинам меҳмонхоналар фақат шу тадбир учун қурилмаган. SILK ROAD SAMARKAND туризм марказининг савдо маркетинг бўйича директори Артём Сосниннинг айтишича, меҳмонхоналарга туристлар, халқаро ташкилотлар, спорт ташкилотлари томонидан аллақачон буюртмалар берилмоқда. Ушбу мажмуада Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг ўтказилиши эса мажмуанинг келгусида фаолият кўрсатиши учун яхшигина старт бўлади, деди мутахассис.
Албатта, туристик марказнинг жавоҳири “Боқий шаҳар” этношаҳарчасидир. Бу ерда қадимий меъморий анъаналарга хос тарзда уст-ҳунармандлар устахонаси, савдо расталари, миллий таомлар марказлари барпо этилди.




Энг муҳими — 170 гектар жойда улкан дендрабоғ пайдо қилинди. У ерга экилган дарахтлар сони 25 мингдан ортиқ. Буталар, чалабуталар ва гулларнинг эса ҳисоби йўқ. Бизга мажмуанинг бош агрономи Ёрқин Ҳожиев амалга оширилган ишлар борасида сўзлаб берди.
«Ҳар бир дарахт учун махсус эътибор берилди. Тупроқнинг кимёвий таркиби, дарахтларга бериладиган ўғитлар — барча-барчаси ҳисобга олинган. Ҳудуд жуда оғир жой. Чунки сизот сувлари яқин. Қолаверса, дарахтларнинг 95 фоизи хориждан келтирилган. Уларни маҳаллий қуруқ иқлимга мослаштириш учун 2 йил давомида иссиқхонада сақладик», — дейди Ёрқин Ҳожиев.

Қайд этиш жоиз, жаҳонда учтадан биттаси бўлган Самарқанд эшкак эшиш канали ҳам қайта таъмирланди. У ўз функциясини бажаришда давом этади ҳамда келгусида республика ва халқаро спорт мусобақаларини қабул қилади. Каналда 9 та кемадан иборат Самарқанд флотилияси ташкил этилган. Шунингдек, яна 6 та енгил катер ҳам келтирилган. Эски эшкак эшиш каналининг катамаранлари ҳам таъмирдан чиқариляпти экан. Хуллас, канал спорт мусобақаларидан холи пайтларда туристлар ва маҳаллий аҳолини канал бўйлаб сайр қилдиришга ихтисослаштирилган.
Флотилия боцмани — арманистонлик денгизчи, кўп йиллар давомида елканли фрегатларда боцманлик қилган тажрибали Мамикон Акопян маҳаллий йигитларни кема бошқаришга ўргатмоқда.
Самарқанд туристик марказидаги энг томошабоп ҳудудлардан бири мусиқали фаввора бўлиб, у тунда бир неча хил чироқларда товланиб, 50 метргача синхрон равишда сув ота олади.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд муҳим халқаро тадбирга жуда яхши тайёргарлик кўрди. Ушбу тадбирдан эсдалик сифатида жаҳон талабларига жавоб берадиган меҳмонхоналар, улкан боғ, сайлгоҳлар қолди. Шаҳар кўчалари ободонлаштирилди. Ўн минглаб дарахтлар, буталар ва гуллар ўтқазилди.
Ушбу мўъжаз шаҳарча Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти тадбирларидан сўнг маҳаллий аҳоли ва хорижлик туристлар учун ҳам очилади ва ажойиб ҳордиқ чиқариш масканига айланади. Эндиги навбат, бу дурдонани кўз қорачиғидек асрашга.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчилар ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов, Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025