Ўзбекистон | 21:34 / 15.09.2022
25130
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия муносабатлари кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолади.

Маросим Самарқанддаги самарали музокаралар якунида бўлиб ўтди.

Мазкур декларация Ўзбекистон ва Россиянинг кўп қиррали ҳамкорлиги ривожида янги босқич бошланганидан далолат беради. Унда ўзаро алоқаларга алоҳида эътиборга молик яқин ва жадал ҳамкорлик сифатида қаралиши қайд этилган. 

Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, атом энергетикаси, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни аниқ йўналишлар асосида ривожлантириш кўзда тутилган. 

Умуман, Ўзбекистон–Россия муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий асосини 350 дан зиёд ҳужжат ташкил қилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Россиянинг Александр Невский ордени билан тақдирлаш маросими бўлди.

Давлатимиз раҳбарини ушбу орден билан мукофотлаш тўғрисидаги фармон жорий йилнинг июл ойида қабул қилинган эди.

Президентимиз мукофотни қабул қилар экан, уни, биринчи навбатда, бутун Ўзбекистон халқининг ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасининг эътирофи деб билишини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, Александр Невский ордени билан Россия Федерацияси билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўмаклашишда хизмат кўрсатган атоқли хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари мукофотланади.

Мавзуга оид