Ўзбекистон ва Туркия президентлари Самарқандда учрашув ўтказди
16 сентябр куни ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистон раҳбарини ШҲТ саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаб, фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда етакчилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзаро муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани асносида сиёсий-дипломатик, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Томонлар жорий йил 29-30 март кунлари Тошкентда олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро мулоқотлар салмоқли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо кўрсаткичларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш 60 фоиздан ошди.
Қўшма корхоналар сони 2 мингдан ортди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ярим миллиард АҚШ долларига яқин инвестициялар ўзлаштирилди.
Туркия компаниялари Ўзбекистондаги давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишга катта қизиқиш билдирмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт, электротехника, тўқимачилик ва чарм саноати, инновациялар, юксак технологиялар, туризм ва маданият соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Истиқболли йўналиш сифатида энергетика тармоғи алоҳида қайд этилди. Кейинги йилларда томонлар қарийб 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Учрашувда бўлажак тадбирлар, шу жумладан Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг режаси кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Туркия президентларининг учрашуви ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.
Мавзуга оид
20:29
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
20:24
2025 йилда маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳаси ходимлари иш ҳақи оширилади
07:31
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
14:13 / 21.11.2024