Ўзбекистон | 10:27 / 15.09.2022
6802
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 10 кунда 45 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини хорижга сотди

Жорий йил 1–11 сентябр кунлари давомида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотлари улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот эълон қилинди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги хабарига кўра, 1–11 сентябр кунлари умумий қиймати 35,8 млн долларлик (ўтган йил мос даврига нисбатан 10,5 млн доллар кўп) жами 45 минг тонна (4,5 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Мазкур даврда 21,3 минг тонна узум, 4,5 минг тонна қовун, 2,5 минг тонна ловия, 1,8 минг тонна хурмо, 1,5 минг тонна қуритилган мева, 1,3 минг тоннадан пиёз, анор ва нок, 1,0 минг тонна майиз ҳамда 0,9 минг тонна олхўри ташқи бозорларга етказиб берилган.

Ушбу давр мобайнида 4,1 млн доллар (ўтган йил мос даврига нисбатан 2,9 млн доллар кўп) қийматдаги жами 21,9 минг тонна (17,5 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 17,6 минг тонна банан, 2,4 минг тонна картошка, 230 тонна апелсин импорт қилинган.

Қўйлиқ бозорига 1-11 сентябр кунлари ҳудудлардан жами 11 минг тонна, хусусан, 4,6 минг тонна картошка, 4,7 минг тонна пиёз, 328 тонна карам ва 1,3 минг тонна сабзи келтирилган. 

Ҳудудлар ва маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда, Самарқанддан 2 840 тонна, Тошкент вилоятидан 295 тонна ва Намангандан 37 тонна картошка, Тошкент вилоятидан 2 608 тонна, Жиззахдан 1 840 тонна ва Самарқанддан 118 тонна пиёз, Тошкент вилоятидан 328 тонна карам, Тошкент вилоятидан 442 тонна, Сирдарёдан 180 тонна, Фарғонадан 176 тонна, Андижондан 152 тонна, Сурхондарёдан 141 тонна, Қашқадарёдан 139 тонна ва Жиззахдан 64 тонна сабзи етказиб берилган.

Қўйлиқ бозорига Қозоғистондан 1 457 тонна картошка ва 167 тонна пиёз келтирилган. 

Ҳудудлардан Чорсу деҳқон бозорига 1–11 сентябр кунлари жами 110,6 тонна, жумладан 92,4 тонна мол гўшти ва 18,2 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.

Мавзуга оид